Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди?

Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди?

Фото: «Azon.uz»

Ўзининг илк чиқишларидан бирида Президент Шавкат Мирзиёев уламолар, диний соҳа ходимларига мурожат этиб «менга ёрдам беринглар, бир ўзим эплолмайман» деган эди. Унинг бу сўзлари тагида ётган маъно не эди ва «ёрдам» деб нима назарда тутилган эди? Мазкур мақола шу ҳақда.

Тарихий воқелик

Тарихий воқеликнинг шоҳиди бўлиб турибмиз.

Ўз даврида миллатимиз юксаклик таъмини тотди, дунёга устозлик қилди, заминимиз эса дунёнинг илмий марказига айланди. Сўнг инқирозга юз тутди ва миллат осмонини пайдар-пай келган қора булутлар эгаллаб олди. Ҳозир эса биз бу қора булутлар тарқалиб, бошимиз узра мовий осмон кўринаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Воқеликнинг тарихийлиги ижтимоий ёхуд иқтисодий ўзгаришларда, қурилаётган уйлар ёки йўлларда эмас, балки ҳақ сўзнинг айтилаётганида. Тарихий бўлмай, қандай воқелик бўлсин бу?

Бу янги воқеликнинг келиши учун биз ҳеч иш қилганимиз йўқ – ўзи эшигимизни қоқди ва яхшиликлари билан кириб келди. Кўплиги ва мудҳишлиги ила бизни ўз домига тортиб кетишига бир баҳя қолган иллатлар ошкор этилаётгани, миқёси улканлигидан эсимизни кетказиб, маънавий ирсиятимизни-да бузишига сал қолган мантиқсизлик барҳам топа бошлагани, зулмат нур ёғдусидан зарба еб, чекина бошлагани Аллоҳнинг бизга марҳаматидир, бошқа нарса эмас. 

Узоқ кутилган ростгўйлик

Мамлакат Президенти ҳар бир соҳадан онги эскириб қолган, эскича ишлайдиган, ёлғондан тап тортмайдиган, нуқул тинчини-ю иссиқ жойини ўйлайдиганларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига янгича – воқеликка мос фикрлайдиган, юрт равнақи учун жонини жабборга берадиган ва энг аввало... рост гапирадиганларни қўйишга бел боғлади. Бу уринишнинг фойдаси ўлароқ минглаб эмас, миллионлаб одамларнинг ҳаёти яхшилик тарафига ўзгараётгани ислоҳот, янгиланиш, ошкоралик, ростгўйлик нақадар керак эканлигининг белгисидир. Керак экан бу нарсалар, тамом вассалом!

Рост гапиришнинг фойдаси ўлароқ кенг омманинг зеҳниятида ҳам ижобий ўзгаришларни кўраяпмиз – халқ гўё ҳақиқатни соғиниб қолгандек тутаяпти ўзини. Гувоҳи бўлаётганимиз диний адабиётларнинг харидоргирлиги, Қуръони каримни сотиб олишга бўлган иштиёқ айнан ўша соғинчнинг, йиғилиб қолган ташналикнинг, омма онгида бўлаётган ўзгаришнинг нишонаси эмасми? Балки айнан ростгўйлик миллатнинг тузалиши, қаддини тиклаши йўлидаги энг муҳим омилдир? Балки рост сўз ўша «сеҳрли калит» бўлиб, у ила яхшиликлар омборининг эшиги очилса? Балки ҳақгўйлик малҳамдирки, у ила ҳатто эскириб қолган дардлар даво топса? 

«Моддий эмас, маънавий»

Юртимизда бўлаётган ислоҳот аввало иқтисодий ёхуд ижтимоий эмас, балки маънавийдир. Буни яхши англамоғимиз лозим. Зеро, ҳақсизликдан қуриб-қақраб қолган қалбларга ҳақ сувини қуйишдан кўра улкан ислоҳот йўқдир, бўлиши ҳам мумкин эмас. Адолат ва ростгўйлик жамиятга қандай таъсир этишининг қиёсини кўрмоқчи бўлсангиз, қишдан чиққан ерни устига баҳор ёмғири ёққанда кузатинг. Ислоҳотни, ривожланишни кўрасиз!

Бир замонлар ҳақиқатга юз тутиш асносида юксак маънавий мевалар таъмини бир бора тотган ва унинг таъми «оғзида қолган» миллатга ўша бир бора тотганини – ҳақиқат ва адолатни, тўғри йўналишни беринг... Кейин натижани кузатинг!.. Бу ишни эпласангиз мисли кўрилмаган уйғониш(ренессанс)нинг шоҳиди бўласиз! Мамлакат Президенти англаб турган мазкур ҳақиқатни бошқалар ҳам англаши ва... ёрдам бериши керак.

Мамлакат Президентининг уринишлари ҳозир ҳокимиятлар, турли идора ва ташкилотларнинг фаолиятида мантиқ ва адолатни жорий қилишга қаратилгани ҳолда мансабдорларга қаратиб «рост сўзла!» деган талаби ҳамда «давлат халқнинг хизматкоридир» деган сўзлари халқнинг онгига аталган ўта муҳим маънавий мессеж (мактуб) бўлди. Бу омма онгига ўтқазилган ўта ижобий, тезда униб чиқадиган маънавий уруғдир. 

Масъулияти оғир соҳа

Аммо бир соҳа борки, у айнан ўша – жамият ичида ростгўйликни қарор топтиришга бевосита масъул бўлган соҳадир. Ушбу соҳанинг конструктив фаоллигисиз мамлакатда олиб борилаётган ижобий жараёнлар қанотсиз қуш кабидир. Айнан шу соҳанинг жонбозлиги билан кўзланаётган барча ижобий ўзгаришлар учун энг муҳим замин – маънавий замин яратилади. Бу соҳа – диний тушунчаларни оммага тарғиб қилиш соҳасидир. Ўша, бир пайтлар аждодларимизни пешқадам қилган маънавий платформага миллат ўлароқ қайтишимизга масъул бўлган соҳадир.

Ушбу соҳа эгнидаги вазифалар ўта шарафли ва ўта масъулиятлидир. Ушбу масъулият ҳажми юзага келиб турган имкониятлар ҳажмига тенг бўлиб, вазни эса бундай имкониятнинг балки минг йилда бир келишидир. Буни тушунишимиз ва Аллоҳ таолонинг олдидаги жавобгарликни тўлин ойдек кўз олдимизга келтиришимиз лозим. Мазкур соҳада фаолият юритиш малакасига эга бўлган ҳар бир киши бу масъулият ҳазилакам эмаслигини, Аллоҳ таолодан синов эканлигини тушунмоғи ва барча турдаги шахсий манфаатларни чеккага суриб қўйиб, холис Басир – кўриб турувчи зотнинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилмоғи керак.

Юртимизда юз бераётган маънавий жараён нафақат шу замин учун, балки халқаро аҳамият касб этаётгани, ўзга юрт ва халқлар учун ҳам ўрнак бўлаётганини яхши англамоқ лозим.

Масъулият оғирлиги туфайли ҳозир ҳар бир киши ўз истеъдодини тўғри баҳолаб, эгаллаб турган мавқеига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини мулоҳаза этмоғи даркор. Умумий жараён келтираётган фойдалар олдида шахсий манфаатларни юқори қўймаслик имоннинг айни тақозоси ва савоб манбаидир.

Мамлакат Президенти бошлаган ислоҳотлар кенг кўлам – минтақа учун аҳамият касб этаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Инчунун, ислоҳот ва унинг таъсири, шу жумладан, чор-атрофга таъсири нисбий маънавий эмас, балки тўлақонли – чуқур маънавий базасига эга бўлмоғини таъминлаш шу юрт фарзандлари – аҳли маърифатнинг вазифасидир.

Бунинг учун вазифалар етук даражада, ростгўйлик, самимият, фидойилик ила бажарилмоғи лозим.

Ислоҳот зарурати

Мамлакат Президенти амалга ошираётган ошкоралик, иллатларни очиб ташлаш асносида уларга биргаликда – кўпчилик бўлиб ечим топиш сиёсатига монанд равишда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳам ислоҳ этилмоғи, фаолиятида инқилобий ўзгаришлар қилинмоғи керак. Тузалиш газак олиб ётган камчиликларни очиқлашни тақозо қилади, яширишни эмас. Моғор босиб қолган, давр талабларига жавоб бермай қолган диний соҳа мамлакатда юз бераётган жараёнларга ҳамоҳанг равишда ўзгармоғи ва кўзланган мақсадларга хизмат қилмоғи лозим.

Мамлакат аҳолисининг 95 фоизи ўзини мусулмон ҳисобласа-да, диний саводхонлик даражаси ўта ачинарли аҳволда ва ҳолатни жоҳилият даврига қиёсласа бўлади.

Динга алоқаси бўлмаган тушунчалар, эътиқодлар, одатлар, удумлар, мантиқсизликлар халқни том маънода маънан тутқун қилиб турибди ва айнан шу омил кўзланаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасига рахна солмоқда.

(давоми бор)

Муҳаммад Шакур

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг