Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказий Осиёдаги ягона Япония тадқиқотлари таҳлил маркази иш бошлади

Марказий Осиёдаги ягона Япония тадқиқотлари таҳлил маркази иш бошлади

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган Япония тадқиқотлари таҳлил марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасаддилари, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ваколатхонаси, «Ўзбекистон-Япония» дўстлик жамияти вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари жамоаси, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимда таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги  Фармони ижросини таъминлашга қаратилган ушбу марказ фаолиятининг асосий вазифаси Ўзбекистон-Япония алоқаларини барча соҳаларда чуқур таҳлил қилишга қаратилгани билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.

2002 йилда давлатларимиз ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, инновация ва сайёҳлик йўналишлари қатори фан-таълим ҳамда инновация соҳаларида ҳам жадал ривожланиб бормоқда.

Жумладан, Тошкент давлат юридик университетида Нагоя университети ҳамкорлигида очилган Япон ҳуқуқини тадқиқ этиш маркази, Тошкент давлат техника университети қошида Ўзбекистон-Япония ёшлари инновацион маркази, Тошкент ахборот технологиялари университетида Яония кўмагида ташкил этилган Ўқув медиа-маркази, Тошкент давлат Шарқшунослик институтида Японшунослик факультети иш бошлагани, Ўзбекистон ва Япония ректорлари конференцияси механизми бунинг яққол далилидир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг беш мингдан зиёд ўзбек ёшлари Япониянинг турли университетларида таҳсил олиб, ўз билим ва тажрибаларини Она Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги учун сафарбар этиб келмоқда.

Бу жараёнларда фаол иштирок этиб келаётган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Япониянинг нуфузли олий таълим муассассалари билан талабалар алмашуви дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда, Япониядан келган таниқли мутахассислар 60дан ортиқ талабаларга япон тили сабоқларини бериб келмоқда.

Ушбу ижобий ишларнинг мантиқий давоми бугун Япония тадқиқотлари таҳлил маркази фаолият бошлади. Бу ерда юқори малакали мутахассислар, илмий ходимлар, экспертлар гуруҳи ва таҳлил доиралари Япония давлати ва жамиятини кенг қамровли ва комплекс тарзда ўрганади. Шунингдек, ушбу мамлакатда рўй бераётган муҳим сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ва маданий жараёнлар бўйича фундаментал илмий изланишлар олиб бориш, Япониянинг халқаро майдондаги ташаббуслари, давлатлараро муносабатлари, ташқи сиёсат концепциялари ва амалий саъй-ҳаракатлари, муаммо ва ечимлари тадқиқ этилади.

Бундан ташқари, Кунчиқар юртнинг бой тарихи, қадимий дини, япон халқининг кўп асрлардан буён безавол сақланиб келаётган маданий ва маънавий мероси, миллий қадриятлари ва урф-одатларини чуқур ўрганилиб, мамлакатни модернизация қилишнинг ўзига хос тажрибасини пухта ўзлаштирилади.

Тақдир тақозоси билан урушдан кейинги йилларда юртимизга келиб қолган 23 мингдан зиёд японлар билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, мустақилликдан кейин олиб борилаётган икки томонлама, муносабатлар тарихи, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама алоқалар ҳам изланишларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Университетда ташқи сиёсат ва иқтисодиёт соҳасида япониялик энг кўзга кўринган олимлар ва экспертларни, тажрибали дипломатларнинг маърузаларини ташкил этишга марказ ҳар жиҳатдан кўмаклашади.

Академик алмашувлар, қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш натижасида тўпланган энг илғор билим ва кўникмаларга асосланган илмий тамойиллардан Ўзбекистондаги ташқи сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги илмий-тадқиқот ишлари самарадорликни ошириш, янги курслар ва дастурларни амалиётга татбиқ этишда, турли қўлланма ва рисолалар чоп этишдан самарали фойдаланилади.

Бу каби замонавий таҳлил марказининг очилиши университетнинг илмий салоҳияти ва имкониятларини, ёшларларга дарс бериш сифат-даражасини ҳар томонлама юксалтириб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини 2030 йилгача халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингларида муносиб ўрин олиши учун яхши шарт-шароитлари яратиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг