Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мени тузукроқ жойга ўтказишсин» – Мирза Азизовнинг ўлими арафасида шифохонадан ёзган мактуби эълон қилинди

«Мени тузукроқ жойга ўтказишсин» – Мирза Азизовнинг ўлими арафасида шифохонадан ёзган мактуби эълон қилинди

Мирза Азизов ҳамда рафиқаси Тожибар Азизова.

Фото: Instagram / @tojibarazizova

Коронавирус туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмган атоқли санъаткор Мирза Азизов ўлимидан бир неча кун олдин Зангиотадаги шифохона шароитидан қониқмай Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаевга кўмак сўраб мактуб йўллагани маълум бўлди. Бу ҳақда Ш.Ризаевнинг «Hurriyat» газетасида 21 апрель куни чоп этилган мақоласида сўз боради.

«Ўнинчи апрель куни тушдан кейин қўл телефонимга қайта-қайта қўнғироқ бўлди, хабар юборилди. Очсам, Мирзахондан хабар: «Ассалом алайкум Шуҳрат акажон! Менга кўп ёрдам бергансиз, яна бир ёрдам қилинг. 18 кундан бери коронавирусга чалиниб, Зангиотада ётибман. Саккиз кишилик хонада – «Ачавот»даман гўё. Шовқин, бақир-чақир ичидаман. Кетиб қоладиганга ўхшайман. Бирон раҳбарларимизга айтинг, мени шароити тузукроқ жойга ўтказиб беришсин, аёлимни чақиришсин, менга Тожибар ўзи қарамаса, бошқа биров қаролмайди. Жон ака, акалик қилинг!», – дея имдод сўраб йўлланган мактубни келтиради муаллиф.

Ш.Ризаев шундан кейин Ўзбекистон президентининг соҳага масъул маслаҳатчисига қўнғироқ қилган. Давлат раҳбари маслаҳатчисининг аралашувидан сўнг Мирза Азизов яхши шароитли алоҳида хонага олинган. Аммо ўша кунлар санъаткорнинг аҳволи яна оғирлашган, қанд касали сабаб вазият ниҳоятда хатарли тус олган.

«Тожибар телефон қилади, йиғлаб туриб «Ака, Мирзакамни опқолайлик, аҳволлари жуда оғир, врачлар ҳам умидли гап айтишмаяпти, қандлари 27 га кўтарилибди, ўпка нафас олиши 66 га тушиб кетибди. Шундаям мени аппаратга солишмасин, бўғилиб кетяпман шундоқ ҳам, деб турибдилар…» Соат тунги ўнлардан ошган. Кимга дод деб бораман, шу пайтда… Охири, қўл телефон рақамини топиб, яна бир катта раҳбарларимиздан бирига қўнғироқ қилдим. У номини айтишим биланоқ, «хабарим бор, ҳар соатда бизга ахборот бериляпти, биз Самарқанддамиз, Соғлиқни сақлаш вазири ўша касаллардан бевосита хабардор бўлиш учун Тошкентга қайтиб кетдилар, Президентимиз шахсан ўзлари назоратга олганлар, барча чоралар кўриляпти, аммо касалнинг аҳволи ўта оғир» деди.

Тожибарга қўнғироқ қилдим, айтдим бўлган гапларни, у овозли хабар ёзиб, шу гапларни Мирзакамга эшиттирайлик, далда бўлади деди. Мирзахоннинг саломатлиги шахсан олий раҳбарнинг назоратида эканини айтиб, овозли хабар юбордим. Эртан бориб, шифокорлари билан учрашишни режалаштирдим. Бироқ афсус, минг афсуски, эртаси – 16 апрель куни ўлим муждаси келди», – деб ёзади Ш.Ризаев.

Қайд этилишича, Мирза Азизов Қашқадарё сафарига бориб келиб коронавирус дардига дучор бўлган.

«Ҳамсафарларининг айтишича, Қашқадарёда далаю даштни кезиб, ҳатто боғчаларгача бориб учрашувлар ўтказилибди. Мирзахон ўзи Тошкентдан кетишда бироз хасталаниб турган экан. Сафарда хуруж зўрайиб, поездда кела-келгунча ҳарорат оловида ёнган. Келгач, бу газанда вирусни аёлию болаларига ҳам юқтириб, бутун оила ичи билан Зангиотадаги касалхонага тушган», – дея тафсилотлар билан ўртоқлашади муаллиф.

Мақолада санъат ва маданият соҳаси вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими қуйи бўғинда қониқарсиз ҳолатда эканига ҳам эътибор қаратилган.

«Маънавият, маданият, санъат аҳлини мунтазам ижтимоий ҳимояда сақлайдиган тизим борми ўзи?! Юртбошимиздан барча аҳли адабиёт ва санъат дилдан миннатдорки, мамлакатимизда бу соҳалар ривожига фавқулодда имкониятлар яратилмоқда, олий фармону қарорлар қабул қилиниб, муҳташам муассасалар барпо этилмоқда. Аммо «шундай Ватанимиз бўлатуриб», ўшандай гўзал муассасаларни обод этгувчиларга қуйида эътибор ўшандайми? Наҳотки беистисно ҳар куни телевидение каналларининг камида тўрт-бештасида турли сериал ва кўрсатувларда чиқиб турган, бугун республика аҳлига таниқли қиёфани зангиоталик шифокорлар таниёлмаган бўлса? Жиллақурса, кўздаги адабиёт-санъат аҳлини кўз қорачиғидек асраб билайлик. Ўзбекнинг онаси Фармонбибининг Соттихон келини Дилбар Икромоваю Абдурайим Абдуваҳобовдек «шум бола»сини, Фатҳулла Маъсуду Мирза Азизовини яна қачон туғаркан-а?!» – дея изтиробли мулоҳазаларини баён этади Ш.Ризаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди.

Таниқли санъаткорнинг вафоти муносабати билан мамлакат президенти таъзия билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг