Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Бир қизиқ иш бўлди. На кулишни, на йиғлашни биласан

Бир қизиқ иш бўлди. На кулишни, на йиғлашни биласан

Фото: «Rais buva»

Қарши шаҳридаги 23-мактабнинг 108 нафар ўқитувчиси «Кун.уз» ҳамда «Дарё.уз» нашрларига устимдан шикоятнома ёзибди (расми пастда). Балки бошқа жойларга ҳам ёзишгандир, маълум бўлгани шу холос. Келинг, вазиятни тушунтирай.

Ёдингиздами, Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида Қарши шаҳридаги 23-мактабда концертга мажбурлаб билет сотган директор в.в.б. лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар эълон қилинганди. Ўша хабар вазирлик сайтида чиққандан кейин, деярли барча ОАВ, ижтимоий тармоқлар, шу жумладан мен ҳам каналда ёзгандим. 

Қарши шаҳрида мажбуран билет сотилаётгани ҳақида дастлаб «Ўқитувчи» каналида, ундан сўнг «Rais buva» каналида хабар чиққан. Шу иккала каналда чиққан хабарлар асосида ХТВ вазиятни ўрганган ҳамда натижаси бўйича расмий ахборот берган.

Мен эса фақат вазирликнинг расмий ахборотини сўзма-сўз эълон қилганман холос, бошқа бирор марта концертга мажбурлаб билет сотилганлик ҳолати ҳақида ёзмаганман.

Қаршидаги 23-мактаб ўқитувчилари эса нима учундир буларнинг барчасида мени айблаб чиқишибди. Суриштирмасдан, қўлида далилга эга бўлмасдан, ахборотни холислиги, шаффофлиги бўйича журналистик суриштирув олиб бормасдан интернетга қўйиб юборган, дея айблашибди. Энг қизиғи «биз ўқитувчилар бундай сохта хабарни ғаразли ниятда тарқатган деб ўйлаймиз» дея туҳмат ҳам қилишибди.

Иккала шикоятга ҳам 108 нафар ўқитувчилар эринмасдан ўз исм-шарифларини ёзиб, имзо чекишган.

Маъзур тутасизлару, мазкур шикоят хати халқ таълими тизимининг аянчли ҳолатга келиб қолганини исботлаб турибди. Бутун бошли мактабнинг зиёли ўқитувчилари қўрқмасдан бировга туҳмат қилишяпти.

Уларнинг орасида бирортаси «ҳой, барака топгурлар, бу хабарни биринчи бўлиб вазирлигимиз расман тарқатган бўлса, Хушнудбек ҳам каналида «вазирликнинг расмий ахбороти» дея эълон қилган бўлса, ўша хабарни 50 га яқин бошқа ОАВлар ҳам кўчириб босган бўлса, агар эътирозимиз бўлса вазирликнинг устидан шикоят ёзайлик, нима учун айнан Хушнудбекни айблаяпмиз, мантиқ қани?» деб айтмаганига қойил қолдим.

Устоз – отангдай улуғ, дейишади. Буёғи Рамазон ойи, Ҳайит ҳам яқин. Гарчи 108 нафар ўқитувчилар мени ғаразгўйликда айблаб, туҳмат қилишган бўлса ҳам, улардан хафа эмасман.

Бунинг яна бир сабаби, катта эҳтимол билан бу шикоятлар ўқитувчиларнинг ташаббуси билан ёзилмаган, кимдир уюштириб, улардан мажбуран имзо йиғдирган бўлса керак, деган тахминим бор. Чунки нақ 108 нафар ўқитувчида оддий мантиқ ишламаганига ишониш қийин. Бунчалик даражада бўлишмаса керак деган яхши гумондаман.

Бу воқеалардан аламзада бўлган кимдир, расмий ахборот тарқатган вазирликка қарши боришга қўрқиб, ҳамма айбни менга ағдармоқчи бўлган шекилли. Майли, Аллоҳ унга ҳам инсоф берсин.

Аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Қачонгача ўқитувчиларимиз ўз мустақил фикрига эга бўлишмайди ёки уни айтишдан қўрқишади?

Қачонгача зулм кўрса ҳам, мажбурий меҳнатга чиқса ҳам, фарзандлари учун ҳалол ишлаб топган ризқини турли «йиғди-йиғдилар» сабаб тортиб олишса ҳам, қачонгача миқ этмасдан, тобе бўлиб ўтиб кетишади?

Қачонгача ноинсоф раҳбарларнинг «орқасини ёпиб», ўқитувчиларга ёрдам бериш учун келган текширувчиларга «ўз хоҳишимиз билан» деб сохта гапларни айтишади?

Қачонгача вазиятни хаспўшлаш мақсадида золим раҳбарларнинг битта дўқ-пўписаси ортидан, 100 лаб ўқитувчилар бир бўлиб, бировларнинг устидан жамоавий туҳмат ёзишади?

Қачонгача? Қачонгача?

Ҳурматли ўқитувчилар, бўлди, етар энди. Шунча қийналганингиз, шунча эзилиб, азоб тортганингиз. Ўзгалар қўлида қўғирчоқ бўлганингиз.

Ҳаққингизни баралла талаб қилиш, ёлғонга қарши курашиш, кўзбўямачиликларни парчалаш вақти келмадими?

Сизлар жамиятнинг энг олди зиёли қатламисиз. Сизлар келажагимизнинг бунёдкорисиз. Жамиятнинг энг қуйи қатламидан бири бўлиш жонингизга тегмадими?

Тикланинг, оёққа туринг, Сизларнинг жойингиз анча тепада ахир. Ўзгаришларни энг биринчи ўзингиз хоҳлашингиз керак. Ким қаёққа етакласа индамасдан кетаверманг!

Эҳ, гапирса гап кўп, умр оз. Майли-да. Яхши-ёмон гаплар учун узр, лекин. Чидаб туролмадим шунчаки...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг