Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Корея ўртасида космик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистон ва Корея ўртасида космик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Мартабали меҳмон кеча, 18 апрель куни кутиб олингач, бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб, Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган телемедицина лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Бугун, 19 апрель куни Кўксарой қароргоҳида ташкил этилган расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин тор ва кенг доирада музокаралар ўтказди.

Самарали музокаралар якунланиб, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон ва Корея ўртасида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Корея Республикасининг фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида фазони тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш юзасидан англашув меморандуми имзоланди.

2018 йил 12 февралда Ўзбекистон Республикасии Президентининг «Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилиниб, унда мамлакатимизда фазо илмини ривожлантириш ва унинг ютуқларидан инновацион ривожланишда кенг фойдаланиш, космик тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш вазифалари белгилаб берилган эди.

Мазкур фармойишга мувофиқ, 2018 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун амалий ҳаракатлар режаси» («Йўл харитаси») тасдиқланди.

Бу борада Корея тажрибаси қандай?

Корея Республикаси бугунги кунда фазо тадқиқотлари соҳасида салмоқли натижаларга эришган ва космик дастурини муваффақиятли амалга ошириб келаётган давлатлардан бири саналади. Бу мамлакатда космик ва ижтимоий инфратузилмани яратиш, фазо қурилмаларини яратиш ва учириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида космик фаолият натижаларини қўллаш бўйича катта тажриба тўпланган.

Корея Республикасида космик технологияларини ўрганиш, тадқиқотлар олиб бориш ва космик технологиялар соҳасидаги ишланмаларини яратиш ва уларни иқтисодиётда қўллаш бўйича кадрлар тайёрлаш миллий тизим мавжуд.

Меморандумда нималар кўзда тутилган?

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва Корея фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазири Ю Ёнг Мин томонидан имзоланган англашув меморандумида мамлакатимизда космик фаолиятни ривожлантириш учун фойдали бўлган ҳамкорликнинг умумий йўналишлари акс этган.

Меморандум Ўзбекистонда космик саноатни яратиш ва ривожлантиришда Корея тажрибасидан фойдаланиш; мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларига космик технологиялари ютуқларини жорий этиш усулларини ўрганиш; ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш ва бошқа имкониятларни беради.

Жумладан, унинг доирасида метеорологик прогнозлар, фавқулодда ҳолатларни (сел, кўчкилар, ёнғинлар, сув тошқинлари) мониторинг қилиш, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни мониторинг қилиш (тўғонлар, сув омборлари, аэропортлар); юқори сифатли телевизион дастурларни, кенг полосали интернет, телефония, ҳар қандай рақамли ахборотни узатиш имконини берувчи сунъий йўлдошли алоқа технологиялари; сунъий йўлдошли навигация тизимлари технологияси, мобиль алоқа; космик технологияси бўйича таълим; илмий-техник ахборот алмашиш, қўшма конференциялар, семинарлар ўтказиш, илмий салоҳиятни ривожлантириш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг