Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Намангандаги институт Голландиянинг Гронинген университети билан ҳамкорлик ўрнатди

Намангандаги институт Голландиянинг Гронинген университети билан ҳамкорлик ўрнатди

Фото: Наманган муҳандислик-технология институти матбуот хизмати

Наманган муҳандислик-технология институтида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида институт ректори Одилжон Маматкаримов ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Нурулло Умархонов бир ҳафталик амалий ташриф билан Нидерландия қироллигида бўлиб қайтди, деб хабар бермоқда ОТМ матбуот хизмати.

Сафар давомида олийгоҳ делегацияси жаҳон миқёсида катта нуфуз қозонган Гронинген Университетида бўлди. Қайд этилишича, 400 йиллик тарихга бориб тақаладиган, «QS» рейтинги бўйича дунёда 110 ўринда турадиган ушбу университет қитъанинг обрўли олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Университетда 30 мингдан зиёд талаба бакалавриат босқичида 60 та, магистратура бўйича 200дан ортиқ мутахассисликлар бўйича таҳсил олади.

Университет қошида Тюнинг академияси ташкил этилган бўлиб, институт вакиллари академия раҳбари Роберт Вагенаар ва лойиҳалар бўйича менежер Ингрид Ван Дер Миер билан учрашиб, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда уни янги босқичларга кўтариш масалаларини муҳокама қилишди.

Мулоқот давомида, шунингдек, Европа Иттифоқининг «Erasmus Plyus», Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» жамғармаси дастурларида, шунингдек олий таълим муассасаларининг ўз имкониятларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчи ва талаба алмашинувини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиш борасида ҳам фикрлар алмашилди. 

Тюнинг академияси экспертларининг НамМТИ ва Ўзбекистоннинг бошқа олий ўқув юртларига малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Ўзаро мулоқот самараси ўлароқ, Тюнинг академияси раҳбарияти шу йилнинг апрел-май ойларида Наманганга ташриф буюриши режалаштирилди. 

Маълум қилинишича, Гронинген университетига Наманган муҳандислик-технология институти томонидан бу учинчи ташриф бўлиб, 2014 йилда институт вакиллари «Erasmus Plyus» дастури орқали «TuCAHEA» лойиҳаси бўйича ишчи йиғилиш ва тренингда иштирок этган.

Айни вақтда институт томонидан Россия, Малайзия, Жанубий Корея, Италия, Португалия, АҚШ, Голландия каби ўндан зиёд хорижий давлатларнинг олий таълим муассалари ҳамда илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг