Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви

Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви

Фото: Xabar.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига келиб тушган мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган давлат харидлари ва Агентлик ташаббуси билан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, бир қатор давлат идоралари томонидан ўтказилган давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, тегишли вазирлик ҳамда ташкилотларга давлат харидларини бекор қилиш ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилган.

Жумладан, Халқ таълими вазирлиги қошидаги Инновация, технология ва стратегия маркази Давлат унитар корхонаси буюртмачилигида қиймати 3,7 млрд. сўмлик «компьютер тизимига махсус ускуналар» олиш учун берилган эълон юзасидан ўтказилган тендер жараёнида аффилланганлик ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланиб, мазкур тендерни бекор қилиш юзасидан Халқ таълими вазирлигига тақдимнома киритилди.

Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларининг бузилиши ҳолати Қ.С.Зоиров номидаги Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш музейининг маъмурий биносини (765 млн. сўмлик) жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган давлат харидлари жараёнида ҳам йўл қўйилганлиги аниқланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур харидларни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан Соғлиқни сақлаш тизимидаги бюджет буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталида жойлаштирилган аутсорсинг хизматларини ташкил этишга оид эълонларнинг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқлиги масофавий мониторинг тартибида ва ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Ўрганишда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотлар ҳамда «dxarid.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган маълумотлар таҳлил қилинганида, соғлиқни сақлаш тизимида аутсорсинг хизматларини ташкил этишда бюджет буюртмачилари (тиббиёт муассасалари) томонидан  манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи коррупциявий омилларнинг келиб чиқишига шарт-шароит яратилаётганлиги  аниқланиб, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига бу каби қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан тақдимномалар киритилди.

Шу билан бирга, Агентлик томонидан Қашқадарё вилоятида соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан тиббий ускуналар харид қилинишининг қонунийлиги ўрганилганида, 2020 йил ва 2021 йилнинг 1-ярим йили давомида 10 та тиббиёт муассасалари томонидан 75 дона жами 7 млрд. 817,6 млн.сўмлик тиббий ускуналар Қарши шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятдан шартнома асосида 2 млрд. 613 млн. 334 минг 899 сўмга жуда қиммат нархларда бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан 2021 йил 16 декабрь куни  таъминотчи жамият ва Қашқадарёдаги 9 та тиббиёт муассасалари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, хозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Агентлик томонидан «Обод қишлоқ» дастури доирасида Шаҳрисабз туманидаги  «Мевазор» ва «Ўртақўрғон» маҳаллаларида пиёдалар йўлаги қуриш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш бўйича пудратчи жамият томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилганида, 67,0 млн. сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишлар бажарилган деб қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилояти бошқармасига юборилди. Бошқарма томонидан 2021 йил 9 декабрь куни Шаҳрисабз тумани ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари ва пудратчи жамиятга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, хозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг