Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дунё – фоний, прописка – боқийдир...»

«Дунё – фоний, прописка – боқийдир...»

Фото: «Xabar.uz»

  • Прописка ўзи нима?
  • Прописка қачон пайдо бўлган?
  • Нима учун керак?!
  • Прописка бекор қилинса, нима бўлади?

Охирги пайтлар «прописка» мавзуси тез-тез тилга олинмоқда. У бизга қаердан келган? Прописка — биз асоратидан қутулишга интилаётган мустамлакачи ва тоталитар совет тузумининг асорати. Мустақилликка эришган бир озод мамлакат нега собиқ тузумнинг бутун дунёда бўлмаган, постсовет давлатлар ҳам аллақачон йўқ қилган бу жирканч асоратидан ҳамон қутула олмаяпти?

«Умрбоқий ва ўлмас тизим...»

Яқин икки асрлик тарихимизда тузумлар ўзгарди – аввал чоризм (мутлоқ монархия) зулми остида бўлдик, кейин – ҳарбий коммунизм, сўнг – социализм ва, ниҳоят, мустақиллик даври келди. Оқ пошшолар, доҳийлар, марказқўм бош котиблари ва президентлар ўрни алмашаверди, аммо ўрис чоризмидан келаётган «прописка» тизими қолмоқда.

Прописканинг номи турли даврларда турлича аталса-да, унинг моҳияти ўзгармади – ҳукмдор унга итоат қиладиган халқ қай ерда эканини билиши керак. Истаса, Конституцияда эркин кўчиб юриш назарда тутилган бўлса-да, халқнинг кўчиш эркини чегаралаши лозим. Инсонга мулк сифатида қарайди бундай тизим – кўчиб юрувчи инсонни «кўчмас мулк»ка айлантиради, бир ерга дарахт каби «экиб» қўяди.

Бюрократизмнинг абадий «қадрияти» бўлган прописка турли кўринишларга эврилиб яшаб келади.

Россия тахтига XVII асрда Романовлар сулоласи келгач, халқнинг бир ердан иккинчи ерга бориш ҳуқуқини тобора қатъий чегаралаш бошланганди, 1649 йилги Собор Тузуклари батракларнинг кўчиш эркини умуман йўқ қилди. Халқ бойларнинг мулкига айланди.

1721 йили Петр I доимий яшаш ерини тарк этган батраклар учун мажбурий паспортлар жорий этди ва шу тариқа паспорт тизими юзага келди.

СССРда бор эди бу прописка – ўз яшаш жойингни ўзгартиришга рухсат берадиган бир изн эди у. Владимир Ленин октябр тўнтаришидан олдин Россия империясида мавжуд бўлган прописка институтига қарши эди. 1903 йили ёзган «Қашшоқ қишлоқликларга» аталган мақоласида: «Биз, социал-демократлар халқ учун кўчиб ўтиш ва ҳунар билан машғул бўлишнинг тўла эркинлигини талаб қиламиз... Россияда паспорт пропискаси йўқолсин ва ҳеч бир амалдор, ҳеч бир жайдари бошлиқ ҳеч бир инсонга истаган ерида яшаш ва ишлашга тўсқинлик қила олмасин».

Аммо мамлакатни эгаллаган заҳоти коммунистлар «меҳнат қочоқлари»га қарши курашиш мақсадида 1919 йили Москва ва Питерда меҳнат дафтарларини – амалда пропискали паспортларни жорий этдилар.

1922 йилда шўро ҳукумати бутун мамлакат ҳудудида эркин кўчиб юриш ҳуқуқи даъвосини қилди, аммо бу «эркинлик» ўн йилга ҳам етмади. 1932 йилда паспорт тизими тикланди ва 1935 йилда рухсат берувчи прописка тизими тугал жорий этилди. Индустриаллаштириш даврида деҳқонларнинг саноат марказларига кўчишига имкон берган тизим турли «аксилинқилобий унсурлар»га прописка бермади ва улар катта шаҳарлардан чиқиб кетишга мажбур қилинди.

Шу тариқа йилдан-йилга кучайган прописка тизими совет давлатининг охиригача яшаб келди. 1991 йилда СССР Конституциявий назорат Қўмитаси пропискани конституцияга зид деб топди ва 1992 йил 1 январдан бекор қилинишини эълон этди. Аммо бу санагача совет давлатининг ўзи қулади.

Конституция, инсон ҳуқуқлари ва прописка

Прописка тизими – золим ўтмишнинг шармандали сарқити, зеро у ўз олдига қўйган бирор вазифани адо этмайди ва эта олмайди:

Биринчидан, у оммавий тарзда бузилади, чунки турли қарорлар ва фармойишлар билан «рухсат этилганлар» ва «истиснолар»нинг улкан тизими орқали коррупцияга йўл очади, «йўлини топганлар» учун прописка муаммо эмас. Тизимни ҳалол ё ҳаром ишлашини назорат қилиш имконсиздир. Қолаверса, халқимиз қонуннинг «тирқиш»ини топади. Эр-хотинининг ёнига, хотин эрининг уйига прописка қилиниши кераклигини билган ҳолда, шаҳарлик қизга ёки жувонга «уйланган» қишлоқлик учар ЗАГСдан ўтади ва уникида «прописка» қилинади ва олти ой ёки бир йилдан сўнг ажралади. Хотин кетади, прописка қолади. Бу каби «тирқиш»ларни биламиз. Чунки қонунни 150та депутат ўйлаб топса, уни қандай четлаб ўтиш устида 33 миллион халқ бош қотиради.

Иккинчидан, қайддан ўтказиш, прописка қилиш ва қайддан чиқариш тизимида бюрократларнинг улкан тизими ишлайди ва ундан кун кўради, агар тизим бекор қилинса, улар кун кўриш манбаини йўқотади ҳамда коррупцияни тўхтатадиган ва бюджетнинг салмоқли қисмини иқтисод қиладиган бу ислоҳотга тиш-тирноғи билан қарши бўлади.

Учинчидан, одамларни прописка қиладиган бу тизим энди қўй ва сигирларга ҳам паспорт беришни ўйлаб топди.

Тўртинчидан, прописка тизими халқаро ҳуқуққа (Ўзбекистон ратификация қилган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 12-моддаси) ва Ўзбекистон Републикаси Конституциясининг 28-моддасига зиддир.

Бешинчидан, ҳатто собиқ СССРдан ажралиб чиққан мустақил давлатларнинг бирортасида қолмаган бундай сарқит  тизимнинг мавжудлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборига салбий таъсир ўтказади. Халқаро Хьюман Райтс Вотч ҳисоботида айтилишича, «Ўзбекистон совет замонидан қолган пропискани мерос қилиб олган ва ўз пойтахтини халқи учун ёпиқ шаҳар»га айлантирган... Аввал прописка шунчаки бир таъқиқ ва тўсиқ бўлса, бугун у ўзига хос бизнесга эврилгандир». Мана – халқаро ташкилотнинг баҳоси! Қолаверса, фақат қиммат хонадонларни сотиб олганларга прописка бериш ўлароқ, халқни тоифага ажратади.

Олтинчидан, прописка ва рўйхатга олиш тизимининг мавжудлиги эркин иқтисодиётга, жумладан, мамлакатда сайёҳлик тизими ривожланишига раҳна солади.

Давлат инсон учунми ёки инсон давлат учун?

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2012 йил 1 майдаги 71-сон буйруғи билан такомиллаштирилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома асосида бугун мавжуд бўлган прописка «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги халқни табақалаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига асосланиши айтилади.

Мамлакатда Конституцияга эмас, вазирлик тасдиқлаган «Йўриқнома»га риоя қилинади. Бу меъёрий ҳужжатга кўра: «Доимий прописка қилиш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, шунингдек, аҳоли миграциясини ҳисобга олиш мақсади»да жорий этилган.

«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш», яъни жиноятчиларга қарши курашиш учун прописка қилиш тизимини сақлаб туриш кулгули ва аянчлидир. Қайси каллакесар, ўғри ё қотил аввал прописка қилиб, кейин жиноят қилади?! Жиноятчи бир қонунбузарлик қилиш олдидан: «И-я, пропискам йўқ-ку?! Жиноят қилмай қўя қолай...» – дейдими?! Жиноятнинг миллати ҳам, макони ҳам бўлмайди. Жиноят қасд қилганда, Тошкент пропискаси борлар ҳам, йўқлар ҳам жиноят қилаверади. Бу баҳона тагида бошқа ҳудудлардаги инсонларни, мамлакат фуқароларини олдиндан жиноятчи тарзида кўриш, яъни ирқчилик яшириндир. Коррупциялашган тизимда айнан жиноятчиларда пул етарли бўлади ва улар ҳаммадан олдин прописка оладилар.

«Аҳоли миграциясини ҳисобга олиш» мақсад сифатида аҳолининг муайян тоифаларини қайддан ўтказиш учун асос бўлиши мумкин эмас, чунки миграцион статистика учун рухсат бериш тизими эмас, хабардор қилиш тизими етарлидир, яъни муайян ҳудудга келиб, яшай ва ишлай бошлаган инсон маҳаллани ёки тураржой идорасини хабардор қилиши кифоядир, унга рухсат бериш-бермаслик тизими шарт эмас.

Қонунчиликда бўлмаган асосий даъво

Прописка нега керак? Мантиқ жиҳатидан умуман керак эмас.

Лекин бир асосий даъво бор ва у қонунчиликда эмас, маҳаллийчилик ҳиди уфурган бу даъво айрим одамлар томонидан, балким, қай жиҳатдандир самимий айтилади: «Прописка очилса, шаҳарни одам босиб кетади!»

Биринчидан, ҳозир Тошкентда камида бир миллион пропискасиз ҳам яшаб, ишлаб юрган вилоятликлар бор. Яшаш жойи ва иш бўлса, уларга прописка халақит беролгани йўқ. Бу ҳолат фақат участка нозирлари учун «қўшимча даромад» ролини ўйнамоқда ва коррупцияга хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, вилоятликларни шаҳарларга талпинишини олдини олиш учун «прописка» тизимини эмас, қишлоқларда ҳам шароит яратиш – газ, электр, тоза сув билан таъминлаш, равон кўчалар ва ижтимоий инфратузилмалар яратиш ҳамда энг асосийси, ишчи ўринлари барпо этиш лозим. Шунда Тошкентга бировни чақирсангиз ҳам талпинмайди.

Бугунги кўринишида илк бор паспорт-виза хизмати 1932 йили тузилган ва НКВД таркибига кирганди ва 2019 йилда ҳам ИИБ таркибида ўша ҳолида яшамоқда. Аввал оддий хабардор қилиб, қайд этиб қўйиш орқали амалга оширилган прописка 1935 йилга келиб, рухсат бериш-бермаслик тартибига ўтган ва ҳанузгача шундай ҳолатда ишламоқда. Мансабдор истаса – рухсат беради, истамаса – бермайди. Бу катта ҳажмда коррупцияга йўл очади. Пропискаси бор одам имтиёзли тоифага айланади, пропискаси йўқ одам «иккинчи сорт»га.

Прописка тизими – ўтмишдан қолган ўта баҳайбат ва чалкаш эскилик сарқитидир, глобаллашув асрида, XXI асрда аянчли ва масхараомуз унсурдир. Ички ишлар ходимлари, суд ижрочилари, терговчилар, прокурорлар, хавфсизлик идоралари ходимлари, чақимчилар ва айғоқчилар бор ерда прописка орқали ҳам жиноячиликка қарши курашиш ортиқчадир.

Ҳеч бир прописка ва қарорсиз мобил телефонлар базаларига, қўл телефонларидаги охирги ўн йилликлар маълумотлари архивига ва геолокацияга эга давлатда бугун инсоннинг қайси шаҳардалиги эмас, шу онда шу шаҳарнинг қайси кўчасининг қайси бурчида эканини беш метр аниқликда ҳам билиш мумкин. Инсоннинг қайдалигини билиш учун юксак технологиялар асрида прописка шарт эмас. Интернет-провайдерларнинг маълумотлар базасига, электрон почталар перлюстрациясига ва IP-манзилнинг жойлашган манзилига эга ҳукумат учун инсонни топиш муаммо эмас. Бугун – осмондаги сунъий йўлдошлар орқали ердаги машинанинг рақамини кўриш ва заминдаги юрган инсоннинг юзини таниш мумкин. Ҳарбий ҳисоб, солиқ ҳисоби (ИНН), нафақахўрлик ҳисоби, тиббий ҳамда автосуғурта ва ҳоказолар инсонни қайд этади. Йўллардаги, магазин ва банкоматлардаги миллионлаб видеокамералар инсонни афт-ангоригача қайд этади ҳар лаҳза, ҳар ой. Истасак-истамасак назорат остидамиз. Инсон пропискасиз йўқолиб кетмайди бу асрда. Бу эскилик сарқити нега керак яна?!

Ҳатто давлат инсонни назорат қилиши ва кузатиши керак, деган ғайриконституциявий даъвони қабул қилганимизда ҳам, улкан, мураккаб ва катта харажатталаб, фуқарони мансабдорга ялинтириб қўйган прописка тизими орқали буни амалга ошириш самарасиздир.

Дунё...

Бизнинг амалдорлар кўпинча қашшоқ ва талотўпли Венесуэла ва Никарагуа тажрибасини мисол келтирадилар. Мен инсон одамдай яшайдиган Америкадан мисол келтирай.

АҚШ фуқароларида паспорт йўқ. Асосий ҳужжат — ҳайдовчилик гувоҳномаси (бизда ҳам шундай дунёвий ҳайдовчилик гувоҳномалари киритилган). Албатта, хорижга чиқиш паспорти олинади, лекин яқин мамлакатларга (Кариб ороллари, Багама, Марказий  Америка) АҚШ фуқаролари паспортсиз, ҳайдовчилик гувоҳномасининг ўзи билан бора олади. Ўзбекистон ёки Россияга келмоқчи бўлган АҚШ фуқароси виза олади, аммо Европа давлатларига келмоқчи бўлса, чегара ўтилган ерда штамп босилиши кифоядир.

Демакки, АҚШда 90-95 фоиз аҳолининг прописка тугул, паспорти ҳам йўқ. Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳам – фуқаронинг мажбурияти эмас, ҳуқуқидир. Баъзида фотосурати бор яна бир ҳужжат талаб қилиниши мумкин, банкда ҳисоб рақами очиш учун маҳаллий кутубхонанинг ўқувчилик билети ҳам кифоядир. Ипотека кредити олиш учун номингизга ёзилган муайян манзилда яшаганингиз учун тўланган коммунал хизмат квитанцияси етарлидир. Ижтимоий хизматдан фойдаланиш, масалан, болани давлат боғчасига ё мактабга жойлаштириш, ишга кириш ва ҳоказо учун тураржойда қайд қилиниш ё прописка шарт эмас. Мактабга сенинг яшаш манзилингга почтадан келган бир хатни кўрсатсанг бўлди – бу сенинг шу манзилда яшашингга далилдир.

Ахир, прописка ва қайдларсиз ҳам яшаса бўларкан-ку.

Бош-кети йўқ доира

Пропискасиз яшаш жиноятдир, уни «босди-босди» қилиш учун доимий чўнтак кавлаб туришингиз керак, яъни яна бошқа жиноятларга киришасиз, пора берасиз, сохта никоҳга киришасиз, ҳал қиладиган мансаб эгасига сизнинг абадий ялинчоқ ва тобе ҳолатингиз керак. Ишга кирмоқчи бўлсангиз, пропискангиз бор-йўқлигини сўрашади. Прописка қилишни сўраб борсангиз, иш жойингиздан «бизга шу ходим керак» деган хат олиб келинг», дейишади. Боши-кети йўқ доира ичида айланаверасиз.

Ишга жойлашиш учун, автомашинани қайддан ўтказиш, маълумотнома олиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, поликлинада даволаниш, болангизни боғчага бериш, ўғлингизни мактабга жойлаштириш ва ҳоказо ҳаракатлар учун пропискангиз сўралаверилади. Ҳолбуки, Конституцияга кўра одам тоифаланмаган, ҳамма учун баробар бепул мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш кафолатланган.

Миграция ҳисобини юритишни қулайлаштириш баҳонасида паспорт столлари ва қайд этиш хизматларидаги таъмагирлар армиясини боқиш учун ҳокимият фуқароларнинг конституциявий эркинлигини қурбон қилиши шартми? Бу тизим мамлакатдаги коррупциянинг таркибий қисми ва одамларни ғайриихтиёрий тарзда жиноятчига айлантирадиган дискриминацион ҳодисадир.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Конституциянинг инсон ҳуқуқи ва эркинликлари бўлимини ўқимаган ёки ўқиб ҳам уқмаган депутати А.Умурзоқов пропискани бекор қилишга қарши чиқиш қилганди. ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Тошхўжаев ҳали прописка тизимидан воз кечиш имконсизлигини айтади – «бунинг учун тайёргарлик ишларини амалга ошириш керак» эмиш. Амалга оширинг, сизга нима халақит беради, жаноб Тошхўжаев?!

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январдаги Фармони билан тасдиқланган «Ҳаракатлар стратегияси» Дастурида прописка билан боғлиқ барча чекловларни бекор қилиш топшириғи берилган. Аммо бу дастур ижросида, мана, икки йилдан бери заррача олдинга силжилмади.

Нима қилмоқ керак?

Яқинда ўтказилган сўровлардан бирида иштирокчиларнинг 49 фоизи (8658 киши) прописка тизими «фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини чеклаши»ни эътироф этдилар, яна 13 фоиз иштирокчи «пойтахтда прописка ололмаган малакали ва илмли кадрлар чет элга кетиб қолаётгани»ни тан олдилар.

Фуқаронинг миграциявий ҳисобот юритиш ва хавфсизлик мақсадида реал яшаш ерида қайд этилиши мансабдор рухсат бериш-бермаслиги тартибида эмас, хабардор этиш тартибида қайд этилиши керак. Бир ердан янги жойга кўчиб, уч ойдан ортиқ ишлаётган ёки яшаётган инсон қайд этиш идораларига келиб, паспортини кўрсатиб, яшаш жойида қайд этилиши керак, яъни хабардор қилиб қўйиши лозим. Унинг учун буни кимдир рухсат бериши-бермаслиги ғайриҳуқуқий ҳолатдир.

Хизматлар кўрсатишни (тиббий ёрдам, болалар боғчасига жойлашиш, мактабда ўқиш ва ҳоказо) ва мажбуриятларни бажаришни (ҳарбий ҳисобга туриш, солиқ тўлаш каби) яшаш жойи ё пропискага эмас, инсоннинг ўзига боғлиқ қилиш лозим. Бугунги ҳолатимиз – ҳуқуқий анахронизмдир. Ростдан ҳам, инсон шифохона ёки мактабга боғлаб қўйилмаслиги керак, аксинча, шифохона ва таълим муассасаси инсонга боғлансин. Демакки, касалхона шу онда шу ҳудудда яшаётган барча беморларни даволасин. Қишлоқдан фарзандини кўргани келган она бу ерда бемор бўлиб қолса, пропискаси йўқ экан, деб уни бепул даволамаслик – жиноятдир.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва миграцион ҳисоб юритиш учун прописка тизимини ушлаб туриш бугунги ҳаётда бирор мантиққа тўғри келмайди. Қамоқхоналарда турли маълумотларга кўра 60-80 минг жиноятчи ўтирибди. Ҳали қамоққа тушмаган 80-120 минг, борингки, 300 минг жиноятчи юрибди, десак (кечирасиз, гумон иймондан айиради), бу аҳолининг 1 фоизи ҳам эмас. Прописка 1 фоиз потенциал жиноятчини аниқлаш учун фойда берадими-йўқми – бу номаълум, аммо прописка аҳолининг қолган 99 фоизи учун оғриқли муаммога айланган ва бу халқнинг инсоний ҳуқуқ ҳамда эркинликларини барбод қилмоқда, яъни уларга ҳам потенциал «жиноятчи ва фирибгар» сифатида қаралишига олиб келмоқда. Фуқароларнинг аксарияти ундан норози экани ҳам ҳақиқатдир.

Карим Баҳриев

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг