Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яман фожиаси: Франция Саудия Арабистонидан қамални бекор қилишни сўрамоқда

Яман фожиаси: Франция Саудия Арабистонидан қамални бекор қилишни сўрамоқда

Фото: Global Look Press / Mohammed Mohammed

Франция президенти Эммануэл Макрон Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиздан Ямандаги қамални бутунлай бекор қилишни сўраган. Бу ҳақда «Евронюс» хабар бермоқда.

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси 2015 йилдан буён Яманда ҳокимиятни эгаллаб олган исёнчи ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бормоқдалар. Мамлакатга нисбатан иқтисодий қамал жорий қилинган ва Яманга фақатгина инсонпарварлик ёрдами ва озиқ-овқат маҳсулотлари махсус текширувлардан кейингина киритилишига рухсат берилган.

Дунёдаги кўплаб нодавлат ва халқаро ташкилотлар ушбу қамални танқид қилиб келмоқдалар. Бугунги кунда Яман дунёдаги энг ёмон ижтимоий инқирозни бошидан кечирмоқда ва миллионлаб инсонлар вабога чалинган. Ямандаги ушбу можаро шу пайтга қадар 8750 нафар кишининг ўлимига сабабчи бўлди ва уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир. БМТ ҳисоб китобларига кўра, 80 фоиз аҳоли тиббий дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тоза ичимлик сувига муҳтож.

Ўтган ҳафтада коалиция Қизил денгиз бўйидаги Ҳудейда портини инсонпарварлик ёрдами юклари, озиқ-овқат ва ёқилғи учун бир ой муддатга очишини маълум қилганди.

24 декабр куни Франция президенти ва Саудия қироли ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида президент Макрон «Яман муаммосини ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмаслигини ва бу масалага ўзаро муроса орқали ечим топиш» кераклигини айтиб ўтган.

Шунингдек, томонлар Суриядаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишган. Бундан ташқари, Макрон қирол Салмонга Африкада ўтказилаётган «G5 Sahel» операциясига 100 миллион доллар маблағ ажратгани учун миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэл Макрон шу йилнинг ноябр ойида Ар-Риёдга ташриф буюрган ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашган эди. 2018 йилда эса Эрон, Исроил, Фаластин, Ливан ва Иорданияга ташриф буюриши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг