Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МИБ Жомбой бўлими бир «бошоғриқдан» қутилди

МИБ Жомбой бўлими бир «бошоғриқдан» қутилди

Фото: «prokuratura.uz»

Судьяларга осон эмас, битта қарор чиқаргунча озмунча риёзат чекмайди. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси ходимларига ҳам ҳавас қилиш қийин. Судья чиқарган қарорни ижросини таъминлагунча кўп ҳолатларда онаси сути оғзига келиши бор гап. Катта-катта низолар юзасидан чиқарилган суд қарорларини-ку айтманг, нисбатан «майдароқ» (таъбир жоиз бўлса, албатта) ижро ҳужжатлари, дейлик, алимент ундирув билан боғлиқ ишлар ҳам тинкани қуритиши мумкин.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Жомбой туман бўлими ходимлари навбатдаги ижро ишини мамнуният билан кутиб олмагани аниқ. Нега? Алимент билан боғлиқ суд ҳужжати-да. Яъники, ФИБ туманлараро суди Ў. Жумановдан С.Жуманова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида (то фарзандлари вояга етгунига қадар) алимент ундиришни белгилабди.

Туғдиришга туғдириб, боқишга келганда ўзини ҳар томонга ташлайдиган «дада»лар озми? Уларнинг аксариятига яхши гап ёқса, қани?! Пичоқ суякка етгач, бўйнига 15 сутка «илиб», бурнига сув кирмагунча чўнтагидан бир мири чиқмайдиганлар билан ишлаш, ўҳ, қандай азоб-а...

Ў.Жуманов билан ҳам шундай «сценарий» такрорландими?

Йўғ-а, унчаликка борилмади. МИБ ходимлари унга нисбатан хорижга чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганидан кўп ўтмай масалани узил-кесил ҳал қилди. Бир зарб билан вояга етмаган фарзандлари учун 146 млн. сўм алимент пулларини тўлаб бердики, шундан кейин наинки МИБ ходимлари, балки болаларининг онасидаям савол қолмади.

Масала ҳалми? Ҳал. Онада эътироз борми? Йўқ. Битта бўлса ҳам «бошоғриқ иш» камайдими? Бўлмаса-чи. Ҳар ойда отанинг орқасидан «алиментни тўла» дея чопишданам ортиқ ғурбат борми?!

Шу тариқа Жомбой тумани МИБ ходимлари тегишли ижро ишини тамомлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг