Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Италия ташқи ишлар вазири Шарқий Гутадаги зўравонликларда Дамашқни айблади

Италия ташқи ишлар вазири Шарқий Гутадаги зўравонликларда Дамашқни айблади

Фото: «Интерфакс»

Италия ташқи ишлар вазири Анжелино Алфано Дамашқ режимини Шарқий Гутадаги зўравонликларга чек қўйишга чақирди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирининг чоршанба кунги расмий баёнотида маълум қилинди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Дамашқ режими ушбу ноинсоний ҳаракатлар учун жавобгардир. Мен халқаро ва минтақавий кучларни, хусусан, Суриядаги вазиятни яхшилашга қаратилган Остона формати давлатлари Туркия, Россия ва Эронни ушбу зўравонликларга чек қўйишга чақираман», — деди Анжелино Алфано.

Жангарилар назоратида бўлган ва ҳукумат қўшинлари томонидан қамалга олинган Шарқий Гута Суриядаги сулҳнинг кафили бўлган мамлакатлар — Россия, Эрон ва Туркия ўртасида 4 майда имзоланган келишувга биноан ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудудлар рўйхатига киритилган эди.

БМТ мунтазам равишда ушбу ҳудуддаги вазият ҳақида ташвиш билдирмоқда ва инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш учун шарт-шароит яратишга чақириб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сешанба куни Шарқий Гутада бешта шифохона ҳужумга учраганлиги ҳақидаги хабарларни текшириб кўришини маълум қилди. ЖССТ Дамашқ атрофидаги жангларда инфратузилма, шу жумладан тиббий муассасалар вайрон қилингани учун уларни Суриядаги ихтилоф бошлангандан бери юз берган мураккаб тўқнашувлардан бири деб ҳисоблайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг