Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Матбуот — ёлғончилик минбарими?

Матбуот — ёлғончилик минбарими?

Фото: «Xabar.uz»

«Жомбой тонги» газетасининг 2016 йил 19 ноябрдаги сонида «Намунавий чиқиндихона қурилади» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда туман ободонлаштириш бошқармаси ташаббуси билан режали дастур ишлаб чиқилгани ва маҳаллаларда замонавий чиқиндихоналар қурилиши, лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилиши, шундай чиқиндихоналарнинг дастлабкиси Тошкент маҳалласи ҳудудида қурилаётгани бошқарма мутасаддиси Б.Ҳайдаров томонидан алоҳида таъкидланган эди.

«Йигирма тўрт миллион сўмлик мазкур лойиҳа «Самарқанд-Мароқанд бунёдкор қурилиш» лойиҳа институти томонидан яратилган ва архитектура назорат қурилиш инспекцияси маъқуллаган. Қурилиш 2016 йилнинг охирига қадар якунланади. Келгусида ана шундай намунавий чиқиндихоналар туманимизнинг барча маҳаллаларида барпо этилади», — дейилганди мақолада.

Орадан шунча вақт ўтди. Хўш, «Намунавий чиқиндихона»да ишлар намуналидир? Бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун Тошкент маҳалласига йўл олдик.

Фото: «Xabar.uz»

Афсус, «намунали» жойдаги манзара таъбимизни хира қилди. Матбуот орқали берилган ваъда чўпчак экан. Энг қизиғи, «Жомбой тонги» газетаси таҳририятининг ҳақиқий аҳволдан ажабланиб юборган хатига ободонлаштириш бошқармасидан юмшоққина жавоб келган: «Туман ободонлаштириш бошқармаси мурожаатингизга жавобан қуйидагиларни маълум қилади. «Тошкент» МФЙ ҳудудида намунавий чиқиндихона қурилиши ҳақиқатан ҳам 2016 йил якунига режалаштирилган эди. Сметада маблағ етмагани сабабли 2017 йилга қолдирилди. Лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган.

Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Д.Фармонов».

«Намунавий» мақола чоп этилганига бир ярим йил, хат орқали изоҳ берилганига бир йил бўлибди. Буни бошқарма бош муҳандиси Доноқул Қувондиқов шундай изоҳлайди:

— Смета маблағлари етишмаслиги оқибатида лойиҳа вақтинча тўхтатилган эди. Орадан кўп ўтмай, «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Ушбу жараёнда чиқинди ташиш билан боғлиқ барча фаолият уларнинг ихтиёрига ўтган. Айни пайтда чала қолган намунавий чиқиндихона лойиҳаси ҳам мазкур тузилма ихтиёрида. Тўлиқроқ маълумот олиш учун улар билан боғланинг.

Фото: «Xabar.uz»

Навбат «Тоза ҳудуд» ДУК туман филиалига келди.

— Ўзбекистон Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ чиқиндиларни ташиш, кўмиш ва утилизация қилиш корхонамиз ваколатига ўтган, — дейди филиал бошлиғи Фарҳод Қўзиев. — Шу асосда 2017 йил апрель ойидан чиқиндихона ҳам балансимизга олинди. Аммо намунавий чиқиндихона лойиҳаси корхонамиз ташкил этилишидан аввал туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан яратилган. Лойиҳа институти ва қурилиш фирмаси билан шартномалар ҳам мазкур бошқарма билан тузилган. Бошқача айтганда, қурилиши чала қолган чиқиндихона «Тоза ҳудуд» ДУК балансида, лойиҳа ва маблағлар эса ободонлаштириш бошқармасига тегишли. Айни пайтда қурилишни охирига етказиш учун бизда ортиқча маблағ йўқ. Объект қурилишини бошлаган фирма билан корхонамиз ўртасида шартнома ҳам тузилмаган. Демак, лойиҳани давом эттириш бизнинг ваколатимизда эмас.

Ана холос! Бу ёғи «Отангга бор, онангга бор» экан-ку?!

Қизиқ, «Намунавий чиқиндихоналар» лойиҳаси давом этадими ёки икки ташкилот ўртасида сансолар бўлганича яна кўп йиллар чала қоладими?

Матбуот орқали берилган ваъдани ким бажаради? Ёки матбуот раҳбарлар учун бажарилмайдиган баландпарвоз гапларни айтиш учун минбарми?

Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz» махсус мухбири,
Орифжон Одилов, «Жомбой тонги» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг