Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бешариқ деҳқон бозори» реконструкцияси: кимга аза, кимга маз-за?

«Бешариқ деҳқон бозори» реконструкцияси: кимга аза, кимга маз-за?

Фото: «Xabar.uz»

«Бешариқ деҳқон бозори»нинг чанги осмонга чиқишни бошлади.

Сабаб: бозор реконструкцияга тушган.

Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.03.2017 йилдаги «2017—2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори!

Хўб яхши иш, хўб маъқул тадбир... Яқин-яқингача аксарият туман ҳокимлари лавозимга тайинланиши ҳамоно ишни бозордан бошлар эди: ё бозорқўмни алмаштирар, ё  бозорнинг у жой-бу жойига «тузатиш киритар», эпини қилса, бузиб бошқатдан қурар эди. Бу жараёнда кимларнинг «тахти» қулаб, кимларнинг «бахти» очилмасди дейсиз?! Озмунча бозорлар бузиб-қурилдими?  Президентнинг юқоридаги қарори бозорлар фаолиятини тартибга солиш, сотувчию харидорларга қулай шароит яратишни назарда тутади, албатта. Энг муҳими, ҳар ҳоким ўз қаричидан келиб чиқиб, бозорларни қуриб-бузавермайди.

Нима дейсизки, шундай эзгу ниятларда қабул қилинган Қарор ижросига кўр-кўрона ёндашиш, одамларга тушунтириш бермай, шошма-шошарлик қилинаётгани натижасида мулкдорларнинг бурни қонаб, уларда турли норозилик эҳтимолини юзага келтираётир.

Айни пайтда  «Бешариқ деҳқон бозори» МЧЖда аҳвол шундай.

Туман ҳокимлигидан тортиб давлат солиқ инспецияси катталари шу бозорда бир неча йиллардан бери тирикчилик қилиб келаётган мулкдорларнинг кўзини очиришмаяпти: «Сизларга 5 кун муддат, дўконни бузамиз!». Нега? «Дўконингиз жойлашган ер майдони бозорники, вассалом!».  Хўп, бош устига, юртга келган тўй... Бироқ қонун-тартиблар-чи? Тадбиркорлар тирикчилик қилаётган дўконлар ўз вақтида тегишли қарор асосида ажратиб берилган. Уларнинг ерга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган. Иншоотларга бўлган хусусий мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномаларигача бор! Баски, уларнинг кейинги фаолияти нима бўлади? Бошқа жойдан ер бериладими? Товон тўланадими? Зарарлар қачон ва қандай қопланади? Ҳамма бало шундаки, шу ва шу каби саволлар очиқ, ҳеч ким жавоб бераётгани йўқ! Айтилаётган гап битта: «Дўконлар бузилади, ҳаракатингни қил, давай!». Устига-устак, на бозорни реконструкция қилиш режаси, на тадбиркорларнинг дўконларини бузишга доир ҳоким қарорини кўрсатишади, денг. Тадбиркорлар фаолияти тўхтатиб қўйилиши натижасида кўплаб инсонлар тирикчилик манбаидан айрилиши жиддий ижтимоий қийинчиликни келтириб чиқариши тайин. Шунга қараймай, бу ҳақда бош қотириш у ёқда турсин, тадбиркорлар фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйишга сабаб бўладиган ҳар қандай ҳаракат белгиланган тартибда жавобгарликка асос бўлишидан биров чўчиса, қани?!

Азаматлар айрим дўконларни бузишга улугуришди ҳам. Қизиғики, бузилган дўконлар орасида банк кредити учун гаров сифатида қўйилганлари ҳам бўлиб, шошма-шошарлик натижасида ер билан битта қилинди. Яқин кунларда гаров таъминоти масаласида қарз олувчи ва банк ўртасидан низо келиб чиқмаслигига кафолат йўқ, ҳокимлик эса бир чеккада қолаверади: «Бизда айб йў-ўқ...».

«Бешариқ деҳқон бозори»даги «реновация» қуйидаги суратларда:

Яна бир қизиқ ҳолат: бузилиши кўзда тутилган биноларнинг шундоқ орқасида мини-маркетлар қурлиши керак бўлган жойлар бор. Бироқ ишлар «ҳали-вери қурилмайди, маблағ йўқ», деган баҳоналар билан муаллақ турибди. Дўкони бузилаётган тадбиркорларнинг шу лойиҳага билдирилган қизиқишларига асоссиз пуч баҳоналар билан рад жавоби берилди: «Сизлар бунга  маблағ киритишингиз мумкин эмас, Президент қарорига зид!». Бекорлар айтибсиз, дейдиган одам йўқ. Президентнинг юқоридаги қарори 9-бандида бозор қурилишида тадбиркорлик субъектларининг маблағлари ҳам молиялаштириш манбаларидан бири сифатида қайд этилмаганми?!

Тайёр лойиҳани «маблағ йўқ» деб ортга суришдан кимга фойда? Тадбиркорлар ўз маблағини киритиши кимга зиён? Шу жараёнда ҳам манфаатлар ўйини бўлаётгани-чи? Одамларнинг норозилиги айтинг?!

Бир неча дўконларни қасра-қусур бузишганидан кейин мутасаддилар бироз хавотирга тушишган чоғи, одамлар тўпланиб, ғала-ғовур кучаймаслиги учунми, ким билсин, бошқачароқ ҳаракатга тушишди. Энди бузиладиган дўконлар олдига машина-машина қайдадир бузилган бино чиқиндиларини тўкиб ташлашди. Уюм-уюм чиқиндиларни кўриб, дўконга биров қадам босмайдию натижада бузиш ишлари осонроқ кўчадигандай гўё...

Ажаб, Юртбоши катта-кичик раҳбарлардан одамларни рози қилишни тинмай талаб қилаётганига қарамай, Бешариқ туманида одамларни норози қилишнинг турфа шакллари ўйлаб топилаётганга ўхшайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг