Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бизнинг асосий хатоимиз – пулнинг қадрига етмаслигимиз!» – Президент

«Бизнинг асосий хатоимиз – пулнинг қадрига етмаслигимиз!» – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги «Юксалиш» кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

117 гектар майдонни эгаллаган мазкур саноат мажмуасида қурилиш материаллари, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, электротехника, тўқимачилик ва тикувчилик каби йўналишларда умумий қиймати 1 триллион 208 миллиард сўмлик 95 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунга қадар 66,9 миллиард сўмлик 32 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 311,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватига эришилди. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга тушса, 7 минг 300 та иш ўрни яратилиб, йилига 7,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.

Ҳозирги кунда кичик саноат зонасида шифер, пўлатдан чоксиз труба, металл маҳсулотларини қайта ишлаш, сув насослари ва электр двигателлар, момиқ сочиқ, йирик сув сиғимлари ҳамда пластик қувурлар ва қисмлар, пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига «Юксалиш» кичик саноат зонасида «Flat Tile» масъулияти чекланган жамиятнинг кафел-керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилди. Қиймати 125 миллиард сўмга тенг лойиҳага ташаббускорлар жамғармасидан 73 миллиард сўм ва 52 миллиард сўм банк кредити сарфланади.

Йилига 35 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратиладиган лойиҳа босқичма-босқич 2021 йилнинг II чорагида ишга туширилади ва 410 та иш ўрни яратилади, шунингдек, йилига 15,3 миллион долларга тенг экспорт қилиш кўзда тутилган.

– Ўзбекистонимиздек фойдали қазилмага бой замин камдан кам, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Ўзимизда шундай юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ғоят кенг имкониятлар, табиий ресурслар бўла туриб, уларни импорт қилардик. Нега? Чунки замонавий геологик тадқиқотлар, экспедициялар қилмасдик, илм-фан орқали масалаларга ёндашмасдик. Энди хомашёдан тўғри, унумли фойдаланиш, ундан бугунги кун талабларига жавоб берадиган товарлар ишлаб чиқариш учун илмий асосланган ечимлар топиш вақти келди!

Президент кичик саноат зонаси ҳудудидаги эркаклар костюми, куртка ва пальто ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Zamin kiyim sanoat» корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Қиймати 24 миллиард сўмга тенг лойиҳага кўра йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300  минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилади. 300 киши иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган қатор корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Наманган вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти, шунингдек, ҳудудда 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, камбағалликни қисқартириш борасида амалга ошириладиган ишлар, ўзини ўзи банд қилиш юзасидан батафсил тақдимотлар ўтказилди.

– Бу кечаги Наманган эмас. Жуда қисқа фурсат ичида 55 минг иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқиш – ушбу ҳудуд тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар олиб келиши аниқ, – деди давлатимиз раҳбари.

 

 

Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга муҳокама қилинган ҳар бир мавзу бўйича чуқур таҳлил асосида кўрсатма ва тавсиялар берди.

– Бизнинг асосий хатоимиз – пулнинг қадрига етмаслигимиз! Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфраструктурани ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш учун ажратилаётган маблағларнинг ҳар бир сўмини жойини билиб ишлатишимиз керак! Маҳсулот ишлаб чиқаришда таннархни камайтириш, жумладан, транспортировка харажатларини тушириш учун тинмай изланишимиз лозим. Ҳар бир масалада илмий, инновацион ёндашувлар қўллашимиз зарур, деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

 Кичик саноат зонаси ҳудудидаги 100 дан ортиқ корхоналар фаолияти кўздан кечирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг