Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мамлакат имижи ва...автобуслар ёхуд театр кийим илгичдан бошланади

Мамлакат имижи ва...автобуслар ёхуд театр кийим илгичдан бошланади

Дунёнинг жуда кўп давлатларида жамоат транспортларига нафақат йўловчи ташувчи техника, балки бутун бир мамлакат юзи, давлат имиджини кўтаришнинг муҳим элементи ва ниҳоят сайёҳларни жалб этувчи асосий восита сифатида қаралади.

Масалан, Истанбул йўлларида ҳаракатланадиган автобус ҳайдовчилари бир хил — ҳукумат томонидан тасдиқланган махсус кийим-бошда юришлари шарт. Яъни, сиз бу ерда «спортивка» кийган «шумахерлар»га, кейин «кондуктор» деган балога йўлиқмайсиз. Чиптачининг вазифасини эса махсус автомат бажаради.

Куала-Лумпурда шаҳарнинг асосий савдо нуқталари, диққатга сазовор жойлари бўйлаб ҳар икки дақиқада юрадиган алоҳида автобус линиялари ташкил этилган. Бу автобусларнинг бошқалардан фарқи, улар — сайёҳлар учун ҳам, маҳаллий аҳоли учун ҳам мутлақо бепул. Айни пайтда кодсиз WIFI дан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Бундан кўзланган мақсад фақат битта — сайёҳларда иложи борича яхши таассурот қолдириш, шу орқали Малайзия брендини янада оммалаштириш.

Хўш биздачи? 15 йил олдин биринчи марта автобусга чиққанимда она сути оғзидан кетмаган болакай «қани, билет оволамиз» деб бурнини тортиб юрганди. Ҳали ҳам шу аҳвол. Бундан ташқари, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда зўравон «кондукторлар» иштирокидаги видеоларнинг кўпайиши — уларнинг айримларида руҳият, маданият ва фаросат бобида ҳам жиддий муаммолар борлигидан далолат беради.

Умуман, «Тошшаҳартрансхизмат» деган ташкилот «кондукторлар»ни айнан қандай талаблар, бошқача айтганда «критериялар» асосида танлаб олишини ҳалигача тушунмайман. Тошкентни автобусда айланаётган чет эллик меҳмондан ҳали вояга етмаган «зумраша» чипта олишни талаб қилиб турса, ғалатида.

Ундан кейин, дунёнинг жуда кўп давлатларида автобус ҳайдовчилари учун махсус хизмат либослари жорий қилинган. Шу жумладан бизда ҳам. Аммо сиз охирги марта хизмат кийимида юрган автобус ҳайдовчиси ёки кондукторни қачон учратгансиз? Эслолмадингиза! Бу камчиликлар бизга сезилмаслиги мумкин, кўникиб кетганмиз, аммо бегона кўзларга жуда хунук кўринади.

Яна бир гап. Тўрт-беш ой аввал ўзимизнинг сайтларда Тошкентда айрим автобус йўналишларида текин WIFI ўрнатилиши ҳақида хабарлар чиққан эди. Аммо шу пайтгача ҳали ҳеч бир йўловчининг мана шундай қулайликдан фойдалангани ҳақида эшитмадим.

Энг қизиғи, тасаввур қилинг, чет эллик сайёҳ ўша текин тармоқ уланган камсонли автобусга чиқди дейлик, имкониятдан фойдаланиб яқинлари билан «Scype» ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали гаплашмоқчи. Аммо чучварани хом санабди. Бизнинг автобусларда «Ziyonet.uz» порталидан бошқасига киролмайди...

«Онангни отангга пардозсиз кўрсатма» дейишади. Ҳадемай «Тошкент сити» қад ростлайди, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси ишга тушади, йўллар мунтазам таъмирланяпти, кўприклар қурилаяпти, қолаверса меҳмонлар учун тарихий обидаларга IQ-код ўрнатилди, меҳмонхоналарда диний ибодат учун шарт-шароит яратилди, шаҳарларимиз қиёфаси «Euronews»да такрор-такрор айланяпти... Буларнинг бари яхши, улуғвор ташаббуслар албатта.

Аммо, назаримда мана шу ҳақиқатда улкан, кенг кўламли бунёдкорликлар, янгиликлар, инновациялар соясида, бир қарашда арзимасдек кўринсада, бутун бир мамлакат имижига салбий таъсир этаётган жуда оддий, элементар камчиликлар эътибордан четда қолаётгандек.

Ўша гап — театр кийим илгичдан бошланади!

Дилшод Нуруллоҳ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг