Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода дон омборини талон-тарож қилган мудирнинг жинояти фош этилди

Бухорода дон омборини талон-тарож қилган мудирнинг жинояти фош этилди

«Бухородонмаҳсулотлари» АЖга қарашли Вобкент тумани дон қабул қилиш маскани омборидан 27 минг 560 кг буғдойни талон-тарож қилган мудирнинг жинояти фош этилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 27 июль куни ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан пандемия шароитида ажратилган фонд бўйича ун ҳамда нон маҳсулотларининг нарх-навосини назорат қилиш юзасидан ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан «Бухородонмаҳсулотлари» АЖга қарашли Вобкент тумани дон қабул қилиш маскани омборида рейд ўтказилган.

Рейд давомида дон қабул қилиш маскани омборидан кўп миқдордаги мулк ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилингани аниқланган.

Ўрганишга кўра, Вобкент тумани дон қабул қилиш маскани омбор мудири Ж.Ҳ. моддий жавобгар шахс бўла туриб, омборда сақланиб келинаётган буғдойни ноқонуний йўллар билан сотиб, моддий наф кўриш мақсадини кўзлаган. Ўз таниши бўлган Ж.М. билан олдиндан тил бириктириб, унга омбордаги доннинг ҳар бир килограммини 2 минг 800 сўмдан сотишга келишган. Шу йўл орқали Ж.Ҳ. жами 27 минг 560 кг буғдойни 78 миллион 400 минг сўмга сотиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Жинояти фош этилган омбор мудири тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.М.дан 27 минг 560 кг донни ўзи сотиши эвазига олган жами 78 миллион 400 минг сўм миқдоридаги пулларни ихтиёрий равишда қайтарган.

Ҳолат юзасидан фуқаро Ж.Ҳ. ва бошқаларнинг ҳаракатларида мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва кўп миқдордаги мулкни талон-торож қилиш жинояти аломатлари мавжудлигини инобатга олган ҳолда Бухоро вилоят прокуратурасига уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 2-қисми, «a» банди билан жиноят иши қўзғатиш юзасидан ҳужжатлар тақдим этилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.

Маълумот ўрнида: Олдинроқ «Когондонмаҳсулотлари» АЖда ҳам 77 минг 900 кг дон камомади аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг