Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кадр ва қадр. Ёки вазирлик «парол»ни тушунмабдими?

Кадр ва қадр. Ёки вазирлик «парол»ни тушунмабдими?

Бугун қайси жабҳани қараманг — асосий муаммо битта: малакали кадр танқис. Айниқса, таълим соҳасида! Чунки, ўқитувчи-педагоглар мавқе каттароқ компания қоровулидан ҳам паст бўлгач, соҳада малакали кадр қолармиди?!

Шукрки, бугун вазият ўзгача. Таълим «ё ҳаёт, ё мамот» экани, ниҳоят, англаб етилди. Ва шунга монанд ҳаракатлар бошланди. Шунга қарамай, айнан таълим тизимида кадрларни жой-жойига қўйишда ғалати-ғалати «ўйин»лар кўзга ташланмоқдаки, шуларнинг биттаси ҳақида сўз юритамиз. Унутмайлик: бирники — мингга, мингники — туманга, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

Янгиариқлик Гулруҳ Ибрагимова — педогог-психолог. Ўз мутахассислиги бўйича 11 йиллик малакага эга. Умумтаълим мактабларида психолог, директор ўринбосари вазифаларида ишлаб,  орттирган тажрибалари боис 2019 йилнинг октябрида Янгиариқ туман халқ таълими бўлимига методист-дефектолог лавозимига ишга қабул қилинади.

Маълумки, дефектолог — нутқида нуқсони мавжуд болалар билан ишловчи мутахассис саналади. Методист-дефектолог эса ана шу ходимлар йўриқчиси бўлиб, уларнинг фаолиятида психология сув билан ҳаводай зарур.

Гулруҳ Ибрагимова шу лавозимда чакки ишламади. Унга бўйсуниб ишловчилар ҳам ҳақиқий мутахассис – психологлар эди-да. Қарс икки қўлдан,  ахир?!.

Бироқ уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғи билан туман халқ таълими бўлимидаги айрим шўъбалар тугатилди, айримлари эса бошқа ном остида қайта ташкил қилинди. «Тизимга келган тўй»дан Гулруҳ ҳам «бенасиба» қолмади: унга 2019 йилнинг 28 октябрида 28 декабрга қадар ўзига бошқа иш топиши ҳақида «Огоҳлантириш хати» берилди.

Бу хат аслида унга тутқазилган патта эканини Гулруҳ кеч англади.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, вазирликдан Г.Ибрагимова раҳбарлик қилаётган шўъба аслича қолгани ва фақат профориентатор лавозими қисқаришга тушиб, дефектолог-методист лавозимининг номи психолог-методист сифатида ўзгарганлиги ҳақида мужда келди. Бундан Гулруҳнинг кўнгли таскин топгандай бўлди. Ҳар ҳолда қисқартиришга тушмайди, иссиқ жойи совумайди... Бугунги кунда ёш она учун ишсиз қолиш ҳазилакам муаммоми?!

— Туман халқ таълими бўлими бошлиғи Даврон Болтаев бизнинг бўлимдагиларга ўз вазифамизга қайта тайинланишимиз учун номзодлар рўйхати Халқ таълими вазирлигига юборилганини айтиб қолди, — дейди Г.Ибрагимова. — Орадан кўп вақт ўтмай психолог-методист лавозимига Акмал Юлдашев, методист лавозимига эса Иқбол Саъдуллаева тасдиқланганини эшитдим.

Хўш, нима бўпти, дерсиз?

Гап шундаки, психолог-методист лавозимига лойиқ кўрилган Акмал Юлдашев асли мутахассислиги кимё-технология муҳандиси бўлиб, 4 ойлик ўқув курсида ўқиб, психолог сертификатини олган экан. Сертификат ҳақиқий мутахассислик дипломи ўрнини ҳеч қачон босолмаслиги кундай равшан. Кулгили жиҳати шундаки, вазирлик томонидан тақдим қилинган ҳужжатга кўра, ҳақиқий мутахассис Иқбол Саъдуллаева номутахассис кадрга бўйсунувчи қилиб тасдиқланган. Ваҳоланки, вазирликнинг 2019 йилнинг 1 ноябрдаги 06-06/1-3117 сонли хатида ушбу лавозимга 5 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга соф педогог психологлар номзодини бериш сўралган.

Биз билан суҳбатда туман халқ таълими бўлими мудири Даврон Болтаев номзодлар рўйхатида Гулруҳ Ибрагимованинг ҳам исм-фамилияси бўлганлиги, бироқ нима учун Акмал Юлдашевнинг бўлим бошлиғи қилиб тасдиқланганлигига изоҳ беролмаслигини таъкидлади. Бироқ гапини тасдиқловчи ҳужжат ҳам тақдим эта олмади.

Бунданам қизиғи — мудирнинг кейинги айтган гаплари бўлди. Бир қулоқ тутинг-а: «Мен Гулруҳнинг исм-фамилиясини рўйхатга киритиб, албатта шу номзодни тасдиқланглар, деган маънода унинг бир чеккасига нуқта қўйиб жўнатганман. Вазирликдагилар нега бунга аҳамият берилмаганидан бехабарман...».

Ким билсин, ростанам ўша «нуқта» – «парол»ни вазирлик масъуллари тушуниб етмаган ёки бошқа фамилия ёнига яна бошқа биров «нуқта» эмас, «ундов» қўйиб юборгани учун Гулруҳнинг омади чопмадимикан?

Нима бўлгандаям мудирнинг гапи жуда кулгили ва... ачинарли ҳам!

Кадрлар жой-жойига қўйишда унинг салоҳиятига эмас, ҳужжатлар четига қўйиладиган «белгилар»га  қаралар экан, ҳали бери тизимда жиддий ўзгаришлар бўлиши маҳол...

Хуллас, Янгиариқ туман халқ таълими бўлимида номутахассис психолог-методистликка лойиқ кўрилди. Малакали мутахассис Иқбол Саъдуллаева эса оддий услубчига айланди, ўн беш йиллик тажрибага эга Гулруҳ ишсиз қолди. Устига-устак унинг вояга етмаган 4 нафар фарзанди бор. Мавжуд меҳнатга оид қонунларга кўра, 3 ёшгача фарзанди бор оналар махсус имтиёзлардан фойдаланиши керак. Бу имтиёзлар орасида ишдан ўринсиз бўшатилиши ҳам борлигини эслатиш ортиқчалик қилмайди...

...Халқ таълими вазирлигига саломлар бўлсин!

Эрпўлат БАХТ, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг