Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европа бош дипломати Исроилни оммавий қирғинда айблади

Европа бош дипломати Исроилни оммавий қирғинда айблади

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида Ғазодаги мактабда 100 дан зиёд одам ҳалок бўлганидан чуқур таассуф билдирди.

Сўнгги ҳафталарда Ғазодаги камида 10 та мактаб Исроил ҳужумига нишон бўлганини танқид қилган ЕИ бош дипломати ушбу оммавий қирғинларни бирор асос билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган. Сиёсатчи тинч аҳоли ўлимининг олдини олиш учун ўт очишни тўхтатиш кераклигини уқтирган.  

Аввал хабар берганимиздек, Исроил армияси 10 август куни Ғазо секторидаги «Ал-Табаин» мактабига берган зарба оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Тель-Авив маъмурияти мактабда ҲАМАС ҳаракатининг қўмондонлик маркази жойлашганини иддао қилган. Фаластин ҳаракати буни рад этган.

WAFA ахборот агентлигига кўра, «Ал-Табаин» мактабида уй-жойидан ажралган 6000 га яқин фаластинлик жон сақлаб келган.

Фаластин ташқи ишлар вазирлиги мактабдаги қатлиомни кескин қоралаган ва бу фожиа халқаро ташкилотлар ўз вазифасини бажара олмаётгани оқибати эканини таъкидлаган. Ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида қайд этилишича, Исроил Ғазо секторидаги бошқа хунрезлик амалиётлари каби «Ал-Табаин» мактабидаги қатлиом учун ҳам жавоб бериши шарт.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторидаги мактабга ҳужумни инсониятга қарши жиноят деб атаган.

Ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келган ҳужумни араб давлатлари ҳам қоралаган. Хусусан, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги Исроилдан оммавий қирғинларни тўхтатишни талаб қилган.

2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган Исроил армияси халқаро ҳуқуққа кўра дахлсиз саналган ўнлаб мактабларга ҳужум уюштириб келмоқда.

2023 йил ноябрь ойида Исроил БМТнинг «Ал-Фахура» мактабини бомбалади. Портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди, 200 га яқин одам жароҳатланди.

2024 йил июнь ойида БМТнинг фаластинликларга кўмак бўйича агентлиги тасарруфидаги мактабга ракета зарбаси йўлланди. Ҳужум оқибатида камида 40 киши, жумладан, 14 нафар бола ва 9 нафар аёл ҳалок бўлди.

Жорий йил июль ойида эса Исроил БМТнинг Фаластин қочқинлари ишлари бўйича агентлигига қарашли Нусейрат қочқинлар лагеридаги мактабга ҳужум уюштирди. Оқибатда камида 17 киши ҳалок бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг