Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳам тунади, ҳам тунаб кетди

Ҳам тунади, ҳам тунаб кетди

Фото: «Hurriyet»

Россияда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун Санкт-Петербург шаҳрига келган сибирлик Дмитрий исмли йигит пули йўқлиги туфайли меҳмонхонада эмас, балки айни пайтда музей сифатида фаолият юритаётган император саройига яшириниб кириб, ўша ерда тунаб қолди. Бу ҳақда «Hurriyet» хабар бермоқда.

Димитрий эртаси куни эрталаб саройдан 4 миллион рубл қийматга эга ҳайкалчани олиб чиқиб кетди.

Бу воқеа жума-шанба кунлари содир бўлди.

Шанба куни «Павлов» сарой-музейига келган масъуллар Александр III ва унинг турмуш ўртоғи Мариянинг ётоғи тўзиб ётганига гувоҳ бўлишди. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари ҳақиқатан бу ерга кимдир кирганини, колбаса ва сосиска еганини аниқлашди.

Сарой атрофидаги кузатув камералари қайд-тасвири кўриб чиқилганида, Россия фуқароси бўлган Дмитрий исмли йигит музейнинг биринчи қаватидаги дераза ойналарини синдириб, ичкарига киргани аниқланди.

Музейнинг сигнализация тизими жаранглаган бўлса-да, бироқ бунга қоровуллар бирор носозлик туфайли шундай бўлгандир дея эътибор қаратишмаган.

Жума куни соат 23:00 да саройга кириб, эртаси куни соат 7:00 бу ердан ҳайкалчани олиб чиқиб кетган Дмитрий бир кеча шоҳона ҳаёт кечирди.

Шанба куни Дмитрий қўлидаги ҳайкалча билан Санкт-Петербург кўчаларида кезаётганида полиция ходимлари томонидан қўлга олинди.

Дмитрийга қандай жазо тайинланиши ҳозирча номаълум.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг