Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Bloomberg» нашрида Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасига бағишланган мақола чоп этилди

«Bloomberg» нашрида Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасига бағишланган мақола чоп этилди

Скриншот: «Bloomberg»

«Bloomberg» нашрида Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасидаги ислоҳотларига бағишланган «Ўзбекистонда давлат газ ишлаб чиқарувчиси бўлинади» номли мақола чоп этилди. Материал компания раиси Баҳодиржон Сидиқов билан бўлган суҳбат асосида тайёрланган.

«Bloomberg» журналисти нефть ва газ соҳасидаги бундай йирик ислоҳотлар жараёнини Ўзбекистонда бир неча ўн йиллар давом этган ўзини-ўзи ихоталаш жараёни якунланганига боғлайди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат эканлиги, собиқ Иттифоқ республикалари орасида табиий газ ишлаб чиқарувчи учта йирик давлатдан бири эканини таъкидланган.

«Ҳукумат қўшимча хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди, чунки 2025 йилга қадар газ қазиб олиш ҳажмини 17 фоизга ошириш мақсад қилиб қўйилган», дейилади мақолада.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ жорий йил охиригача учта алоҳида компанияга бўлинади. Улардан бири газ ва нефть ишлаб чиқаради, нефтни қайта ишлаш заводларини бошқаради, иккинчиси нефть қувурларини бошқаради, учинчиси эса газни тақсимлашни назорат қилади», -деб хабар берган «Bloomberg» компания бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқовнинг сўзларига таяниб.

Мақола муаллифи Зулфугар Агаев нинг таъкидлашича, «Ўзбекнефтгаз» МХКни қайта ташкил этишдан мақсад нефть-газ соҳаси самарадорлигини, унинг шаффофлигини ошириш ва хорижий капитални жалб қилишдир.

Нашр шунингдек, Ўзбекистонда хорижий валютани либераллаштириш ва иқтисодий маълумотларнинг ошкоралигини таъминлаш каби иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим қадамлари амалга оширилганини қайд этган. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қарорлари Халқаро валюта жамғармаси томонидан юксак баҳоланди.

Мақолада Баҳодиржон Сидиқовнинг газ тақсимлаш тизимида давлат-хусусий ҳамкорлигини жорий этиш режаси ҳақидаги сўзлари келтирилиб, келгуси олти йил мобайнида ушбу лойиҳалар учун 30 миллиарддан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилгани баён этилган.

Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ 2019 йилнинг биринчи тўрт ойи давомида 1,2 млрд. АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни (ТХИ) жалб этган, бу эса дастлаб режалаштирилган 550 млн. АҚШ долларидан икки баравар кўп, деганидир.

Нашр компания бошқаруви раисининг сўзларидан иқтибос келтириб, «Нефть ва газ соҳасининг янада очиқ бўлишини, хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Credit Suisse Group AG» ва бошқа компаниялар билан тахминан келгуси йилда 1 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги евробондларни сотишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳам тасдиқлайди», деб ёзади. Таъкидланишича, шу йилнинг февраль ойида 1 миллиард долларлик евробондлар аллақачон сотилган.

«Бу йил «Ўзбекнефтгаз» АЖ 43 миллиард кубометр газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Умуман олганда, мамлакат газ қазиб олишни 2018 йилдаги 60 миллиарддан 63,6 миллиард куб метргача, 2025 йилга бориб эса 70 миллиард куб метрга етказишни мўлжалламоқда», дейилади мақолада. «Лукойл» ЁАЖ, «Газпром» АЖ, Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси каби соҳанинг дунёда етакчи бўлган компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳукумат топшириғига кўра, «ВР PLc» ва «Total SA» компаниялари билан музокаралар олиб бориляпти.

Нашрнинг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатда газга бўлган ички эҳтиёж 40 миллиард кубометрни ташкил этади. Ўзбекистон газни Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилади. Ўтган йили Хитойга учта қувур орқали газ етказиб бериш ҳажми 9 миллиард кубометрга етди ва тўртинчи линияни ишга тушириш орқали бу ҳажмни ошириш режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг