Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муфтий ишдан кетгани йўқ — Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Муфтий ишдан кетгани йўқ — Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фото: Халқаро пресс клуб

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига «Azon.uz» сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мусулмонлар идораси айни мазмундаги хабарларни инкор этиб, баёнот берди.

Унда Усмонхон Алимов ўз жойида ишлаётгани таъкид этилиб, «...узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишлари Аллоҳ таборака ва таолодан» сўралади.

Шунингдек, баёнотда мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, «Azon.uz» таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилгани ҳам алоҳида қайд этилади.

«Azon.uz» сайти воқеликка изоҳ ўлароқ, шундай ёзади: «...Сиз азизларга шуни маълум қиламизки, бу расмий кучга эга маълумот эмас. Муфтий ўз ўрнида, Мубашшир Аҳмад домла ҳам ўз ишлари — Azon.uz, AzonTV, Azon kitoblari лойиҳалари билан бандлар. У киши билан боғланганимизда бунинг ёлғон эканини, бу борада таклиф ҳам бўлмаганини айтдилар.

Азизлар, ўша постни (гўёки муфтий алмашгани ҳақида тармоқ фойдланувчиларидан бири ёзган матн назарда тутилмоқда — таҳр.) диққат билан ўқисангиз, шахсий фикр, таклиф ўлароқ ёзилган. Шунинг учун унга кўр-кўрона ишониб кетмаслик керак.

Динга ҳамма турлича хизмат қилади. Муфтий Ўзбекистон мусулмонларига бошчилик қилаётган бўлсалар, Мубашшир Аҳмад домла ҳам имкон қадар мусулмонларга фойдали илм тарқатишга интиляптилар. Аллоҳ таоло ҳар бирларининг яхши ниятлари ортиғи билан амалга ошишини насиб айласин».

Эслатиб ўтамиз, муфтий Усмонхон Алимов ишдан кетгани ҳақида биринчи маротаба хабар тарқалаётгани йўқ. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам қатор сайт ва ижтимоий тармоқларда Усмонхон Алимов вазифасидан озод этилиб, ўрнига бошқа уламо тайингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ўшанда ҳам айни мазмундаги хабарлар ўз тасдиғини топмаганди.

Маълумот учун: Усмонхон Алимов — 1950 йили Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Бухородаги «Мир Араб» мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олган. Узоқ йиллар давомида Самарқанд вилоятидаги «Имом Бухорий» жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2000—2006 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили бўлиб хизмат қилди. 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг