Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Электр муаммоси сабаб йўл тўсишга чиққан 9 киши қамалди

Электр муаммоси сабаб йўл тўсишга чиққан 9 киши қамалди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, «Афросиёб» поезди йўлини тўсганларнинг 13 нафари судга чақирилгани хабар қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди 13 нафар фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди.

Унга кўра, мазкур фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 113-моддаси 4-қисми (транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан темир йўл изини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш) ва 201-моддаси 1-қисми (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан айбдор деб топилди.

Суд қарорига кўра, намойишнинг тўққиз иштирокчиси 15 суткага қамалди. Қолган тўрт кишига эса (ҳуқуқбузарларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда) БҲМнинг 7 баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июнь куни тахминан эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айратом темир йўл бекати ҳудудида Чироқчи туман «Айратом» қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео тарқалганди. Туман ҳокими электр муаммосини бартараф этиш бўйича сўзида турмагани учун аҳоли поезд йўлини тўсишга чиққани маълум бўлганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг