Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш – замон талаби. Фарғона НҚИЗда нима гап?

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш – замон талаби. Фарғона НҚИЗда нима гап?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилишда ўсиш кузатилмоқда. Нисбатан қисқа давр ичида таркибий чекловларни бартараф этиш, шунингдек давлатни босқичма-босқич иқтисодиётдан чиқаришга қаратилган ислоҳотлар бўйича маълум натижаларга эришилди.

Бироқ, республиканинг иқтисодий ўсиши қатор, хусусан нефть ва газ соҳаси билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маълумки, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон аҳолиси 35 миллионлик довондан ошди. Аҳоли сони ўсишига мос равишда бизнес ҳам ривожланмоқда, янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилмоқда. Буларнинг барчаси турли товарлар, жумладан стратегик спектр товарларига бўлган эҳтиёж ортишига олиб келмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлилларига кўра, таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси Товар-хом-ашё биржасидаги битимлар ҳажми 61,8 фоизга ошган. Минерал ўғитлар, пахта толаси, дизель, цемент, бензин, катод миси, қора металлар ва бошқа товарларни сотиш ҳажми ортган. Талабнинг ортиши нафақат аҳоли сони ошиши, балки турли бизнес турларининг глобал миқёсда ривожланиши, янги ишлаб чиқариш корхоналари очилиши ва бошқа қатор омилларга боғлиқ.

Argus нашри маълумотларига кўра, октябрь ойида Ўзбекистон жорий йилнинг сентябрь ойига қараганда Қозоғистондан нефть импорт қилиш ҳажмини оширган. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, бу Фарғона ва Бухородаги ишлаб чиқариш қувватларини таъминлаш учун хом-ашё тақчиллиги билан боғлиқ. Ўтган ойда Қозоғистондан «қора олтин» импорти 16 минг тоннани ташкил этди, сентябрь ойида эса бу кўрсаткич 12 минг тоннани ташкил қилган эди.

Экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистон томонидан Қозоғистон нефти унчалик кўп миқдорда импорт қилинмаган, чунки қайта ишлаш учун Туркманистон конденсати, Россиядан эса олтингугуртли газойли ҳам кириб келади.

Нефть маҳсулотлари импорти ишлаб чиқариш қимматлашишига бевосита таъсир кўрсататади. Ўзбекистон Республикаси Товар-хом-ашё биржаси сайтида келтирилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензин учун ҳафталик котировка 63,2 фоизга, яъни бир тонна учун 5 700,2 минг сўмдан 9 302,8 минг сўмга ошган. Мазкур маркали бензиннинг салмоқли қисми ёки 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.

Йил бошидан 12 ноябргача бўлган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич нархи ўрта ҳисобда 70 фоизга ошиб, бир тонна учун 10 005 минг сўмни ташкил қилди. 

Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида бошланғич ва биржа нархи ўртасидаги фарқ ўрта ҳисобда 1 фоиздан ошмади. Бошқача қилиб айтганда, биржа савдолари давомида бензин деярли ўз бошланғич баҳосида сотилган.

«Шу билан бирга, дунё биржаларида ҳам нарх-наво ошиши кузатилмоқда. Масалан, жорий йилда Brent маркали нефтьнинг дунё бўйича нархи ўртача 60-70 фоизга ошди», дейилади ЎзРТХБ сайтида.

Энергия ресурсларига бўлган талабни қондириш, шунингдек импорт ҳажмини қисқартириш учун энергия ташувчиларни қазиб олиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи аксарият корхоналарни тубдан ислоҳ ва модернизация қилиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 декабрдаги 1002-сонли «О мерах по дальнейшему увеличению добычи нефти из месторождений с трудноизвлекаемыми запасами и объемов переработки углеводородного сырья» қарорига мувофиқ, Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХК (илгари — «Jizzakh Petroleum» МЧЖ ҚХ) тақдим этилган 105 та кон негизида Ўзбекистон Республикасида нефть қазиб олишни ошириш дастури оператори этиб тайинланган бўлиб, шу конлардан 63 таси ишлаш, 42 таси эса консервация жараёнида. Мазкур конлардан қазиб олинаётган нефть тўлиқ ҳажмда Фарғона НҚИЗда қайта ишланиши кўзда тутилган.

Тақдим этилган нефть конлари қазиб олиш қийин бўлган конлар ҳисобланиб, уларнинг аксарияти қазиб олишнинг сўнгги босқичида. Инфратузилманинг кўплаб объектлари нефть ва газ қазиб олишни таъминлаш учун салмоқли даражада эскирган (90-100%) ва кенг миқёсдаги реконструкция ва қурилиш ишларига муҳтож.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 67-сонли «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қувватларидан самарали фойдаланиш ва заводни модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХК «Фарғона НҚИЗ» МЧЖнинг ишончли бошқарувига ўтказилган.

Фарғона НҚИЗ (ФНҚИЗ) 1959 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг сўнгги модернизацияси 1997 йилда амалга оширилган. Шу даврда замонавий ҳисобланган дизель ёқилғисини гидродесульфуризацияси қурилмаси ишга туширилган. Бироқ, қарийб чорак аср вақт ўтиб, ускун маънан эскириб, корхона модернизация қилишга кучли эҳтиёж сезарди.

ФНҚИЗни модернизация қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар доирасида Sanoat Energetika Guruhi мутахассислари томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилди.  

KPMG консалтинг компанияси томонидан ўткаилган техник аудит натижаларига кўра, 39 та технологик қурилмадан 16 таси маънан ва жисмонан эскирган деб топилиб, ишлаб чиқаришдан олиб ташлашга тавсия этилди.

Мазкур шарт-шароитларга қарамай, Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХК томонидан ФНҚИЗ билан ҳамкорликда халқ истеъмоли товарлари, жумладан автобензинни барқарор ишлаб чиқариш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ишончли бошқарувга ўтказишдан аввал Фарғона НҚИЗда «Ўзбекнефтьгаз» АЖ томонидан етказиб берилаётган нефть ва газ конденсати қайта ишланган. ФНҚИЗ ишончли бошқарувга ўтказилгач, 2020 йил апрель ойидан газ конденсат Бухоро НҚИЗга етказиб берила бошланди. Бу ўтган йили Фарғона НҚИЗда автобензин ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли қисқаришига ва бир вақтнинг ўзида Бухоро НҚИЗда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошишига хизмат қилди.  

Амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилда қазиб олинаётган нефть билан бир қаторда маҳаллий ва импорт қилинаётган газ конденсат етказиб бериш манзилини ФНҚИЗга йўналтиришни таъминлаш имконини берди.

ФНҚИЗ учун ТИА доирасида тўртта янги (вакуумли дистиллятлар ва деасфальтизат гидрокрекинги қурилмаси, Енгил нафта изомеризацияси, водород ишлаб чиқариш, Қисқа циклли адсорбция (ҚЦА)) технологик ускуналар қуриш ва ўнта мавжудини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:

- йилига 2 млн тонна углеводород хом-ашёсини қайта ишлаш;

- АИ-92 ва ундан юқори маркали автомобиль бензинлари, шунингдек Евро 5 стандарти талабларига жавоб берувчи дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш;

- халқаро талаблар ва сифат стандартларига жавоб берувчи API бўйича II+/III гуруҳига кирувчи таянч ва товар мойлари ишлаб чиқариш;

- гидрокрекинг ускунасидан кеносин компонентини жалб қилган ҳолда ва минтақадаги нефть ва газ конденсатларининг исталган турини жалб қилиш мумкин бўлган ТС-1 ва Джет А-1 авиация ёқилғилари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

- хом-ашёни қайта ишлаш чуқурлигини ошириш – камида 92 %.

Жорий йилда ФНҚИЗ ГДС дизель ёқилғисини гидротозалаш ускунасидаги эски катализаторни замонавийсига алмаштириш ҳисобига Евро 4,5 синфига кирувчи товар дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Жорий йилнинг 17 ноябрь ҳолатига кўра, Фарғона НҚИЗда 199 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилган бўлиб, улардан 175 минг тоннаси биржа савдоларига қўйилган. Автобензинни биржа савдоларига қўйишнинг қизғин палласи 34 минг тонна кўрсаткич билан жорий йилнинг февраль ойига тўғри келмоқда. Автобензиннинг биржа савдолари орқали сотилмаган ҳажми Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХҚ томонидан форвард шартномалар бўйича маҳаллий истеъмолчиларга сотилган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, «Sanoat Energetika Guruhi» МЧЖ ХК тақдим этилган 105 та кон негизида Ўзбекистон Республикасида нефть қазиб олишни ошириш дастури оператори этиб тайинланган бўлиб, шу конлардан 63 таси ишлаш, 42 таси эса консервация жараёнида турибди.

Бугунги кунда Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ХК ва Фарғона НҚИЗ томонидан ҳар куни ишлаб чиқарилаётган бензиннинг ҳаммаси тўлиқ ҳажмда – камида 670 тонна биржа савдоларига қўйилмоқда.

Фарғона НҚИЗ модернизацияси давом эттирилмоқда ва 2027 йилгача мўлжалланган реконструкция натижасида завод нефтни қайта ишлаш комплексига айлантирилади. Инновацион технологик ускуналар қурилиши нефть маҳсулотларининг янги турлари ва полимерлар (олефинлар) ишлаб чиқариш имконини беради, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва бизнес қакилларининг сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг