Жуманазар Бекназаров: «40 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини ўтказганимдан сўнг бунинг ҳисобини юритмай қўйдим» (видео)

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, одамларни қизиқтирган саволларга халқчил ва содда тилда жавоб бериб бориш, Республикадаги кўзга кўринган тиббиёт мутахассисларининг халққа янада яқин бўлишларига ҳисса қўйиш мақсадида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урди.

Лойиҳамизнинг биринчи меҳмони Республика бош уронефрологи, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар урологияси ва нефрологияси бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров бўлди.

Ўзбекистондаги энг малакали болалар урологларидан бири сифатида тан олинган Жуманазар Бекназаров 1946 йили Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Отгузар қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда ўқишни тугатиб, 1964 йили Тошкент медицина институтига ўқишга кирган.

Шифокорликка меҳр қўйишининг ҳам тарихи бор. Ўзининг ҳикоя қилишича, 1953 йили укаси менингитга чалинади. Бир куни ҳушдан кетиб, ўзини йўқотганида, Шаҳрисабзга олиб боришади. Дўхтир беморнинг орқа миясига укол қилиб, мия суюқлигини олиб, ўрнига пенициллин жўнатган. Ана шу пенициллиннинг 100 минг бирликдагиси ушбу хасталикни тузатган. 21 кунлик муолажадан сўнг бемор отдай бўлиб кетган. Шу-шу кичик Жуманазар дўхтирликка ўқиб, одамлар дардига малҳам бўлишни кўнглига тугади. Нияти холис экан, мана бугун у — республиканинг энг етакчи мутахассисларидан бири.

Жуманазар Бекназаров 1970 йили Тошкент медицина институтида ўқишни тамомлаб, Қашқадарё вилоятининг Толлимаржон шаҳарчасида фаолиятини бошлаган. 1973—1975-йилларда устозининг тавсиясига кўра болалар жарроҳлиги бўйича ординатурада таҳсил олган.

1975 йили Тошкент шаҳридаги 2-шаҳар болалар шифохонасида шифокор-ординатор, 1978 йили шифокор-ассистент вазифаларида фаолият кўрсатган.

1985 йили буйрак-тош касалликлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Орадан ўн йил ўтгач, яъни 1995 йили докторлик диссертациясини ёқлаган.

«Нега айнан урологияни танлагансиз?» деган саволимизга: «Отам шу касб эгаси бўлишимни хоҳлагандилар», деб айтди. Энг қизиғи, отанинг хоҳиши билан устознинг хоҳиши бир хил бўлиб чиққанидадир. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Карим Хўжаевич Тоҳиров шогирдига шундай маслаҳат беради: «Ўғлим (у киши менга «ўғлим» деб мурожаат қиларди — изоҳ Ж.Б.), болалар урологияси бўйича мутахассислар кам, мана шу соҳа бўйича ишласанг яхши бўларди». Отаси ва устозининг йўриғидан юрди ва кам бўлмади.

Жуманазар Бекназаров билан суҳбатимиз икки соатдан ошиқроқ давом этди. Ўқувчиларни зериктириб қўймаслик учун айрим кадрларни архивга олиб қўйишга тўғри келди. Интервьюни қисқартириб эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Шунда ҳам у икки қисмдан иборат бўлди.

Суҳбатимизнинг биринчи қисмида болалар урологияси соҳасидаги муаммолар, ечимини кутаётган масалалар, кейинги пайтда болаларда бундай касалликлар кўпайиб бораётганининг сабаблари, оилада тиббий маданиятнинг ўрни, юртдошларимиз бу масалага кўп ҳолларда бефарқлиги, бу эса миллат генофондига қанчалик таъсир кўрсатаётгани ҳақида сўз боради.

Интервьюнинг иккинчи қисмида эса тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали юртдошларимиздан келган саволларга жавоб беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланаётган ушбу лойиҳа мунтазам давом этади. Яна қайси мутахассислардан интервью олишимизни хоҳлайсиз? Қайси касалликлар ва уларнинг давоси ҳақида маълумот берсак, сиз учун қизиқ? Фикр-мулоҳазаларингизни ушбу мақолага изоҳ сифатида ёзиб қолдиринг. Сайтимизда бугундан изоҳ қолдириш функцияси ишга туширилди. Бунинг учун рўйхатдан ўтишингиз ёки ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингиз орқали сайтга киришингиз талаб этилади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг