Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия Термиз аэропорти модернизацияси учун 1 млн евро ажратди

Германия Термиз аэропорти модернизацияси учун 1 млн евро ажратди

Германия Қуролли кучлари маблағлари ҳисобидан Термиз аэропортининг 12 километрдан ортиқ узунликдаги ташқи тўсиғи бўйлаб ва аэропорт ҳудудидаги тегишли операция марказида халқаро авиация стандартларига мувофиқ хавфсизлик ва кузатув технологиясини 1 млн. евродан ортиқ маблағга молиялаштирди.

Бу ҳақда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилмоқда.

Аэропортни модернизация қлиишда, хусусан, ёритиш ускуналари учун замонавий, тежамкор LED лампалардан фойдаланилган.

«Ҳарбий атташемиз шу ҳафта аэропорт майдонида ўрнатиш ишлари якунланганини кўришга муваффақ бўлди. Термиз халқаро аэропортида олиб борилаётган модернизация ишлари бизда катта таассурот қолдирди ва бунга самарали ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз», – деб ёзади элчихона.

Элчихона маълумотига кўра, 2002-2015 йиллар оралиғида Германия Қуролли кучлари Афғонистондаги ISAF халқаро барқарорлаштириш миссияси доирасида Ўзбекистоннинг жанубий қисмидаги Термиз аэропортидан ҳаво транспорти учун стратегик марказ сифатида фойдаланган.

«Германия Қуролли кучлари олиб чиқилганидан кейин ҳам биз замонавий халқаро тижорат аэропортига айланиш йўлида ушбу аэропорт билан чамбарчас боғлиқмиз», – дейди Германия томони.

Маълумот учун, Халқаро хавфсизлик кучлари (ISAF) НАТО бошчилигидаги халқаро ҳарбий контингент бўлиб, Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида 2001 йилдан 2014 йилгача фаолият юритган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг