Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқаролик судларида қандай тоифа ишлар вақтинча кўрилмайди?

Фуқаролик судларида қандай тоифа ишлар вақтинча кўрилмайди?

Фото: Xabar.uz

Ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифага ажратилиши натижасида карантин чекловлари  босқичма-босқич бекор қилиниши муносабати билан шунга монанд судлар фаолияти тикланаётгани хабари берилганди.

Манбамизга кўра, фаолияти тикланган фуқаролик судларида (эътибор беринг, гап, фақат фуқаролик судлари ҳақида бормоқда) айрим тоифадаги ишлар кўрилиши барибир вақтинча тўхтатилиб турилади. Хусусан, уй-жойдан кўчириш (ёки уй-жойга киритиб қўйиш), меросга оид, никоҳни бекор қилиш, кредит карздорликни ундириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ерларга ўзбошимчалик билан қурилган уйларни (агар ўша низоли уйларда одамлар яшаётган бўлса!) бузишга оид даъво-аризалар номаълум муддатгача кўриб чиқилмайди. Фуқаролик низоларига доир бошқа тоифадаги ишлар эса санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда кўриб чиқилади. Бундан ташқари биринчи инстанция судларига ишларни (вазиятдан келиб чиқиб) асосан сайёр суд мажлисларида  кўриб чиқиш тавсия этилган.

Олий суд матбуот хизматига кўра, 2020 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 61 046 та (2019 йил шу даврида 59 519 та) фуқаролик иши кўриб чиқилиб, шундан 44 474 тасида даъво талаблари қаноатлантирилган, 7 031 та даъво асоссиз деб топилиб рад қилинган, 2 775 та иш тарафлар ярашганлиги, даъвогар даъвосидан воз кечганлиги ва бошқа қонунда кўрсатилган ҳолатларга кўра иш юритишдан тугатилган.  Шунингдек, судлар томонидан низосиз талаблар бўйича 19 211 та (2019 йилда 27 123) суд буйруқлари чиқарилган.

Вилоят судларининг апелляция инстанцияси томонидан 1 405 та, кассация инстанцияси томонидан 1 678 та фуқаролик ишлари кўрилиб, қонуний қарорлар қабул қилинган.

Бундан ташқари Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жорий йилнинг 1 январидан 1 майга қадар жами 4 688 та ариза ва шикоятлар ўрганиб чиқилгани айтилади. Шундан 1 740 та мурожаат юзасидан ариза муаллифига тегишли тушунтириш берилиб, тааллуқлилиги бўйича юборилди. Ўрганилган шикоятларнинг 2 948 таси (ёки 62,9 фоизи) назорат тартибидаги шикоятларни ташкил этиб, шундан 725 таси (ёки 24,6 фоизи) фуқаролик иши билан ўрганиб чиқилган. Қолган 2 223 та (ёки 75,4 фоизи) шикоят бўйича суд қарорлари қонуний деб топилган.

Ўрганиб чиқилган 725 та шикоятнинг 375 таси (ёки 51,7 фоизи) судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказилди, 345 таси (ёки 47,6 фоизи) бўйича эса суд қарорлари қонуний деб топилганлиги боис рад қилинган.

Судлов ҳайъатига ўтказилган ишларнинг 240 таси (ёки 33,1 фоизи) кўриб чиқилиб, шундан 179 таси (ёки 74,6 фоизи) бўйича якуний хулосага келиш ҳақида қарорлар қабул қилинди, қолган 135 та (ёки 18,6 фоизи) шикоят эса фуқаролик иши билан судлов ҳайъатида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан низоларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида «Мерос масаласида 50 та саволга 50 та жавоб», «Фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти» номли қўлланмалар тайёрланди, дейилади Олий суд матбуот хизмати ахборотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг