Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бизни қашшоқликка етакловчи одатлар

Бизни қашшоқликка етакловчи одатлар

Агар қашшоқ одамдан «Нега яхши яшашни уддалай олмаяпсан?», деб сўрасангиз, саволингизга жавобларни қаторлатиб ташлайди. Ҳар бир қашшоқнинг ўзини оқлаш учун баҳонаси бор. Кимдир «Тақдирим  шу экан. Омадим келмаяпти!», дейди. Яна биров буни жамиятнинг гарданига ташлаб қўя қолади. Учинчиси, бой бўлиш истаги йўқлигини айтади. Кимдир айбни ота-онасига юклайди, яхши таълим-тарбия олмаганини айтади. Кўпчилик мактабда берилаётган нолийди.

Бугунги замон одамлари ўзлари машаққат билан топган пулни ўзларига кераксиз, бироқ ўзлари ёмон кўрадиган одамларни қойил қолдирадиган нарсаларга сарфлашни яхши кўрадилар. Бу – бизнинг пулга, ўз меҳнатимизга нисбатан ҳурматсизлигимиз. Қуйидаги одатлар бизни камбағаллик сари етаклаши мумкин.

Манманлик

Такаббурлик ва ўзини кўз-кўз қилиш, ҳурмат қозониш учун бойлиги ёки имкониятлари билан мақтаниш хислатлари ўз эгасини охир-оқибат ғариблик домига тортади ва хароб қилади. Ҳаётимиз қулайлашиб, маҳсулот ва хизмат турлари кўпайгани сайин одамларда молпарастлик, дунёпарастлик иллатлари кучаймоқда. Бу эса исрофга олиб келади. Исроф эса меҳнатимизни йўққа чиқаради.   

Ўзига ачиниш ҳисси

Камбағаллик – ишончсизликнинг натижаси. Камбағал инсондаги ўзига ачиниш ҳисси улардаги ишончнинг йўлини тўсиб туради. Камбағаллигимиз учун сон-саноқсиз баҳоналар топишимиз мумкин: қишлоқда туғилганимиз ёки аёл бўлиб туғилганимиз, отамиздан етарли мерос қолмагани, ортиқча вазнга эгалигимиз, бўйимиз пастлиги, рангимиз ва ҳоказо. Бироқ, буларнинг ҳеч бири олға бормаслигимиз учун асосли сабаб эмас.

Хасислик

Хасислик пулдан тўғри фойдалана олмаслик дегани. Ҳадеб пул тежашга интилиш ҳаётимиздаги пулдан фойдалироқ нарсаларни бой беришимизга сабаб бўлади. “Миллионер” деган ном миллионни сарфлашдан чўчимаган одамга берилади. Шунингдек, кирим ва чиқим ўртасидаги меъёрни ҳам унутмаслик лозим. Бой бўлишни мақсад қилган бўлсангиз, бахтиёрлигингизга хизмат қиладиган воситаларнинг ҳақиқий нархи учун пул тўлашга тайёр туринг.

Ўзи ёқтирмаган иш билан шуғулланиш

Ишингизни ёқтирмасангиз ҳозироқ ундан воз кечинг. Сиз қоққан эшиклар очилмаса,  ўзингиз омад эшигига айланинг. Келажак сиз бугун машғул бўлган ишга дахлдор. Ҳар кимда бошқада йўқ бир жиҳат бўлади. Сиз ўзингиздаги ана шу иқтидорни аниқланг. Бу – сиз учун омад эшиги бўлади.

Имкониятлар содир бўлмайди, уларни айнан сиз яратасиз!    

Бахтни пул билан ўлчаш

Биз оилали бўлгунимизга қадар бахтни пул билан ўлчаймиз. Оила бағрида эса пул ва бойлик аҳамиятини йўқотади. Фарзандимиз соғлиғи, оилавий хотиржамлик, бошқаларга кўмаклашиш бойликнинг моҳиятига айланади. Улғайганда ҳам бахтиёрликни пул билан ўлчаш – камбағаллик белгиси.   

Исрофгарчилик

Исрофгарчиликнинг жазоси – йўқчиликдир.

Тезда бойиб кетиш истаги

Чинакамига бой бўлиш – эркин бўлишни англатади. Тезда бойиб кетиш эса нафсига қул бўлганлик белгиси. Бой ва камбағални фарқлаб турувчи ягона омил – вақтдан тўғри фойдаланиш кўникмаси. Вақтни қадрланг! 

«Қанча кўп ўқисанг, шунча кўп пул топасан», деган қимматли фикрни ёдда тутинг.  

Ҳаётдан нолиш

Нолийверадиган одам ошиқ-мошиқлари занглаган эшикка ўхшайди: ҳаракати оғир ва овози ёқимсиз. Эшикка мой қуйиб уни осон очиладиган қилиш мумкин. Одамни эса илҳомлантириб, олға бошлаш, ҳаракатга келтирса бўлади. 

Ўзини бошқалар билан таққослаш

Ижтимоий тармоқда мақтанчоқликни ўзига касб қилиб олган «дўст»ларнинг турмуш тарзи билан ўз ҳаётингизни солиштирманг. Унутманг, улар аслида ич-ичларидан бахтга зор ва буни яшириш учун ҳам бор-будларини тинимсиз кўз-кўз қиладилар. «Бировнинг оёқ кийимини киймагунингча, унинг дардини тушунмайсан», деган гап бор.     

Сўнгги тадқиқотларга кўра, одамлар ўзларини бошқалар билан кўп таққослайдиган бўлиб қолганлар. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирадиган одам – ҳаммадан кўра бахтсиз одам.

Ўз оиласидан узоқлашиш

Оила – бахт ва муваффақият маркази. Сиз бу доирадан узоқлашиб кетманг. Сиз бойиб кетиш учун зарур кучли қувватни оила аъзоларингиздан олишингиз мумкин. Бошқа ҳеч ким сизга бу қудратни бера олмайди.

Шуҳрат Сатторовнинг
«Биз ғалаба қозонамиз»
китобидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг