Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нега ҳукумат қарори нотўғри талқин қилиняпти?

Нега ҳукумат қарори нотўғри талқин қилиняпти?

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 октябрда чиққан қарори бор. Бу «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 789-сонли қарор.

Унда 2018 йил 15 октябрдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда, жумладан, шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, ишсизлиги ҳамда болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатларини, шунингдек шахснинг тавсифномасини тақдим қилиш бўйича тартиб бекор қилиниши ҳамда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида ушбу турдаги ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур маълумотларни тегишлича Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиши белгиланган.

Аммо шу қарорни ҳали кўп давлат органларининг ўзлари тушуниб етгани йўқ. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, туман ҳокимликлари, Ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари, туман Давлат солиқ инспекциялари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабгача таълим бўлимлари, халқ таълими бўлимлари, банклар ва бошқа давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қарор талабларини нотўғри талқин қилиб, фуқароларни сарсон қилишяпти. Ҳамма юқорида кўрсатилган ҳужжатларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига юбориляпти.

Биргина мисол. Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га маълумот беришича, 7 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги туман Давлат хизматлари марказига бир кун давомида манзил-маълумот ахбороти бўйича мурожаат этган фуқароларнинг 10 нафарини туман пенсия жамғармаси, 4 нафарини суд органлари, 7 нафарини банклар, 6 нафарини ички ишлар органлари, 4 нафарини халқ таълими бўлимлари, 3 нафарини ўрта махсус таълим муассасалари, 2 нафарини ОТМ лар, 2 нафарини туман ҳокимликлари, 5 нафарини элчихоналар, 3 нафарини мурожаат қилувчиларнинг ишхоналари овора қилиб жўнатган.

Бу кетишда одамларда давлат органларига ишонч уйғонадими?!

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Юқоридаги «англашилмовчиликлар»га чек қўйиш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман Давлат хизматлари марказлари давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик органлари масъул ходимлари ва одамлар ўртасида Вазирлар Маҳкамасининг 789-сонли қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари олиб боришяпти.

Маълумот учун: юқорида номи қайд этилган қарор қабул қилингунига қадар 1 мингдан ортиқ шахс Давлат хизматлари марказларига манзил-маълумот ахборотларини олиш учун мурожаат қилган бўлса, 15 октябрдан 30 октябргача бўлган даврда бу масалада 5 мингдан ортиқ мурожаат қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг