Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Элдор Шомуродовни инглиз тилини ўрганишга мажбурлашмоқда

Элдор Шомуродовни инглиз тилини ўрганишга мажбурлашмоқда

«Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ёзда Европа клубларидан бирига кетишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда унинг агенти Герман Ткаченко маълум қилди.

— Элдор Шомуродов борасида қанақа фикр билдира оласиз? У кетадими?
— Бу фикр эмас, балки бизнинг режамиздир. Аммо ҳаммасини «Ростов» ҳал қилади ва биз клубнинг қарорини ҳурмат қиламиз. Клуб уни қишда сотишни истамади ва биз бунга нисбатан тушуниш билан қарадик.

— Элдорга қизиқиш бўлганмиди? 15 миллион евро таклиф қилишдими?
— Ҳа, қизиқиш бўлганди ва таклиф этилган маблағ ҳам анча жиддий эди. Аммо бошқа немис клубларидан фарқли ўлароқ «Шалке» таклиф билдирмаганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Шу билан бирга Гелзенкирхенда бунақа футболчини билмасликлари ҳам нотўғри. Улар Элдорни билишади, биз билан мулоқот қилишди ва трансфер қиймати қанча бўлиши мумкинлигини сўрашди.

Элдорнинг трансфери амалга ошишини истаймиз, аммо нархни «Ростов» белгилайди. Бизнинг мақсадимиз шунақаки — ўзимиз истамаган ҳолда клубни хафа қилиш. Яъни, ёзда Европага кетишни истаймиз. Бугунги кунда Шомуродовга аниқ таклифлар бор.

— Унинг тўпурарлик салоҳияти тушиб кетгани ташвишга солмаяптими?
— Биз футболчининг нафақат голлари, балки ўйинига ҳам эътибор қаратамиз. У деярли ҳар бир ўйинда голли узатмаларни амалга оширди ва жамоа учун бошқа фойдали ишлар қилди. Ҳеч бўлмаса «Краснодар»га қарши кечган баҳсда Ионовга товони билан тўпни узатиб берганини эслай оласизми? Ёки «Спартак» билан ўйиндаги голларда қатнашганини олайлик.

Элдорнинг ўйинига баҳо бериш учун қараш керак: қанча ҳаракат қилди, рақибни тўхтатиб қолди, ҳимояга ёрдам берди. У универсал салоҳиятга эга ҳужумчи. Аммо унга бахони Валерий Карпин беради ва табиийки бу баҳо бизникига тўғри келмаслиги ҳам мумкин.

— «Ростов» билан ёзги трансфер масаласида оғзаки келишувга эришганмисиз?
— Йўқ.

— Ундай бўлса клуб таклифларни рад этиши мумкин.
— Мумкин, албатта. Клубнинг бунга ҳаққи бор. Агар шундай ҳолат юзага келса, демак масалага ечим қидирамиз. Уларни ишонтиришга уринамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқи «Ростов»да қолади ва бунга ҳеч ким даъво қилмайди. Шу сабабли ҳам қишда ҳеч қаёққа кетмаслик ҳақида клуб билан келишиб олганмиз.

Қишки трансфер мавсумида бир қатор таклифлар бўлди, аммо клуб бирортасини кўриб чиқмади. Биз бунга ҳурмат билан қарадик. Аммо ёзда ҳам таклифларни кўриб чиқмаслик... Биз ёзда кучлироқ чемпионатга ўтишни истаган бўлардик. Ҳа, охирги қарорни клуб қабул қилади, аммо футболчини адолатли нархда сотишлари бўйича келишиб олганмиз. Буни ҳаммамиз биргаликда муҳокама қиламиз.

— Элдорнинг ўзи руҳан бунга тайёрми? Ахир у бироз тортинчоқ-ку.
— Аксинча, у шу билан ўзига ҳалал берадиган барча нарсалардан ўзини ҳимоя қилади. Боз устига у қувноқ йигит. Ана, «Ростов»да у билан қандай муносабатда бўлишларига бир қаранг...

— Шомуродов инглиз тилини ўрганяптими?
— Ўрганяпти.

— Уни бунга мажбурлаяпсизми?
— Мажбурлаяпмиз. Ўқитувчи топиб берганмиз.

— Ютуқлар борми?
— Мен у билан инглиз тилида шахсан гаплашдим, ҳозирча бахо беришга эрта. Сизга айтишим мумкин бўлган ягона нарса шуки, Элдорнинг инглизчаси аввалгига қараганда анча яхши, — дейди Ткаченко.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов қишда «Ростов» билан шартномасини беш йилга узайтирган эди. Шартномада ҳужумчининг трансфер қиймати кўрсатилмаган.

Манба: sports.ru

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг