Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мен не, дейман. «Ёзмай дейман»га дарҳол жавоб қайтарилди

Мен не, дейман. «Ёзмай дейман»га дарҳол жавоб қайтарилди

Фото: «Google.com»

Мен не, дейман, қўбизим не, дейди, дерди алломайи замонлар. Мана ёзган постимга дарров жавоб қайтаришди. Менинг қайси вилоятда, қайси туманда яшашимни билмасдан, қайси Маҳмуджоннинг онаси эканимни суриштирмасдан дарров айбдорлар излана бошланди.

Ва энг катта айбдор деб боғча опа топилди.

Ҳозиргина менга боғча мудираси телефон қилди. «Шарифа опа, сиз «Xabar.uz»га мақола ёзибсиз. Мана, боғча тарбиячисини ишдан бўшатяпман. Мен ҳеч қандай совға-саломга, ремонтга пул йиғ демаганман», — деди боғча мудираси. Телефоннинг нариги томонидан тарбиячининг йиғлаётгани эшитилиб турибди.

Мана мақолага реакция. Мен боғча опанинг уч йиллик меҳнатини қадрлайман, у энг фидойи ва билимли, сабрли боғча опалардан бири. Буни инкор этмайман. Боламни дунёқараши кенгайишига, олам-атрофни идрок этишига жуда катта хизмати сингди. Унинг меҳнатларини эътироф этмасам нонкўрлик қилган бўламан.

Аммо яна калтак етимнинг бошида синяпти. Яна айбдор болаларни яхши кўрувчи, билимию меҳнатидан бошқа қуроли йўқ тарбиячи бўлиб қоляпти. Мени бир нарса ўйлантиряпти. Нега боғча мудираси подадан олдин чанг чиқариб, дарров ҳали манзилу макон йўқ мақоладан чўчиб, дарров ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қиляпти? Нега яна ҳолвани бошқалар еяптию калтак етимнинг бошига тушяпти? Нега?

Энг қизиғи республикамиз бўйича минглаб боғчаю мактабларда маҳмуджонлару муниралар бор бўлса-да, раҳбарлар дарров ўзидан ҳадиксираяпти. Ахир у ўйлаши керак эмасмиди: «Балки бу Қашқадарёда бўлаётган воқеадир, балки Маҳмуджон хоразмлик боладир», деб.

Эҳ! Яна жавоби йўқ саволлар?!

Маҳмуджоннинг онаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг