Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мубораклик тадбиркорнинг антиқа тажрибаси (фото)

Мубораклик тадбиркорнинг антиқа тажрибаси (фото)

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Муборак туманидаги замонавий иссиқхона билан танишди.

Чўл ҳудудида жойлашган туманда бундай иссиқхона бўлиши жудаям муҳим. Чунки сифатли сабзавотларга эҳтиёж бор, сув эса танқис.

Тадиркор Қобилжон Ғуломов кам имкониятдан фойдаланиш йўлини топди. 2016 йили «Муборак  иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамияти ёнидаги ташландиқ ҳудуддан 2 гектар ер олиб иссиқхона барпо этди. Ёмғир тўпланадиган 800-1000 тонналик ҳовузлар қурди. Иссиқхонадаги сабзавотлар томчилатиб суғорилади.

Яна бир самарали томони, иссиқхона «Муборак иссиқлик электр маркази»да ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали қиздирилади. Электр маркази учун совуқ сув керак. Шу боис иссиқхонада бу сув айлантирилиб, совугач қувурлар орқали иссиқлик корхонасига қайтарилади. Бундан иккала томон ҳам ютади.

Бундай тежамкорлик эвазига натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди. Тадбиркор яна 7 гектар ерда иссиқхона қурди. У иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг каби маҳсулотларнинг асосий қисмини экспорт қилиб, катта фойда олишни чамалаяпти.

Айни пайтда иссиқхонада қарийб юз киши меҳнат қилмоқда. Келгусида иссқхонани янада кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш режалаштирилган.

Умуман, туман бўйича 60 тадбиркорга шу каби иссиқхона қуриш учун 300 гектар ер ажратилган.

Президентимиз замонавий иссиқхонани кўздан кечириб,  ишчилар билан мулоқот қилди.

Аҳоли фаровонлигини ошириш, доимий ва мавсумий иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2019-2020 йилларда иссиқхоналар ташкил этиш, Чироқчи туманида лалми майдонларда полиз экинларини кўпайтириш, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг