Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инновация вазирлиги илмий-техник лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади

Инновация вазирлиги илмий-техник лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Инновацион ривожланиш вазирлигида Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши 2019–2021 йилларга мўлжалланган амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳа раҳбарларига сертификатларни топширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

«Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 — 2021 йиллардаги Инновацион ривожлантириш стратегиясига кўра илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтиришни назарда тутилган. Бу харажатлар ўз навбатида юртимиз тараққиётига нафи тегадиган, аҳоли фаровонлигига ва халқимиз турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган маҳсулотлар, технологиялар кўринишида давлатга фойда олиб келиши лозим. Ўз навбатида, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришдан келадиган фойда олимларнинг ҳам молиявий аҳволига ижобий таъсир кўрсатиб, келгусида уларнинг илмий изланишлар билан янада чуқур шуғулланишларига замин яратиши керак», дейилади хабарда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловларини эълон қилгач, ҳар бир йўналиш бўйича танловга келиб тушган лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Топширилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган вазифаларга мослиги, ижрочиларнинг илмий-техник салоҳияти, ижрочи ташкилотда моддий-техник база мавжудлиги ва бошқа мезонлар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Илмий-техник кенгашлар хулосалари асосида молиялаштиришга тавсия этилган илмий-техник лойиҳалари 2019 йил 16 февралдаги вазирлик Ҳайъатида кўриб чиқилиб, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Унга кўра фармакология, металлургия, қишлоқ хўжалиги, кимё, техника йўналишларидаги аниқ мақсадга йўналтирилган 6 та лойиҳа молиялаштирилди.

Мазкур 6 та тадқиқот ишлари молиялаштиришга лойиқ деб топилган илк лойиҳалардир. Эндиликда вазирлик мунтазам равишда молиялаштириладиган лойиҳаларни  расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг