Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инсон қўли билан барпо этилган мўъжиза – дара йўли (фото)

Инсон қўли билан барпо этилган мўъжиза – дара йўли (фото)

Фото: Xabar.uz

Туркия нафақат қадимий шаҳарлари, ҳузурбахш соҳиллари, балки пурвиқор тоғлари билан ҳам сайёҳларни жалб этиб келади. Туркия маданият ва туризм вазирлиги уюштирган сафар доирасида ОАВ вакиллари қаторида «Xabar.uz» мухбири Кастамону вилояти ҳудудидаги тоғ бағрида, қояларни ўйиб барпо этилган дара йўлида бўлди.

Фото: Xabar.uz

Куре тоғлари миллий парки 34 минг гектардан зиёд майдонни эгаллайди. Миллий парк тоғ, ғор, дарёю шаршара, наботот ва ҳайвонот олами – бетакрор экотизимни ўз ичига олади. Кастамону вилоятининг Пинарбоши тумани ҳудудидаги Ҳорма каньони сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган табиат масканлари сирасига киради.  Дара йўлини инсон қўли билан яратилган мўъжиза деб аташ мумкин. Қояларни бурғулаш йўли билан пўлат сим тортилиб, 3 километрли осма йўл барпо этилган. Қурилиш танаффуслар билан етти йил давом этган. Парк ходимларининг айтишича, осма йўлга 270 тонна пўлат, 500 кубометр ёғоч ва 260 мингдан зиёд мурват ишлатилган экан. 60 метр баландда, кескир қоялар бағрида барпо этилган йўлдан юриб, беихтиёр усталарнинг маҳорати ва жасоратига таҳсин айтасиз.

Фото: Xabar.uz

Дара йўли яна бир табиат мўъжизаси – Илижа шаршарасига олиб боради. Пастда Зари дарёсининг шўх ирмоқлари кўзга ташланади. Яна озроқ юрсангиз, улкан ғорга дуч келасиз. 858 метрли ғор дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда туради.

Мангу чўққи ва қоятошлар бағрида ўсган оғоч ва буталар Ойбек домланинг «Нафис чайқалади бир туп наъматак / Юксакда, шамолнинг беланчагида. / Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул, / Виқор-ла ўшшайган қоя лабида» деган машҳур сатрларини ёдга солади. Шафқат билмас вақт билан беллашмоққа азм этган улуғвор тоғлар эса шоир Шавкат Раҳмоннинг «Тоғлар – нортуялар абадий чўккан» деган ташбеҳини хотирга келтиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг