Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳокимликлар қонунчилик талабини бузса, аҳоли додини кимга айтади?

Ҳокимликлар қонунчилик талабини бузса, аҳоли додини кимга айтади?

Фото: «123ru.net»

Адлия органлари томонидан 2016-2018 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан 2016-2018 йилларда республика бўйича 4 689 та турар ва 1 456 та нотурар жойлар бузилган.

Ўрганиш ер участкаларини олиб қўйишда айрим ҳокимликлар томонидан қонунчилик талаблари бузилганлигини кўрсатди.

Хусусан:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мол-мулки бузилишга тушган мулкдорлар бузилиш бошланишидан олти ой кечикмай ёзма хабардор қилиниши шарт бўлса-да, бузилган турар жой эгалари 688 та ҳолатда (Наманган – 569 та, Андижон – 57 та, Навоий – 31 та, Бухоро – 22, Самарқанд – 7 та) умуман хабардор қилинмаган, 985 та ҳолатда (Хоразм – 212 та, Самарқанд – 189 та, Сурхондарё – 172 та, Қорақалпоғистон – 125 та) хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган.

Масалан, Наманган шаҳри, Уйчи кўчасидаги 358 та турар жойлар мулкдорлари ёзма равишда хабардор қилинмасдан 2016 йилнинг август ойида бузиб юборилган. Хива шаҳридаги 84 та турар жойлар мулкдорларига ёзма хабар берилгандан 5-7 кун ўтиб бузилган.

2. Низом талабларига зид равишда 100 та ҳолатда (Андижон – 56 та, Навоий –31 та, Бухоро – 6 та, Хоразм – 4 та, Наманган – 2 та, Жиззах – 1 та) бузилган турар жойлар баҳоланмаган бўлса-да, улар учун компенсация тўланган.

Шунингдек, 391 та ҳолатда (Андижон – 192, Хоразм – 138, Самарқанд – 37, Қашқадарё – 14 та, Қорақалпоғистон – 9 та) эса турар жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.

Масалан, Қўрғонтепа туманида 5 та турар жойлар баҳоланмасдан 104 млн. сўм компенсация тўланган. Андижон шаҳрида 2016 йил май ойида бузилган 42 та турар жойни баҳолаш 2018 йил 23 апрелда, яъни орадан 2 йил ўтиб амалга оширилган.

3. Қонунчиликка кўра, давлат ва жамоат манфаатлари учун олинган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулклар учун компенсация тўлови бузилишидан олдин тўланиши шартлиги белгиланган бўлса-да, республика бўйича турар жойлари бузилган 37 нафар мулкдорга – 3 млрд. 252 млн. сўм умуман тўланмаган, 215 нафарига эса – 15 млрд. 67 млн. сўм тўлиқ тўлаб берилмаган.

Хусусан, Наманганда – 6 млрд. 889 млн. сўм, Сирдарёда – 5 млрд. 753 млн. сўм, Навоийда –1 млрд. сўм, Жиззахда – 601 млн. сўм, Хоразмда – 444 млн. сўм, Андижонда ва Сурхондарёда – 136 млн. сўмдан, Қашқадарёда – 91 млн. сўм компенсация тўловлари бугунга қадар тўланмай келинмоқда.

Масалан, Тўрақўрғон тумани Пастнайманча ва Хўжанд маҳаллалари ҳудудида 2017 йил май-июнь ойларида бузилган 14 та турар жойлар учун ҳисобланган 1 млрд. сўм компенсация пули умуман тўланмаган.

Гулистон шаҳрида 2017 йил май-сентябрь ойларида бузилган 113 та турар жойлар учун тўланиши лозим бўлган компенсация маблағининг 5 млрд. 753 млн. сўми тўланмай келинмоқда.

Худди шундай, нотурар жойлари бузилган 13 нафар мулкдорларга 1 млрд. 583 млн. сўм умуман, 24 нафарига эса 1 млрд. 300 млн. сўм қисман компенсация тўланмай келинмоқда. Бузилган 255 та нотурар жой мулкдорларига бино-иншоот қуриш учун ер участкалари ажратилмаган.

Бундан ташқари, деярли барча ҳудудларда турар жойлар бузилиши муносабати билан мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар-жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига адлия органлари томонидан 127 та тақдимнома ва 52 та огоҳномалар киритилиб, ҳуқуқбузарликлар содир этган 74 нафар мансабдор шахсларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар тегишли судларга юборилди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли тақдимномалар киритилди ва бу ҳақда ҳукуматга ахборот берилди.

Ҳозирда туман (шаҳар) адлия бўлимлари аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бу жараёнда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш масалалари юзасидан доимий назоратни амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари вазирлик томонидан хатловдан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг