Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ливан: икки ўт орасида қолган ҳукумат

Ливан: икки ўт орасида қолган ҳукумат

Фото: «Reuters»

Ливан шаҳарларида 17 октябрдан буён ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Ҳаммаси ҳукумат WhatsApp ва бошқа мессенжерлар орқали мулоқот учун ойига 6 доллар солиқ жорий этишидан бошланди.

Иқтисодий муаммолардан сабр косаси тўлиб турган аҳоли ҳукуматнинг ушбу қароридан ғазаб отига минди. Расмийлар зудлик билан мазкур солиқ турини бекор қилган бўлса-да, кўп минг сонли аҳоли энди мамлакат сиёсий тизимини буткул ислоҳ этишни талаб қила бошлади.

Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, мамлакат пойтахти Байрут уруш майдонини ёдга солади.

Кўчалар синган ойна парчалари, ёқиб юборилган шиналар билан тўла. Банк, дўкон ва ресторанлар ёпилган. Таъбир жоиз бўлса, йирик шаҳарлар фалажланиб қолган. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва дубинка ишлатган. Аммо намойиш етакчилари осонликча таслим бўлмасликларини билдириб, коррупцияга ботган ҳукумат тарқатиб юборилиши ва муддатдан олдин сайлов ўтказилишини талаб қилмоқда.

Мамлакат касаба уюшмалари ҳам намойишчилар билан бирга эканини эълон қилди. Давлат хизматчилари, банк ходимлари, таълим тизими вакиллари ва истеъфодаги ҳарбийларнинг қўшилиши билан намойишлар умуммиллий ҳаракатга айланиб кетди. Пойтахт Байрут ва яна олти шаҳардаги намойишларда 1,7 миллион киши қатнашгани айтилмоқда.

Фото: «Reuters»

Оммавий норозиликлар ортидан, 19 октябрь куни «Ливан кучлари» насроний партиясига мансуб вазирлар истеъфо берди. Намойишчилар бу хабарни мушакбозлик билан кутиб олди. Мамлакат бош вазири Саад ал-Ҳаририй эса ислоҳотлар режаси тақдим этилишига ваъда берган.    

6 миллион нуфусли Ливан кейинги пайтларда жиддий иқтисодий муаммолар домида қолди. Мамлакатнинг ташқи қарзи 86 миллиард долларга етди (ЯИМнинг 150 фоизи).  Бу эса дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан биридир. Ҳукумат миллий иқтисодиётда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мушкул вазиятдан чиқиш учун янги солиқлар жорий этилмоқда. ҚҚСни эса 15 фоизга чиқариш кўзда тутилган. Боз устига, ижтимоий тўлов ва нафақалар миқдори камайтирилди. Буларнинг бари аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Ливан ҳукумати икки ўт орасида қолган. Бир томондан, инқироз ёқасига келиб қолган иқтисодиётни қутқариш учун кескин чоралар кўриш талаб этилади. Кескин чоралар эса ёниб турган олов мой сепгандек таъсир кўрсатиши аниқ. Ҳукумат ҳар қанча мушкул бўлмасин, ҳам халққа манзур бўладиган, ҳам мамлакатни инқироздан халос этадиган йўл топиши керак.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг