Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанубий Кореяда ишлаш истагидаги фуқаролар учун тест синовлари 8-12 октябрь кунлари ўтказилади

Жанубий Кореяда ишлаш истагидаги фуқаролар учун тест синовлари 8-12 октябрь кунлари ўтказилади

Фото: «Xabar.uz»

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жанубий Кореяда шартнома асосида меҳнат қилиб, қайтган ва такрорий бориш истагидаги фуқаролар учун 8-12 октябрь кунлари тест синовлари ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Хорижда қонуний йўл билан ишлаш учун Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг жойлардаги бюросига мурожаат қилиш керак. Улардан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Кореяга бир ярим минг нафар, Россияга етти юздан кўпроқ, Туркияга уч юзга яқин, Польшага беш нафар юртдошимиз қонуний йўл билан юборилган.

Маълумотларга кўра, Кореяга белгиланган квота уч минг юзта бўлиб, қолган номзодлар иш берувчининг танловини кутиб турибди. Шунингдек, Латвия билан тузилган келишувга асосан келгуси йилдан бошлаб мавсумий ишларда ишлаш учун юртдошларимиз жалб этилади.

Хорижда ишлаш учун бориш истагини билдирган фуқароларга «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чипталарига чегирмалар, шунингдек, чипта харид қилиш харажатларини қоплаш учун бир йилда бир маротаба 300 минг сўм миқдоридаги беғараз тўлов тақдим этилмоқда.

Жорий йилнинг 2 апрелидан 27 сентябрь санасига қадар 300 минг сўм миқдоридаги беғараз кўмакни 26 минг 200 нафар юртдошимиз «Алоқабанк» орқали олишга эришди. Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари транспорт ва бошқа харажатлари учун «Ипотекабанк» орқали 1000 долларгача кредит олиши мумкин.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия, Польша, Жанубий Корея каби давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида фаол ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Улар хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларимизга зарур шароитлар яратишга кўмаклашмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган минтақавий бюроларда хорижга кетувчи фуқаролар ўқитилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг