Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давронбек Пармонов

Хабардормисан — қудратлисан!

Муқобил энергетика

Муқобил энергетика

Муқобил энергия манбалари

Фото: «Ejinsight.com»

Яқинда журналист, Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг Хитой ва Корея сафаридан қайтганидан кейин ёзилган постидаги аҳоли энергия истеъмоли ҳақида ёзган фикрлари фейсбук ва оммавий ахборот тизимларида турли баҳсларга сабаб бўлди. Гап муқобил энергетика ва фуқароларга тегишли қурилишлардаги турли ечимлар оддий сўзлар билан баён этилган бўлса-да, масаланинг долзарблигини оширади. Келинг, бу глобаллашаётган муаммони серқуёш юртимиз мисолида таҳлил орқали кўриб чиқамиз.

Мамлакатимиз ҳали етарлича ўрганилмаган, қайта тикланувчи энергия манбалари эга, улар асосан қуёш ва шамол ресурслари бўлиб, тоза ва барқарор энергияни таъминлай олиш имконияти мавжуд. Ўзбекистон Марказий Осиё ва Шарқий Европадаги энг энергик-интенсив мамлакатлар қаторига киради. 2000-йилдан 2015 йилгача электр энергияси истеъмоли йилига 46.8 млрд кВтс дан 57.5 млрд кВтсгача ошди. Ҳисоб китоблар шуни кўрсатадики, 2020 йилгача бу кўрсаткич 25 фоиз кўпроқ, яъни 71.8 млрд кВтс ни ташкил қилиши мумкин.

Қуёш энергияси
Фото: «Stratfordobserver.co.uk»

Айни пайтда, Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергия ресурсларини кўриб чиқсак:
• Қуёш энергияси: 525 дан 760 млрд. кВт.с гача
• Шамол энергияси: 1 трлн кВт.с гача
• Гидроэнергетика: 21 млрд. кВт.с дан ошиқ
• Биомасса: 6 млрд. куб.м.

Қайта тикланувчи энергетика барибир ҳали бери ўз самарадорлигини кўрсатиши учун анча вақт ва маблағни талаб этади.

Ҳозирда мавжуд асосий муаммоларимизни статистик кузатишларда кўриб чиқсак. Ўзбекистоннинг ЯИМ энергия истеъмоли сезиларли даражада юқори. (килограмм нефт эквиваленти/ АҚШ долларида)

Албатта, ўз-ўзидан нега бу кўрсаткич юқори деган савол туғилади. Республикамизда энергия ЯИМ истеъмоли юқорилигининг турли сабаблари мавжуд бўлиб, асосий сабабларидан бири, саноат тармоқлари корхоналарида жисмоний эскирган технологияларнинг ҳалигача ишлатиб келиниши дейиш мумкин. Бу эса бошланғич манбадан келаётган 60 фоиз энергиянинг етказувчи ва тарқатиш тизимларида йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Шамол энергияси
Фото: «Linkedin.com»

Бундан ташқари, факел (машъал) қурилмаларидаги газни ёқиш ҳам катта миқдорда пулни осмонга совуриш дегани. Масалан, 2011 йили машъал ускуналаридаги газ ёнишидан кўрилган зарар миқдори 500 миллион АҚШ доллларини ташкил қилган. «Бу миқдордаги пулга Ўзбекистондаги 1,5 миллион хонадоннинг томига қуёшдан қувватланувчи вакумли сув иситиш мосламасини ёки 1 миллиондан ошиқ хонадон томига қуёш панеллари тизимини ўрнатиш мумкин.»

Чорвоқ ГЭСи
Фото: «Sputnik O‘zbekiston»

Яқин тарихдаги рақамлардан таажубга тушиб, мавзудан озроқ чиқдим, ҳозирда бу машъалалардаги газни ёқиш камайтириб борилаяпти. Замонавий технологияларда электр энергияси самарадорлиги жуда юқори. Агар энергия самарадорлиги учун 1 доллар сарфланса, Ўзбекистон энергия ишлаб чиқариш учун 2 доллар пулни тежаган бўлади. Юқоридаги давлатлар статистикадан кўриш мумкинки, ривожланган давлатларда бу амалиёт ярим асрдан бери қўлланиб келинмоқда. Албатта, бу сарф-харажатни ташкил қилса-да, мавжуд муаммонинг бир қисми бартараф этилган бўларди. Бу тенденцияни камайтириш учун, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, жорий қилиниш бошланган, улардан 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2692-сон, ва 2017 йил 26 майдаги ПҚ-3012-сонли Президент қарорларини келтириш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017—2020-йиллардаги ривожланиш ҳаракатлар стратегиясининг бешта приоритетга эга йўналишларида кўрсатиб ҳам ўтилган:

- Қайта тикланувчи энергиялар манбаларини ишлатишни кенгайтириш;
- Энергия тежовчи технологияларни ишлаб чиқаришни кенг жорий қилиш;
- Энергия ва ресурс истеъмолини камайтириш.

Асосий мақсад эса ҳар йили бу тенденцияни ўртача 7 фоиздан камайтириб бориш. Қайта тикланувчи энергияда эса 2025 йилгача гидроэнергетика улушини 2017 йилги 12,7 фоиз дан 15,8 фоизгача ошириш, қуёш энергиясини 2,3 фоизга, шамол энергетикасини эса 1,6 фоиз оширишдан иборат. Хулоса чиқадики, келажакда тежамкорлик асосий ўринга қўйилади. Демак, бунинг учун ўзимиздаги мавжуд шароитларни ўрганиш ва шу соҳага кадрларни йўналтириш масаласи кўтарилади.

Бугунги кундаги турли маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан таклиф қилинаётган маҳсулотлар имкониятларини кўриб чиқсак: Муқобил қуёш нури сув иситиш тизимлари: иссиқ сув ва иситиш тизимларига харажатни 70 фоизгача тежаш имконини беради, 15-25 йилгача ишлаб бериши мумкин, автоном тарзда ишлайверади, хавфсиз, ўз нархини 2-3 йилда кетган харажатини чиқара олади.

Биомасса
Фото: «Pakistanaffairs.com.pk»

Қуёш панелларига келсак, уларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ҳар бири буюртмаларни алоҳида қабул қилади. Буюртмалар орасида 1.5 ва 2 кВт қувватдаги панелларга талаб катта. Булар уй чироқлари, телевизор ва компютернинг тўхтовсиз ишлашини таъминлай олади. Масалан, хонадондаги чироқлар, компютер, телевизор, музлатгич ва кондиционерни таъминлай оладиган 3 кВт панеллар ҳам мавжуд ва уларга 15 йилга кафолат берилади (ишлаш давомийлиги 30 йилдан ортиқ). Ўз эҳтиёжларингизга қараб уларни танлашингиз мумкин. Аммо ҳар бир корхонанинг ўз нарх сиёсати бор ва ҳозирда бундай ускуналар бирмунча қиммат.

Бундай қуёш ускуналарини ўрнатишда ҳеч қандай рухсатнома керак эмас. Ўзбекистон иқлими шароитларини ҳисобга олсак, булутли кунларда ҳам ишлай олади.

Бироқ, уйингизни мутлақо тўлиқ бу тизим билан таъминлаш арзонга тушмайди. Ривожланган давлатлар учун ҳам бу муаммо бегона эмас. Мисол учун, АҚШнинг Калифорния штатида пайдо бўлганига ўн йилдан ошган SolarCity энергетика компанияси бу тизимларни аолига сотиш эмас, балки лизингга бериш орқали ечим топган экан. Ҳозирга келиб, SolarCity 300 000 дан зиёд уйларга хизмат кўрсатади, унинг қурилмаларини 10 йилдан 20 йилгача кредит, лизинг орқали тўлаб бориш мумкин.

Умид қиламизки, яқин келажакда бу соҳага қизиқиш ортиб, янги ўзгаришлар бўлиб, аҳолининг турли қатламлари учун мос келадиган шароитлар яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг