Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лолалар ҳақида тўқилмаган эртак

Лолалар ҳақида тўқилмаган эртак

Фото: «bezformata.com»

Юртимизда табиати гўзал, ҳавоси мусаффо гўшалар жуда кўп. Масалан, Қашқадарё вилоятининг тоғлиқ жойлари, Фарғона ва Наманганнинг сўлим ва баҳаво қирлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Нурота тоғ тизмалари каби республикамиз қишлоқларининг гўзал табиатини у ерга ташриф буюрганлар бир умрга эслаб юришади.

Ана шундай табиатнинг беқиёс гўзал жойларидан бири – Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан 40 чақирим узоқликда жойлашган Қўйтош қишлоғини йўли чап бўлгани учун ҳам кўпчилик билмаслиги мумкин. Қўйтош қишлоғининг тўрт томони харсанглардан иборат баланд-баланд тоғлар билан ўралган. Аҳолиси чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланади. Меҳнатсевар халқи ана шундай баланд тоғлар орасидан тошларни қазиб булоқлар чиқаришган, боғу роғлар яратишган. Уйимиздан уч чақирим олисда тоғлар орасида боғимиз бўларди. Ана шу боққа отам билан болалигимда тез-тез борардим. Ҳар сафар мен йўл-йўлакай отамдан ўзим билмаган ҳолда кичкина қишлоқнинг катта тарихини эшитиб кетардим...

– Ота бу тошлар нега бундай? Мана бу тош филга ўхшайди, буниси уйга, мана буниси тандирга, унинг ёнидагиси эса нон ёпаётган аёлга... Анави тошни қаранг, худди беланчакка ўхшайди, мана бу ерда ёстиқ ўрнида кичкина бош сиғадиган чуқурча бор, нега шундай-а, – дейман тошдан тошга сакраб. – Мана бу тош катта дарвозага ўхшайди. Бу дарвозадан фақат яхши, меҳрибон одамлар ўта олади-а, шундайми?

Отам менга аслида қишлоқнинг номи мана шу тошлар билан боғлиқлигини уқтираркан:

– Ҳў, тепаликларга қара-чи, у ёқдаги тошлар нимга ўхшайди? – дейди қўлини пешонасига соябон қилиб.

Мен узоқ-узоқларга тикиламан. Бироздан сўнг онггу шууримда ажиб манзара гавдаланади.

– Топдим! Топдим! Бу тошлар ўтлаб юрган қўйларга ўхшайди, – дейман ҳайратланиб.

– Ҳа ана шундай, бу тошлар ўтлаб юрган қўйларга ўхшайди.

– Тошга айланган қўйлар, – дейман чапак чалиб.

– Шунинг учун ҳам бу ернинг номи Қўйтошда.

– Қўйлар тошга айланиб қолганми, – дейман мен отамдан бир неча бор эшитган ривоятимни қайта эшитгим келиб...

– Мана эшит: ривоят қилишларича, бир малика бўлган экан. Унинг сеҳру жодудан хабари бўлиб, сувни дарахтларга, дарахтларни эса бошқа нарсаларага айлантириб қўяркан. У шунчалик тошбағир эканки, баъзида ўт-ўланларни сувсизликдан қовжиратса, гоҳида атрофни сув тошқинига ғарқ қиларкан. Кунлардан бир кун жодугар малика чўпонга дуч келибди, уни яхши кўриб қолибди ва «менга уйланасан» дебди. Аммо чўпон: – Менинг ўз севган қизим бор, оддий, меҳрибон ва оқила. Мен фақат ўша қизга уйланаман, дебди. Бу гапни эшитган малика ғазабланиб, йигитнинг қўйларини ҳам, унинг ҳар доим тандирда нон ёпиб узатадиган севган қизини ҳам – ҳамма-ҳаммасини тошга айлантириб қўйган экан.

Ўшанда отам менга айтиб берган ушбу ривоят чиндек туюлганди.

Мен отам боғ юмушлари билан овора бўлганида тошларда сакраб турли ўт-ўланлар, гуллар териш билан машғул бўлардим. Айниқса, тепаликлардан сизиб чиқаётган булоқлар, тошлар орасини ёриб чиққан лолалар мени жудаям ҳайратлантирарди. Баъзида машаққатлар билан ана шундай лоладан бир донасинигина узиб олардим, кечқурун энамга ёки онамга берардим. Билмадим, лолаларни бошқа гуллар каби ҳамма жойда учратмаганим, машаққатлар билан тошлар орасидан узиб олганим учунми, шу гулга меҳрим бўлакча эди...

 

* * *

Ўшанда синфда фақат қизлар қолгандик. Синф раҳбаримиз қизлар билан одоб-ахлоқ мавзусида суҳбат олиб бораётганди. Суҳбат орасида ўқитувчимиз биздан қайси гулни яхши кўришимизни ва ўзимизни қандай гулга қиёслашимизни сўради. Биров атиргулга, биров бойчечак, бинафша... мен эса, лолага ўхшайман, дедим. Кечқурун мактабдаги суҳбатни энам билан ҳам бўлишдим.

— Нега ўзингни лолага ўхшатдинг қизим, – деди энам.

– Менга лолалар қўл етмас жойда ўсгани учун, қизиллиги учун ёқади, – дедим.

– Лекин лолаларнинг қисмати жуда оғир, улар ўзи нозик бўлса-да тоғу тошларни ёриб чиқади...

Кейинчалик ҳаёт синовларига дуч келганимда доимо тоғнинг тепаларида тошларни ёриб чиққан қип-қизил лолаларни хаёлимдан ўтказардим...

Улғайгач, шаҳар билан қишлоқ орасидаги тафовутни англай бошлагандан сўнг, Қўйтош ҳақидаги болаликдаги тасаввурим янада кенгайди. Шунча ер ости ва усти табиий бойликлари, ўз тарихига эга бўлган бу кичкина қишлоқда ўтган болалик хотираларим она табиат билан боғлиқ бўлгани учунми мен учун жуда қадрли...

* * *

Ҳозир қайси гул бозори ёки дўконга кирманг турли рангда товланиб турган лолаларга кўзингиз тушади. Айниқса, бозорда сотиладиган табиат қўйнида ўсадиган тоғ лоласининг қадри бошқача.

Ҳар баҳорда «Лола сотаман, тоғ лоласи, деҳқончилик олинг, арзон», деган сотувчининг овозини эшитсам болаликка қайтаман.

Энамнинг айтишича, авваллари лолалар ҳовлимиз яқинларида, қир-адирларда гиламдек очилиб ётаркан.

– Биласанми, — деди бир куни энам. – Лолалар муҳаббат гули. У тошга айланган чўпон йигит ва унинг севгилисининг кўз ёшларидан пайдо бўлган. Тоғларда ўсадиганбу лолаларнинг номи ҳам ажойиб — дилбанд лола. Бизнинг болалигимизда нафақат лолалар, балки каклик, булбул, бедана каби қушлар, тулки, жайра, қуён, тоғ эчкилари каби ҳайвонлар ҳам ҳовлиларимиз яқинида жуда сероб эди. Уларнинг йўқолиб кетишига сен билан менга ўхшаган одамларнинг табиатга бепарволиги сабаб. Айниқса, ҳар баҳор билсанг қишлоғимизга тўда-тўда ўзга шаҳарлардан келган меҳмонлар лола сайлига чиқишади, уларни аёвсиз топташади, узиб олишади ва оқибатда улар инсонлардан хафа бўлиб, тобора узоқлашиб бораверади.

Ҳа, айнан қир-адирлар лолақизғалдоқ ва лолаларга бурканган пайтда анъанавий тарзда гул сайлига чиқиш удуми туфайли лолалар камайиб «Қизил китоб»га кирган бўлса не ажаб... Этнограф олимларнинг айтишича, асосан, Фарғона водийсида, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида ўтказилган бу қадимий сайил ёш авлод қалбида табиатга муҳаббат ҳиссини тарбиялашда муҳим амалий аҳамият касб этаркан. Аммо, масаланинг яна бир томони табиат гўзаллигидан завқ олиш учун уюштирилган бундай сайилларга айнан маълум бир турдаги ўсимликлар қурбонлик қилинмаганми? Этнограф олима Е.Пешчереванинг маълумотларига қараганда, «Лола сайли»ни даставвал «лолачилар» бошлаб беришган. Дарахт шохларини лола билан безатишган ва ана шу «гулчаман»ни кўтариб, қишлоқ кўчалари бўйлаб айланиб юрганлар. «Лолачи»ларни кўрган одамлар «гулчаман» шохига турли мато бўлаги, рўмолчани боғлаб, орзу-истакларини изҳор этишган. «Лолачи» болалар гуллар билан бурканган дарахт шохини лолазорнинг ўртасига ўрнатиб қўйишган. Шундан сўнг қишлоқ оқсоқоллари «Лола сайли»ни бошлаш учун оқ фотиҳа берганлар.

Тасаввур қиляпсизми, ана шу лолаларни териш учун берилган оқ фотиҳанинг кўрсатаётган асоратини.

Бугун ана шундай сайиллар натижаси ўлароқ, энамнинг «лолалар уйимиз яқинида ўсиб ётарди» дея айтганлари худди эртакка ўхшайди. Чунки бугунга келиб, лолаларнинг жуда узоқда жойлашган тоғнинг энг чўққиларидагина учратишингиз мумкин-да. Мен ҳам вақт ўтиб фарзандларимга «Бир пайтлар лолалар ҳув тоғларда ўсиб ётарди,» деб чўпчак айтсам, кейинчалик фарзандларим фарзандларига: «қадим ўтган замонда, ҳув узоқларда лолалар очилиб ётаркан,» дея эртак айтиб бермасмикан... Манбаларда келтирилишича, лолаларнинг 30га яқин тури қизил китобга киритилган. Демак, қачонлардир, лолаларнинг тоғларда табиий ўсиб ётиши эртакка айланиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас...

Ҳужжатларимни ўқишга топшириб, омадим чопмаганидан кейин онам баҳорнинг илк кунларида кўчамиздан лола сайлига тўда-тўда бўлиб ўтаётган йигит-қизларни кўриб: «Қанийди, сен ҳам талаба бўлсангу дугоналарингни тоққа эргаштириб чиқсанг...». Бу онамнинг эзгу орзуларидан бири эди. Лекин, мен талаба бўлгач ҳам ҳеч қачон ўртоқларимни баҳор пайти қишлоққа олиб келмадим. Бундай бўлишига сабаб эса...

Бир куни қўшни қишлоқда яшайдиган амакимнинг ўғли сабоқдош ўртоқларини бизникига меҳмонга олиб келди. Ўшанда ҳам илк баҳор пайти, табиатнинг гўзаллиги беқиёс эди. Онам уларни бор нарсасини ўртага қўйиб, меҳмон қилди. Кейин улар тоққа чиқиб кетишди-да, қучоқ-қучоқ лола териб келишди. Челаклардаги сувга солиб қўйилган қип-қизил лолаларни кўриб кўнглимдан кечган ўйни, ранжу аламни фақат ўзимгина ҳис қилдим. Кўнглимда илк бор оғриқ туйдим. Болалигимда тоққа чиққанимда лолаларни кўрсам қанчалик энтиккан бўлсам, уларнинг бирортасини босиб олишдан, узиб қўйишдан шунчалик қўрқардим ҳам. Лолаларни қизиллиги учун ҳам ҳаммадан қизғанардим, қуёшдан, осмондан, қушлардан, булутлардан, ҳатто ўзимнинг нигоҳларимдан ҳам. Лолаларнинг бари меники бўлишини, улар ҳар баҳор ана шундай қип-қизил бўлиб очилиб туришини жудаям истардим. Лекин, уйимизга келган меҳмонларнинг лолаларни аёвсиз тергани учун уларга раҳмим келдими, онамга: «амакимга айтинг, ўзи ҳам, ўртоқлари ҳам бизникига бошқа келишмасин», – дедим. Лолалардан кўзимни узолмай, ички хўрсиниш билан айтган гапимдан кейин онамнинг қўлидаги пиёла ерга тушиб чил-чил синганини, ҳайрат тўла кўзларини, меҳмонларнинг эса бир-бирига қараганча тек қотганларини кўрдим. Ҳаммасини жавобсиз қолдириб кўчага отилдим...

Яна шундай баҳор кунларидан бирида мактабдан келсам уйда нон тугабди. Дўконга югурдим. Дўкон автобус қатнайдиган бекатнинг ёнгинасида эди. Нонни олиб қайтаётган эдим, автобус келиб тўхтади. Тўда-тўда йигит-қизлар ўзларини автобусга уришди. Менинг икки кўзим ерда сочилиб ётган лолаларда эди. Уларни талаба йигит-қизлар тўполонда ортиқча ҳисоблаб ташлаб юборишганди. Бечора лолалар сувсизликдан сўлиб: «мен ҳали яшашим мумкин эди», дея фарёд чекаётган эди. Автобус оғир қўзғалиб лолаларни босиб-янчиб кетди. Ер назаримда қонга бўялди. Илк бор мен ўшанда қачонлардир талаба бўлсам ҳам сабоқдошларимни лола сайлига олиб келмасликка қарор қилдим.

Талаба ҳам бўлдим. Онамнинг сочлари каби оқ орзулари ушалди. Сабоқдош дўстларимни онам орзу қилганидек эргаштириб бир неча марта бордим. Фақат баҳордан бошқа фаслларда. Онам бўлса менга бот-бот дугоналаримни лола сайлига баҳор пайти олиб келишимни тайинларди. Мен ҳар гал хўп дейиш билан чегараланардим. Ва онамнинг орзуларидан бири ҳеч қачон ушалмади – дугоналаримни лола сайлига олиб бормадим.

Фарзандларим шаҳарда яшаётганлигимиз сабабли тоғда ўсган табиий лолаларни кўрмаган. Улар ҳар йили баҳорда «лола сайли»га чиқиш ҳақида орзулайди...

Табиат оқ ёпинчиғини ташлаб яшил майсаларга бурканди. Куртаклар уйқудан эринибгина кўз очмоқда. Оилавий лола сайлига чиқмоқчимиз. Аммо, лолалар ўсадиган тоғу тошларга борадиган йўлда мен ном қўйган улкан тош – меҳр-шафқат дарвозасидан фақат кўнглида табиатга муҳаббати бисёр одамларгина ўта олади. Тушунинг, ишонинг, ҳис қилинг, лолаларни теришга, бир лаҳзалик қувончни деб, уларнинг бағрини қон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, чунки лолаларнинг ранги қизил, танамизда гупириб оқаётган қон каби қизил, қип-қизил...

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг