Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ислом Каримов нега халқдан пулини зудлик билан сарфлашни сўраганди?

Ислом Каримов нега халқдан пулини зудлик билан сарфлашни сўраганди?

Давоми. Боши «Ислом Каримовнинг Давлат котиби ўзбек сўми қандай дунёга келганини сўзлаб берди» мақоласида.

Ўшанда бизда давлат бошқаруви тарихида кутилмаган қалтис вазият рўй берди. Президент ҳатто Ўзбекистон телевидениеси орқали чиқиш қилиб, «пулинглар бўлса мол-жон сотиб олинглар, ушлаб турманглар, сарфланглар», деб тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилди.

Россия эски пулининг ўрнига бир неча ҳимоя воситасига эга бўлган янги пулини чиқарди. Олди-сотдига жорий этилди, лекин Ўзбекистонда ҳали ҳеч кимда бундай пул йўқ эди. Одамлар қўлида бўлган эски 50 рублликлар бир кечада куйиб кетди. Ўшанда бозор иқтисодиётига ўтишни, мустақил иш фаолияти юритишни энди бошлаган қанчадан-қанча одамлар қўлида кўк рангли даста-даста пуллар фақат тандир-ўчоқда ёндиришгагина ярайдиган оддий бир қоғозга, «писта пўчоқ»қа айланди-қолди.

Ўз пулимизнинг йўқлиги иш самарадорлигига ҳам таъсир кўрсата бошлади. Бундай вазиятда нима қилиш керак, деган савол Ислом Каримовга тинчлик бермай қўйди. Биласизми, шундай мураккаб бир пайтда буюк саркарда Амир Темур ёрдамга келди, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Аниқроқ айтганда, Соҳибқироннинг маблағи тугаб қолгани, ҳатто аскарларга берадиган нафақа пули ҳам йўқлиги ҳақида дунёнинг қайсидир мамлакатидан чопар орқали Самарқандга йўллаган мактуби ва унга суюкли ёри, маслаҳатчиси Бибихонимдан келган жавоб Ислом Каримовнинг ёдига тушди. Буюк Амир Темурнинг ақлда тенгсиз, суюкли рафиқаси Бибихонимнинг «Амирим, ҳа, агар пулингиз йўқ бўлса, ақлингиз ҳам йўқми, унга нима бўлган?!» деган сўзлари Ислом аканинг бу масалага ечим топишига катта туртки берди.

Шу гапларни ёзяпман-у, Ислом Каримовнинг мустақилликнинг дастлабки йилида хорижга қилган ташрифлари ёдимга тушади. Пул ислоҳотидан бир-икки йил бурун Ўзбекистон Президенти аввал Ҳиндистонга, сўнг Туркияга расмий ташриф билан борди. Хорижий сафарга кетиш арафасида делегация аъзоларига «ведомост»га қўл қўйдириб, Ҳиндистонга бўладиган уч кунлик сафарга 16 доллар, Туркияга эса 21 доллар миқдорида хизмат сафари ҳақи берилган эди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам пул танқис эди. Одатда, пул йўқ бўлса, олди-берди ҳам тўхтайди.

«Пул йўқ, хўш, нима қилиш керак?», деб боши қотиб турган Ислом Каримовнинг хаёлига ярқ этиб бир фикр келади. Ҳа, пули бўлмаса ҳам илгари сўнгги мисқолигача Марказга жўнатилган, пулдан ҳам аълороқ, бутун жаҳон ҳисоблашадиган олтини бор-ку Ўзбекистоннинг! Лекин Ўрта асрларда бўлгани каби олтинни чўнтакка солиб олиб юриб бўлмаса, унга дўкондан бирор нарса харид қилиш имконсиз, хорижий аэропортларда ёнилғи учун ҳисоб-китоб қилиб бўлмайди! Яна хаёлларга чўмди Президент «Нима қилиш керак?»

– Ёдимда, – давом этади Раҳим ака. – Ўша пайтда Ислом Каримов саноқлигина раҳбарларни хонасига йиғиб шундай деди: «Муҳокама қиладиган мавзуимиз жуда нозик. Миллий пулимиз муаммоси. Ўзимизнинг миллий валютамизга ўтиш масаласи мураккаб ва у чўзилиб кетаяпти. Биз икки йирик давлат билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу ўзаро икки томонлама ўта ёпиқ музокаралар бўлгани сабабли гап шу ерда ва шу хонада қолиши шарт» деб бироз сукут сақлади-да, сўнг гапида давом этди: «Пулни босиш жараёни деярли тугаган, қоғоз пуллар шу давлатлар омборларида тайёр турибди. Фақат шу қимматбаҳо қоғозларга кетган сарф-харажат ҳақини тўлаб, ўзимизнинг мутахассисларимиз томонидан яратилган ва қатор ҳимоя чизиқларига эга бўлган ўзбек миллий қоғоз пулини Ўзбекистонга олиб келишимиз керак. Бу билан мустақилликка эришиш йўлида яна бир муҳим қадам қўйган бўламиз. Биз бу давлатлар билан ўзбек сўми учун бозор баҳосида олтин билан ҳисоблашамиз».

– Сизни, Раҳим Ражабович, – дея менга мурожаат қилди Ислом Абдуғаниевич, – шу давлатга (ривожланган давлатлардан бирининг номини айтди), яна бир масъул ходимга қараб, сизни эса (энди Шарқ давлатларидан бирини тилга олди) юборишни режалаштираяпмиз. Бир нарсада ниҳоятда эҳтиёт бўлишингизни сўрайман. Хорижга учаётган самолёт Россиянинг Ильичевск шаҳрида ёнилғи олишга тўхтайди, ҳар бир аэропортда бўлгани каби у ерда ҳам самолётни назорат қиладиган божхона хизмати мавжуд. Бу томонга учаётган самолёт (Яқин Шарқдаги мамлакат аэропортининг номини айтди Ислом ака) шу ерда ёнилғи олиш учун тўхтайди, у ерда ҳам божхона бор. Бу масалаларни тушунтириш йўли билан, шовқин-суронсиз, тинчгина ҳал қилмоқ керак.

– Албатта, кутилмаган бу топшириқдан аввалига саросимага тушиб қолдим. Шундай бўлса-да, хонасида, одамлар олдида эътироз билдирганим йўқ, – деб давом этади Раҳим Ражабов. – Лекин, йиғилишдан кейин Ислом Каримов хонасига кириб:

– Ислом ака, мен темир-терсакни биламан, завод-фабрикани биламан, ана боринг, қурилишнинг ҳам уддасидан чиқишим мумкин. Бунинг устига мен инглиз тилини билмасам, бунақа операцияларга умуман уқувим ҳам йўқ, – дея бундай мураккаб ва нозик топшириқдан мени озод қилишини сўрадим.

Ислом аканинг қаттиқ жаҳли чиқди ва менга қараб:

– Ҳа қўрқоқ, яна давлат котиби эмиш-а, – деб баланд овозда гапириб ташлади.

Чидадим, нима ҳам қилишим мумкин эди? Миллий валюта масаласи ниҳоятда муҳим, уни зудлик билан жорий этиш керак. Кейин Президент кимнингдир манфаатини эмас, халқ манфаатини, давлат манфаатини ўйлаб иш қилаяпти. Лекин, кейин маълум бўлишича, қайсидир бир аэропортда самолётимиз ушланган. Тиллолар ҳибсга олинган. Махсус халқаро комиссия барчасини текширган. Таҳлил қилиб кўрилгач, бу тадбирда ҳеч кимнинг қора бир нияти, шахсий манфаати йўқлиги сабабли ва бу операция энди мустақилликни қўлга киритган халқ манфаати ва жаҳон харитасида янги пайдо бўлган ёш давлатнинг бир марталик тадбири экани каби асл сабаблари тушунтирилгач, муаммо дипломатик ва юридик йўл билан ҳал қилинди. Балки шу пайтларда «зулмат салтанати» деб юритиладиган Совет Иттифоқидан ажралиб чиққанимиз ҳам ёрдам берган бўлса, ажабмас.

Шундай қилиб, мустақил Ўзбекистон ўз пулига эга бўлди. Лекин бу ҳали ҳақиқий миллий валюта эмас, вақтинчалик пул қоғозлари эди, холос. Худога минг қатла шукурлар бўлсинки, ҳозир мана Ўзбекистон ўз тангасига, бошқа пул бирликларига нисбатан қадр-қиммати белгиланган, яхши ҳимояланган қоғоз пулларига, давлат ғазнахонасига, замонавий пул босиш корхоналарига, юзлаб банкларига эга.

1991 йилнинг августи. Москвада ўзини Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси (ГКЧП) деб аталган бир гуруҳ сиёсий авантюристлар давлат тўнтаришини содир этишга уринган кунлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг хорижга дастлабки расмий ташрифи билан Ҳиндистонда эди. Мустақиллик учун қаттиқ курашган Ислом Каримов яширин ҳолда чақирилган бу йиғилишдан, табиийки, бехабар эди.

Ҳа, албатта, давлат мустақиллигини қўлга киритиш, кейин унинг оёққа туриши ҳеч қачон осон бўлмаган. Эндигина мустақиллик нашидасини сураётган қарийб 22 миллионли Ўзбекистон халқини ҳар куни озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан таъминлаш керак. Дўконлар, бозор расталари бўм-бўш. Ахир, ишчиларга маош, пенсионерларга нафақа, талабаларга стипендия бериш, қўйингки, жамиятда, инсонлар орасида бўладиган ўзаро муносабатларнинг қарийб барчаси пул орқали амалга оширилади. Биз эса 3-4 йилдан буён бошқа давлат пули билан яшар, молиявий фаолият юритар эдик. 130 йил давомида поймол этилган ғуруримиз ҳамон тўлиқ тикланмаган эди. Шундай бир вазиятда Ислом Каримовнинг ташаббуси ва ғайрати билан ҳукумат ва молия вазирлиги ходимларининг хатти-ҳаракатини ҳақиқий жасорат, деса бўлади. Бу ишда шу пайтдаги раҳбарларнинг мустақил Ўзбекистонга бўлган меҳри, ватанпарварлиги, миллий ғояга содиқлиги ва инсоний поклиги уларни руҳлантирар, дадил ҳаракатларга чорлар эди. Ва, ана шу муҳим, қалтис, лекин қилиниши муқаррар бўлган иш амалга ошди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг