Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Достонбек Азимов: «Японларнинг бир эмас, уч алифбоси бор!»

Достонбек Азимов: «Японларнинг бир эмас, уч алифбоси бор!»

Фото: «Xabar.uz»

Япония иқтисодий жиҳатдан Осиёнинг етакчи мамлакатларидан бири. Бугунги кунда ушбу кунчиқар минтақанинг бой тарихи, ўзига хос маданиятига қизиқувчилар кўплаб топилади.

Бу гал шундай қизиқувчи ўқувчиларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси орқали Японияда ўқиётган ҳамюртимиз Достонбек Азимов билан суҳбат уюштирдик. Қаҳрамонимиз 1994 йили Жиззах шаҳрида туғилган. Ҳозирда Токиодаги «Shinjuku international language school» мактабида таҳсил  олмоқда.

— Достонбек, бугунги кунда кўпчилик ёшларимиз АҚШ ва Европанинг ривожланган мамлакатларида таҳсил олишга интилишади. Сизнинг айнан кунчиқар давлатда таҳсил олиш қарорингизга нима сабаб бўлган?

Хорижда таълим олишни 15 ёшимдан орзу қилганман. Албатта, ўша пайтдаёқ айнан Японияда таҳсил олиш режаси бўлмаган. 2013 йил коллежни тамомлаб, айрим сабаблар билан олий таълим босқичини давом эттира олмадим. Шундай бўлса-да, мустақил ўқиш ва ўрганишдан тўхтаганим йўқ. Бўш вақтларимда хорижий тилларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Бир неча йил аввал Жиззах шаҳридаги «Study Tokyo» марказида япон тилини ўрганиб, Японияда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритдим. Ҳозирда Токиодаги «Shinjuku international language school» мактабида ўқияпман. Японияга келишимга болаликдан тарихга бўлган кучли қизиқишим ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Боиси, тарих китобларида япон халқининг меҳнаткашлиги, ўзига хос маданияти ҳақида кўп ўқиганман.

Фото: «Xabar.uz»

— Сизнингча, Япониянинг жадал иқтисодий ривожланиш омилларини нималарда кўриш мумкин?

Ушбу саволингизга тарихий маълумотлар мисолида жавоб берсам. Япон халқи азалдан маърифатни, илмни қадрлайдиган халқ. Уларнинг яқин тарихига назар солинса, 19 асрда рўй берган «Мейдзи инқилоби» туфайли модернизация даври, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қайта тикланиш ҳаракатлари муваффақиятли кечганлигига гувоҳ бўламиз. Бу тарихда «япон мўъжизаси» номини олган. Бундай ривожланишга уларнинг таълимга алоҳида эътибор қаратганликлари, ёшларни «японча миллий руҳ»да тарбиялашга урғу берганликлари туфайли эришди, деб биламан. Қолаверса, мамлакат халқининг биринчи навбатда аҳил бўлиб истиқомат қилиши, синовлар олдидаги матонати, юксак ватанпарварлиги иқтисодий тараққиётини таъминлаган.

Фото: «Xabar.uz»

—Таълим жараёнларида уларнинг қандай ўзига хос томонлари бор?

Японияда таълим бизникидан бир мунча фарқли жиҳатлари бор. Мисол учун, мактабгача таълимнинг ўзи икки босқичга бўлинган. Биринчи босқичда чақалоқларни 6 ойлигидан қабул қилишади. Бу ҳолатда ота-оналар иш ёки ўқиш фаолиятини бемалол давом эттираверишади.

Бошланғич таълим уларда 6 йил, ўрта мактаб 3 йилни ташкил этади. Ўқув йили апрель ойида бошланиб, кейинги йилнинг март ойида якунланади. Япон ўқитувчилари ўқувчиларга шунчаки дарс ўтиб бермайди. Балки ўқувчининг дарсни тўлиқ ўзлаштириши улар учун бирламчи вазифага айланган. Айнан мана шу жиҳат менда катта таассурот қолдирган.

Яна бир ҳавас қиларли жиҳатларидан бири ўқувчиларнинг мактабга қабул қилинганликларидан кейин кўчат эктирилиб, уларга то ўқиш ниҳоясига еткунигача парваришлаш вазифаси юкланади. Бу иш таътил пайтида ҳам давом этади. Қолаверса, уларнинг деярли барча таълим муассасаларида бассейнлар мавжуд бўлиб, ҳар бир ёшга яхши сузиш талаби қўйилган экан.

Мактабнинг барча қисмларини тозалаш ишлари ҳам ўқувчилар томонидан бажарилади. Бу орқали болани кичиклигидан покизаликка ва буюмларни асраш ҳиссини шакллантириш мақсад қилинган.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатдa ўрта мактабдан кейин таълим мажбурий ҳисобланмаса-да, 98 фоиз ёшлар коллежларда ўқишни давом эттиради.

— Япон тили ва алифбоси ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

Япон алифбосининг 3 тури мавжуд. 1 синфда болаларга содда ҳисобланган Хирогана тури ўргатилади. Маълум савод чиқарилганидан кейин миллий ва қадимий тури бўлган Канжига ўтилади. Канжи алифбоси тахминан 20 мингдан зиёд. Бу жиҳатдан Хитой иероглифларига ўхшайди. Лекин талаффузда фарқланишлар бор. Маълумот учун, бадиий адабиёт, газета мутолаасига 5 мингга яқин Канжини ўқий олиш лозим.

Шунингдек, асосан чет тилидан кириб келган сўзлар ва турли халқаро корхоналар номларини ёзишда Катакана алифбосидан фойдаланилади. Эътиборли жиҳати, Хирогана қолган икки алифбонинг ўрнини боса олса-дa, Канжидан воз кечилмаган. Бирор ўқувчининг билимини, айнан Канжини билиш даражаси орқали белгилашади. Канжини ўрганиш таълимнинг энг сўнги босқичида ҳам, ҳаттоки ундан кейин ҳам давом этаверади.

Фото: «Xabar.uz»

— Японияликлар Ўзбекистон ҳақида қандай тасаввурга эга?

Японияда маданиятимиз, урф-одат ва турмуш-тарзимизга қизиқиш юқори. Ўзбекистон тўғрисида қандайдир янгилик ёки муҳим маълумот айтсангиз гапингизни диққат билан тинглашади. Миллий либосларимизга ҳам кўп марта ҳавас билан қарашганини кўрганман. Бу менда фахр туйғусини уйғотган.

Умуман, Японияда инсон қадр-қиммати баланд. Ҳар бир ишга жиддий киришадиган халқ. Муомала маданияти ва меҳрибонлик ҳислатларини ўзимизнинг халқимизга қиёслайман.

— Келгусидаги режаларингиз қандай?

Японияда IT соҳаси яхши тараққий этган. Шунинг учун ҳам бу ерга келдим. Ушбу йўналишнинг малакали мутахассиси бўлиб, Ўзбекистонда IT соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш асосий режаларимдан бири. Қолаверса, ота-онамга муносиб фарзанд бўлиш, уларнинг ва устозларимнинг ишончини оқлаш ҳам энг улкан мақсадларимдан. Насиб қилса, Японияда тажрибали мутахассис бўлиб, албатта, мамлакатимизга қайтаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг