Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Каттаконлар Солижон ўзи еяпти, бизга узатмаяпти дейишди» (видео)

«Каттаконлар Солижон ўзи еяпти, бизга узатмаяпти дейишди» (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Рамазон кексаларни зиёрат қилиш ойи. Олтиариқлик Солижон Мирзажоновнинг отаси 99 ёшли Собиржон бобони зиёрат қилдик.

Собиржон бобо бир кам юзда ҳам тетик, ўзи юради. Ўғли, фикримизча, ноҳақ қамалиб қолган Солижон ака яратган боғларни, ўғиллари етиштираётган ноёб мевали дарахтларни меҳр билан кўрсатиб, ҳар бирининг қаердан келтирилгани, қачон пайванд қилингани, меваси қачон пишиши, ҳатто меваси бозорда қанча туришигача тушунтиради.

Ажабланарлиси, 99 ёшли Собиржон бобо рўзани канда қилмай тутаётган экан, бирга ифтор қилдик, ҳатто таровеҳ намозини ҳам бирга ўқиди.

Хуфтондан сўнг узоқ суҳбатлашдик. Ота-оналари «болшавой»лардан қочиб Тожикистонга бориб қолганларини, ўша ерда дунёдан ўтганларини, ўзлари қандай қилиб Олтиариққа қайтиб келганлари, боғлар яратганликлари, Москва, Волгоград шаҳарларида мева ва сабзовот сотганликлари, турп сотгани учун уч йил қамалиб ҳам чиққанларини гапириб берди.

− Аёлим 17 гўдакни қўлига олди, 10 тасини ерга қўйди, − деб эслади Собиржон бобо. – Олти ўғил, бир қизни вояга етказдик. Олти келин билан бир ҳовлида яшадик. Болаларимнинг ҳаммаси ўзим каби деҳқон бўлди, боғбон бўлиб, боғлар яратди. Деҳқончилик билан савдогарликни ҳам қўшиб олиб боришди. Етиштирган мева ва сабзавотларини Россия шаҳарларида сотишни йўлга қўйишди. Ҳалол меҳнат билан, тинимсиз ҳаракат билан бой бўлишди.

Собиржон бободан тўнғич ўғли Солижон ака ҳақида сўрасам, беихтиёр кўзларидан ёш оқади. Солижон ака ҳақида йиғламасдан гапира олмайди.

− Одамлар ўзлари бир ишни қилолмайди, қилганни кўролмайди-да, − куюнади Собиржон бобо. – Каттаконлар «Солижон заводдан топган фойдасини ўзи еб ётибди, бизларга узатмаяпти» дейишди-да. Ана шунинг учун уни қамаб қўйишди. Боламнинг умуман гуноҳи йўқ.

Қайтар чоғимизда Собиржон бобо элу юртга тинчлик, хотиржамлик тилаб, ўғли ҳақида бефарқ бўлмай, ёрдам беришни истайдиганларга ажрлар тилаб, қозиларга ҳам инсоф, тавфиқ тилаб, узоқ дуо қилди.

Биз ҳам ич-ичимиздан Солижон ака тезроқ оқланиб чиқиб, улуғ ёшдаги отасининг кўзларидан армонли ёшларни тўхтатсин, адолат билан ишлаймиз дея қасам ичган судьялар ҳам адолат билан ишни кўриб, ноҳақликка барҳам беришсин дея тилак билдирдик.

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz» мухбири

Олтиариқ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг