Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри яратилади

Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри яратилади

Фото: «Xabar.uz»

«Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзолангани ҳақида хабар бердик.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 1 июлга қадар муддатда Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрини (кейинги ўринларда Миллий реестр деб юритилади) яратиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.

Белгиландики:

  • Миллий реестрни юритиш электрон шаклда онлайн режимда амалга оширилади;
  • Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.

Миллий реестрни шакллантириш, юритиш ва келгусида ривожлантириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказига юклатилди.

Миллий реестрни юритишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • электрон тижорат иштирокчилари тўғрисидаги ягона электрон ахборот банкини яратиш;
  • электрон тижоратни жорий этиш ва ривожлантириш ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш ва баҳолаш, шу жумладан, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишнинг самарадорлигини ўрганиш;
  • электрон тижоратни самарали ривожлантириш учун мақсадли таҳлилини олиб бориш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳисобланиши белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг