Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналистларнинг оғриқли дарди қўзғалди

Журналистларнинг оғриқли дарди қўзғалди

Фото: «60kvm.ru»

Бу дардни ижарама-ижара юрадиган, пул тўлаб хўжайиннинг қош-қовоғига қараб иш тутадиган, уйдан уйга кўчганда болаларининг саволига жавоб бера олмай эзиладиган оталар, рўзғорини бутлай олмаётган ёш оилалар жуда яхши билади. 

«Уй ижараси учун бериладиган пулимизни ипотека кредити учун тўласак бўлмайдими?». Мазкур мақола Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган эди.

Муаллиф мақола аввалида вақтинчалик прописка қўйиш билан боғлиқ ҳолатларни ўзининг кундалик ҳаётидаги жараён мисолида кўрсатиб берар экан, навбатдаги энг муҳим ва айтиш мумкинки, кўпчилик ҳамкасбларимиз учун ниҳоятда зарур бўлган уй-жой билан боғлиқ масалага ўтади. Эътиборлиси шундаки, мақолада

«Ижара учун бераётган (кўп ҳолларда ноқонуний) пулимизни Ипотека кредити учун тўласак, ўн йилга ҳам бормасдан қоплаб юборишимиз тайин. Бу ҳам банкка, ҳам бизга фойда эмасми?» деган савол ўртага қўйилган.

Бир қарашда таклифга, бир қарашда эса иддаоли эътирозга ўхшаб кетадиган бу саволнинг жавоби, унинг тагида ётган масала ечимининг вақти аллақачон келди, назаримда. Аслини олганда, бу муаммо ҳам давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Хусусан, Президентимиз 2017 йилнинг 3 августида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган тарихий учрашувда адабиёт ва санъат, маданият соҳалари билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш, мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалаларга тўхталиб, бу борада қилиниши керак бўлган устувор вазифалар ҳақида қимматли фикрларини билдирган эди.

Айтиш лозим, ўтган қарийб бир йиллик вақт давомида ушбу йиғилишда айнан оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, журналистикага ихтисослашган олий ўқув юрти иш бошламоқда, ҳамкасбларимиз фаолиятида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган расмий ташрифини ёритишда етакчи марказий нашрларнинг мухбирлари ҳам иштирок этганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса бу борадаги энг муҳим қадам бўлганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Агар ушбу қарорга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда оммавий ахборот воситалари фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, ахборот агентликлари ва Интернет нашрларида меҳнат қилаётган журналистларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш каби масалаларга тўхталиниб, унинг тўртинчи бандида эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйиш белгилаб қўйилган.

Шу ўринда савол туғилади: масаланинг қонуний ечими кўрсатиб берилган бир пайтда унинг ижроси нега таъминланмаяпти?. Шу ўринда аччиқ бўлса-да айтиш керак, ушбу қарорда белгиланган вазифалар тўлиқ ишга тушмаяпти.

Албатта, ҳар бир масаланинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Айни шу борада ҳамкасбларимиздан бири билан суҳбатлашиб қолганимизда, у:

«Ҳамма нарсанинг вақти бор, Президентимиз ҳар бир соҳа ривожини босқичма-босқичликда такомиллаштириб бормоқда. Профилактика инспекторлари ҳам уйли, ҳам мошинали бўлишди, дин пешволарига ҳам шундай имтиёз берилди. Ўзимизнинг йўналишда ҳам мана, Ёзувчилар уюшмасида катта ўзгаришлар бўлди, уюшма аъзолари сиз айтмоқчидек, ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминланмоқда, қани навбат бизга ҳам келиб қолар»,

деган жўяли бир фикрни айтиб тасалли бергандек бўлди. Ўйлаб қарасам, ҳамкасбимнинг гапларида ҳам жон бор. (Мақолани ёзиш жараёнида ана шу суҳбатни яна бир бор эсладиму, шу кунларнинг тезроқ келишини, машҳур иборага айланган бир сатрда айтилганидек, бизнинг кўчаларда ҳам байрам бўлажагини умид қилиб бир энтикиб қўйдим).

Б.Ибрагимов мақоласида уйсизликнинг, ижарада туришнинг харажатларини жуда аниқ ва айни пайтда таъбир жоиз бўлса, чиройли кўрсатиб берган. Аммо унинг назаридан четда қолган яна бир жуда муҳим жиҳат борки, бу ижодкор учун жуда-жуда керак бўлган — кўнгил хотиржамлиги ва руҳий ҳаловатдир. Ижарама-ижара юришнинг, пул тўлаб хўжайиннинг қош-қовоғига қараб иш тутишнинг, кўчганда қўни-қўшниларни, болангнинг боғча-мактабини ўйлаб эзилишларнинг нақадар оғир эканини шундай шароитда яшаганлар жуда яхши билади. Узоққа бормай, ўзим тенги ошно-оғайниларимнинг, ҳамкасбларимнинг ўзаро гап-сўзларида, турмушида, кайфиятида, қолаверса, ўзимнинг ҳам ҳаётимда бунинг жуда кўп, таъбир жоиз бўлса, изтиробларини кўрганман.

Ҳа, уй-жойли бўлишни халқимиз Ватанли бўлиш билан менгзашида катта маъно бор. «Ўз уйинг — ўлан тўшагинг» деган ҳикмат ҳам шундан.

Бу гапларни ўқиб кимдир: «журналистлар шунчалик эзилиб кетган экан, бунча давлатга ёпишавермаса, ўзлари ҳам ҳаракат қилиб замон билан ҳамнафас бўлиб, ўз аравасини ўз тортса бўлмайдими?» деган фикрга ҳам бориши мумкин. Бу фикрда ҳам жон борлигини асло инкор этмаган ҳолда ижодкор аҳлининг ўз дунёси борлигини, тадбиркорлик ёки шунга ўхшаш касблар билан рўзғорини гуллатиш бу соҳа вакиллларидан жуда кўпчилигининг қўлидан келмаслигини ҳам айтиб ўтиш лозим бўлади.

Мақолани ўқиш жараёнида муаллифнинг «Шу юрт учун холис хизмат қилишдек улкан орзуси кўксида барқ уради», деган гапи, айниқса, эътиборимни тортди. Ҳа, киндик қон тўкилган ва униб-ўстирган шу юрт учун ҳар қанча холис хизмат қилсак арзийди. Бу ҳар биримизнинг шу ватан, халқ олдидаги фарзандлик бурчимиз. Бугунги глобаллашув даврида журналистларнинг ана шу масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ошган назаримда. Зеро, ахборот алмашинуви жуда тезлашган, ахборот майдонлари ядро полигонларидан кучли бўлиб бораётган бугунги кунда халқона қилиб айтадиган бўлсак, калласи бутун бўлган, ижара ҳақи тўлашу рўзғор ташвишини четга суриб худди чегарачилардек керакли пайтда юрт манфаатларини ўйлайдиган, ташқи ахборот жараёнларига муносиб жавоб берадиган журналистлар ҳам жуда-жуда керак. Зеро, биз юқорида тилга олган қарорда ҳам айни вақтда, ҳозирги шиддатли ахборот замонида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, журналистларнинг профессионал малакасини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш борасида бир қатор долзарб муаммолар ўз ечимини кутиб тургани алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Мақола муаллифи айтганидек, хуллас, санайверсак, муаммолар болалаб кетаверади. Айни бу ўринда Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувида билдирган фикрларини эсласак, кўп нарса ойдинлашади: «Бугун биз «ижодкорларимиз ишламаяпти», деб сизлардан, сизлар эса «давлат ёрдам бермаяпти», деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас. Келинглар, бугун ўз олдимизга «Ким айбдор?» деб эмас, «Ким нима қилиши керак?» деган савол қўяйлик».

Дарҳақиқат, ҳамжиҳатликда гап кўп. Бугун юртимизда аҳилликда қилинаётган ишлар натижасида шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳар бир соҳа, йўналиш ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, тўпланиб қолган муаммо ва масалалар ҳал этилаётган, энг муҳими, одамларнинг ҳаётидан, турмушидан рози бўлиб яшаши учун жуда катта бир хайрли ишлар қилинаётган ҳозирги пайтда озгина эътибор қаратилса, бу масала ҳам ўз ечимини топади.

Бугун журналистларнинг кўпчилиги шундай мурувватга муҳтож!

Содиқ Норбоев,
журналист.
«ЎзА».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг