Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«InnoWeek-2018» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги якунланди

«InnoWeek-2018» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги якунланди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

2018 йилнинг 23-25 октябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» мажмуасида хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар фаол иштирокида «InnoWeek-2018» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтди.

Ҳамкорлик битимлари

Уч кун давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва бир қатор хорижий ташкилотлар, компаниялар ўртасида ҳамкорлик бўйича битимлар имзоланди.

Жумладан:

  1. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакиллиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида Ўзаро англашув ва Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясини ташкил этиш тўғрисида меморандуми имзоланди. Бу лаборатория тўлалигича БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий вакиллиги томонидан молиялаштирилади.
  2. «Technology Group of America LLC» (АҚШ) инвестицион компанияси билан Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Таълим (масофавий), қишлоқ хўжалиги, уруғчилик, биологик ўғитлар ишлаб чиқариш, қазилма бойликлар қазиш бўйича инновацияларни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик қилинади.
  3. «UdacityX MOOC» (АҚШ) компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Битимга мувофиқ, олий таълим соҳасида умуман янги тузилма — масофавий таълимга ихтисослашган «Келажак университети» ташкил этиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон Қарори ижроси юзасидан 43 та илмий ва илмий-техникавий ишланмаларни тижоратлаштирган дастлабки 18 та инновацион компанияга сертификатлар ва ҳомийлик кўмаги учун 6 та тижорат банкига ташаккурномалар топширилди. Бутун кўргазма даврида тижоратлаштириш учун йиғилган таклифлар сони 400 дан зиёдни ташкил этди.

Фанлар академияси «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг физика-техника институти ҳамда Исроилнинг 6 та компанияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандумига кўра, 25 октябрь куни «TSM» («Technology Systems Management») компанияси ташкил этилди. Мазкур компания иқтисодиёт соҳаларига ва инфратузилма жиҳатидан алоҳида эътибор талаб этувчи объектларга ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизлик масалаларида хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Шу билан бир қаторда ахборот технологиялари, энергетик хавфсизлик ва киберхавфсизлик соҳаларига мутахассислар тайёрлаш, фазовий технологиялар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашади.

Халқаро инновациялар кўргазмаси

Халқаро инновациялар кўргазмасида иштирокчи-резидентлар ўзлари ишлаб чиққан инновацион маҳсулотлари, таклиф этаётган хизматлари, тижоратлаштирилган илмий ва илмий-техник ишланмалари бўйича мавзувий секторларга бўлинган ҳолда жойлаштирилди:

  • қишлоқ хўжалигида инновациялар — 14 та;
  • давлат бошқарувидаги инновациялар — 11 та;
  • ижтимоий соҳадаги инновациялар — 14 та;
  • иқтисодиётнинг реал секторидаги инновациялар — 11 та;
  • тижоратлаштирилган илмий ва илмий-техник ишланмалар — 43 та.

Кўргазманинг учинчи кунида Вазирлик ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этган «Новаторлик ғоялар банки» учун респондентлар томонидан 94 та ғоя таклиф этилди. Булар кўпроқ автомобилсозлик, ипакчилик, электр энергияси ва газ таъминоти соҳаларига тааллуқлидир. Мисол учун, андижонлик Зуҳриддин Зулунов томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари нефть омборларида сақланаётган тиниқ нефть маҳсулотлари буғларини ушлаб қолиш технологияси ва техник воситасини ишлаб чиқиш ғояси таклиф этилди.

«Яшнобод» инновацион технопаркининг 11 та резиденти намойиш этган «IRC»нинг роботи, «City lihgt»нинг ёруғлик тарқатувчи маҳсулоти ва «Green code»нинг 3D принтери кўргазма иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Технопарк ва «Selengur» МЧЖ (Ўзбекистон) билан илмий-тадқиқот ва таълим дастурлари тайёрлаш, маълумотларни очиқ алмашиш, илмий-техник, синов-конструкторлик ва технологик ишларни ташкил этиш каби масалаларни ҳал қилишга масъул бўлган тажриба-конструкторлик бюросининг ташкил этилишига келишилди.

Халқаро инновацион-инвестицион форум

«Халқаро савдо маркази» («ITC») биносида ташкил этилган «Халқаро инновацион-инвестицион форум»да хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, 530 та маҳаллий ва хорижий мутахассислар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этишди. Уч кун давомида форум доирасида аграр, ижтимоий, иқтисодиётнинг реал сектори, банк-молия сектори, давлат бошқаруви каби 5 та соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш, бу борада халқаро тажриба алмашиш ва бошқа масалалар бўйича очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Форум спикерлари (54 та) географияси кенг бўлиб, улар Эстония (8 та), АҚШ (5 та), Нидерландия (4 та), Австрия (3 та), Россия (2), Исроил (2), Италия (2 та) каби мамлакатлар ва Жаҳон банки (2 та), «Lexis Nexis Business Solutions» каби ташкилотлардандир.

«International Robotics Challenge»

Инновация ҳафталигидан ўрин олган учинчи катта тадбир «International Robotics Challenge» старт олди ва халқаро робототехника мусобақаси иштирокчилари турли тоифалардаги мусобақаларга киришишди.

Маълумот учун: «International Robotics Challenge» халқаро робототехника мусобақаси мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилиб, унда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ва 16 ёшдан катта ёшлар ўртасида халқаро мусобақа ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида умумий ҳисобда

38 та жамоа, шундан 18 таси маҳаллий ва 20 таси дунёнинг 6 та мамлакатидан ташриф буюришди.

25 октябрь куни мусобақа ғолиблари тақдирланди. Ғолиблар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакилларидан иборат. Мусобақа якунида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, «ЎзЭлтехсаноат» АЖ (уяли телефонлар), Қозоғистон робототехника федерацияси «LEGO» конструкторлари), Инновацион ишланмаларни татбиқ этишнинг илмий-амалий маркази (смартсоатлар, флешкалар), «Идрок» хусусий корхонаси (инновацион таълим дастурлари) томонидан муносиб тақдирланди.

Халқаро инновациялар кўргазмаси (23-25 октябрь)да 30 дан зиёд давлатлар, 53 та хорижий компания ва етакчи илмий марказ, 583 нафар олим қатнашди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Электрон ҳукумат» тараққиёт маркази каби давлат органлари, олий таълим муассасаларидан Андижон тиббиёт институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Турин политехника институтининг Тошкент филиали ва бошқалар иштирок этди.

 Халқаро инновациялар кўргазмасида ижтимоий соҳадаги 14 та, қишлоқ хўжалигига доир 14 та, иқтисодиётнинг реал сектори учун 11 та, давлат бошқаруви соҳасида 11 та,  тижоратлаштирилган илмий ва илмий-техник йўналишларда 43 та ишланмалар тақдим этилди.

Тузилган битимлар ва шартномалар

(жами — 119,3 млн. АҚШ доллари):

  • «UdacityX MOOC» (АҚШ) инвестицион компанияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги — 40 млн. АҚШ доллари
  • Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва 2 та чет эллик ҳамкор (Қирғизистон, Афғонистон) — 20 млн. АҚШ доллари
  • «ITTIFOQ» МЧЖ ва «HANWOORI Co. Ltd.» (Корея Республикаси) — 3 млн. АҚШ доллари,
  • «Innovative Chemical Technologies» МЧЖ ва Тожикистоннинг икки компанияси («Not import only», «Azimiko») — 810 минг АҚШ доллари

Ўзининг маблағларини республика ҳудудига тегишли соҳалар бўйича киритувчи хорижлик ва маҳаллий инвесторлар:

  • «Воронежсельмаш» (Россия) — 35 млн. АҚШ доллари
  • «Хунг Ли» (Хитой)  — 10 млн. АҚШ доллари
  • ТОО «Arma Ltd.» (Қозоғистон) — 5 млн. АҚШ доллари
  • «Камол Султон» фермер хўжалиги — 3 млн. АҚШ доллари
  • «Наманган уруғчилик кластери» МЧЖ — 2,5 млн. АҚШ доллари.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг