Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жиззахда IT Парк филиали очилди (фото)

Жиззахда IT Парк филиали очилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 11 ноябрь куни Жиззах шаҳрида IT Парк минтақавий филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу режалаштирилган 14 та филиалнинг тўртинчиси бўлиб, улардан учтаси Гулистон, Марғилон ва Андижонда очилганди.

Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазир ўринбосари Баҳромжон Олматов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат ва IT Парк директори ўринбосари Баҳодир Аюповлар иштирок этишди.

Жиззахдаги IT Парк филиали Ш.Рашидов кўчаси, 63-уй, яъни Жиззах вилояти ҳокимлиги олти қаватли биносининг иккинчи қаватида жойлашган.

Филиал 24/7 режимда фаолият юритиб, у ерда чет эллик шериклар ва турли компаниялар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилади.

Бундан ташқари, IT Паркнинг Жиззах ҳудудида IT-марказ ҳам очилди, бу исталган кишига IT соҳасидаги фан ва касбларни ўрганиш имкониятини беради: компютер саводхонлиги, дастурлаш, Web-дизайн, график дизайн, мобил робототехника, киберспорт турлари, IT-инглиз тили ва бошқалар.

IT  Паркнинг Жиззах филиалига ўқув хоналари ва киберспорт синфлари учун 43 та компютер тўплами берилди, 43 ўқувчига мўлжалланган 3 та замонавий ўқув хоналари яратилди. Бу ерда йил давомида 500 га яқин талаба таълим олиши мумкин.

«Жиззахда IT Паркни ташкил қилиш катта ва муҳим масала», — дейди Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев. — «Энди Жиззах заминида ахборот технологиялари каби муҳим соҳада истеъдодларни юзага чиқарувчи муассаса бор. IT Паркнинг Жиззахда қулай ва самарали ишлаши учун барча шароит мавжуд: юқори тезликдаги интернет, 46 ўринли конференция зали, кутубхона, коворкинг маркази, start-up хоналари, робототехника лабораторияси, медиа-марказ, киберспорт ва инновацион машғулотлар».

Жиззахдаги филиал лойиҳасини IT Парк маслаҳатчиси Жаярам Партасарти бошқаради. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Айни пайтда IT Паркнинг бир қатор резидентлари Жиззах филиалига мансуб: PE «ALITECH WEBSITE SOLUTIONS» — веб-сайтларни ишлаб чиқиш бўйича хизматлар; МЧЖ «INCLUDE» — S-Zone —талабаларни камера ёрдамида текшириш, соғлиқни сақлаш тизимларини автоматлаштириш - Medcash; «UZTAN MEDIA» ХК — доменни рўйхатдан ўтказиш хизматлари, шунингдек веб-сайтларни жойлаштириш; PE «MY WAY GROUP» — юкларни етказиб бериш учун «MY GRUZ» дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; МЧЖ «KROXUS SOFT» — CRM ва ERP тизимлари.

IT Парк резидентлари учун бир қанча афзалликлар мавжуд (маҳаллий ва хорижий IT компаниялар учун ҳам): даромад солиғи 7,5 фоизгача пасаяди, нол корпоратив ва ижтимоий солиқлар, ўз эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг