Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Москва қамоқхонасида очлик эълон қилган ўзбекистонлик талаба ҳақида расмий баёнот берилди

Москва қамоқхонасида очлик эълон қилган ўзбекистонлик талаба ҳақида расмий баёнот берилди

Маъруфжон Шакаров.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 17 июль куни гиёҳванд моддалар сақлашда айбланиб, Россияда қамалган Ўзбекистон фуқароси — Маъруфжон Шакаров масаласида баёнот берди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими томонидан Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Маъруфжон Шакаров Москва шаҳар Преображенский туман судининг 2017 йил 13 декабридаги ҳукми билан, катта миқдорда гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш (сотиш)ни кўзлаб сақлаганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Москва шаҳар суди жиноят ишлари бўйича Суд ҳайъатининг 2018 йил 14 июндаги апелляция ажримига кўра, Шакаровнинг қилмишида «кейинчалик ўтказиш (масалан, сотиш) мақсади бўлмаганлиги» учун жиноят иши қайта малакаланиб, 2017 йил 13 декабрда берилган 10 йиллик жазо 5 йилга қисқартирилган.

Маълум қилинишича, 14 июль куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими ходими Москвадаги қамоқхона раҳбарияти билан телефон орқали суҳбатлашган. Маъруфжон Шакаров очлик эълон қилганидан сўнг, у бир кишилик камерага ўтказилган ва доимий видеокузатув ҳамда тиббий ходимлар назоратида, қамоқхона раҳбарияти ҳам у билан ҳар куни суҳбатлашади. Унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлигини билдирувчи аломатлар йўқ. Яқин вақт ичида Шакаровга онаси ва холаси билан учрашиш имкони тақдим этилади.

Преображенский туман судининг Москва шаҳар суди жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати қарорини тасдиқлаш ҳақидаги ҳукми кучга киргач, консуллик бўлими ходимининг Шакаров билан учрашишига рухсат берилиши мумкин.

Элчихона Консуллик бўлими ушбу масалани доимий назоратига олган, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг