Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ноёбларнинг «нобоп» акалари: бири безори, бошқаси гиёҳванд...

Ноёбларнинг «нобоп» акалари: бири безори, бошқаси гиёҳванд...

Фото: «Sports.ru»

Лионел Месси сокин ҳаётни хуш кўради. У халқ тилида «Каталон Майамиси» деб юритиладиган Барселонанинг Кастелдефелс районида яшайди. Леонел маҳаллий сартарошхонада соч олдиради, марказдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида машинасига ёқилғи қуйдиради, «Фосбери» ва «Ушуаиа» каби маҳаллий емакхоналарга кириб, оиласи билан овқатланади ва соҳил бўйлаб сайр қилади. Унинг акаси Матиас эса муҳожирлар, харобалар ва жиноятчилар тўдасига тўла Росариода истиқомат қилади. Бу ерда ҳаёт сўзи жиноятчилик билан синоним ҳисобланади. Росарио Матиаснинг табиатига тўлиқ мос келади.

Росарио шаҳридан тахминан 8000 километр масофада, Португалиянинг Мадейра оролида Фуншал шаҳри жойлашган. У ерда бошқа бир футбол юлдузи Криштиану Роналдунинг акаси Уго Авейро яшайди. Криштиану тинмай «Олтин тўп»ларни олаётган бир вақтда, Уго гиёҳвандлик ва алкоголизмга ружу қўйган. Матиас ва Угонинг тақдири бироз ўхшаш: мураккаб ҳаёт, укалар билан илиқ алоқалар, туғилиб ўсган жойига чексиз муҳаббат. Ҳар икки ака ҳам Испаниядаги ҳашаматли ҳаётни рад этиб, узоқ вақт давомида иллатлар билан курашди.

* * *

Криштиану Роналду Динис Авейро ва Мария Долореслар оиласида 1985 йилда дунёга келган. У туғилганида акаси Уго 10 ёшда эди. У ёшлигидан безори болаларга қўшилди. 16 ёшида мактабдан қочиб, ишга кирди. Аввалига алюмин заводида ишлаган Уго кейинчалик бўёқчилар гуруҳига қўшилди. Уго ишдан сўнг маҳаллий қаҳвахонада бекорчи дўстлари билан кайф-сафо қилиб вақтини ўтказарди. 24 ёшида наркотик моддага боғланиб қолгач, онаси ўғлини клиникага олиб борди. Долорес арзимаган маош эвазига ошпазлик ва фаррошлик билан шуғулланар, катта фарзандини даволатаман деб қарзга ботиб кетарди. Камхарж оилага кўпинча 14 ёшли Роналдунинг 300 долларлик ойлиги асқотарди.

Криштиану Роналду оиласи билан
Фото: «Sports.ru»

* * *

2001 йили Мессилар оиласи Росариодан Барселонага кўчиб келди. Кичик Лионел катта фаолият остонасида эди. Оилада ҳамма ҳам замонавий мегаполисга мослашиб кетолмади. Лионелнинг синглиси Мария-Сол мактабда қийинчиликка дуч келди. Матиас ва Родриго (Лионелнинг яна бир акаси) Росариодаги дўстларини йўқотишди. Ёзги таътил вақтида бутун оила Росариода тўпланди ва бир нечта муҳим қарорлар қабул қилди. Янги режага кўра она, Мария-Сол ва икки ака Аргентинада қоладиган бўлди. Лионел отаси билан Барселонага кетди.

Аслида Матиас ҳам машҳур футболчи бўлиши мумкин эди. «Ньюэллс Олд Бойз» академиясидан ҳайдашганида йигитчанинг ҳафсаласи пир бўлди ва футбол билан бошқа шуғулланмади. Балки шунинг учундир, унинг ўсмирлик даври жуда оғир кечди. Мактабдан кейин ўқишга кириш ҳақида ўйламади, бирор касб танлашга ҳам шошилмади. Бир муддат унинг ҳаёти изга тушиб кетгандек эди: ўзи севган қизга уйланди, ўғли Томас, икки йил ўтиб қизи Луана туғилди. Лионел ҳам акасини унутиб қўйгани йўқ. У «Месси империяси»нинг бир нечта лойиҳасининг бошқарувини Матиасга топширди. Росариода соҳил бўйидаги йирик спорт зали ва ресторан безори ака ихтиёрига топширилган эди.

* * *

2005 йил Криштиану Роналдунинг оиласи учун оғир келди. Унинг отаси Динис вафот этди. Роналду «Таймс»га берган интервюсида айтишича, отасининг ўлимига алкоголизм билан боғлиқ жигар касаллиги сабаб бўлган. Динис оғир табиатли одам бўлиб, севимли клуби «Андориня» ғалаба қозонгандагина қувноқ одамга айланар ва рақсга тушар эди. Антони Вонкнинг «Роналду» деб номланган ҳужжатли филмида у хотинига ёмон муносабатда бўладиган эркак қиёфасида гавдаланган.

Шуниси маълумки, Динис Криштиануни жуда яхши кўрган. Роналду ҳақидаги филмда айтилишича, у ҳеч қачон ўғлига қўл кўтармаган. Роналду ҳар доим отаси билан бирга бўлишни хоҳларди. Динис эса ўғли билан фахрланарди. Роналду «Насионал»га ўтганида отаси доим клуб автобусида, ҳайдовчининг ёнида кетар эди. У Роналду ҳақида ёзилган газеталарни йиғар ва маза қилиб ўқирди. Динис деярли ҳамма вақтини Роналду билан ўтказар, гарчи қўллаб-қувватлашга кўпроқ муҳтож бўлса-да, Угонинг ҳаётига умуман қизиқмасди. Динис Угонинг наздида спиртли ичимликка муккасидан кетган одам қиёфасида намоён бўлса-да, бу борада ўзи ҳам авло эмасди.

* * *

2008 йилда полиция Матиасни ноқонуний қурол сақлашда айблади. У кўчада ўқланган револвер билан қўлга олинганди. Эртасига барча газеталар бу ҳақда биринчи саҳифада эълон қилишди.

2011 йил 10 апрел куни Лионел «Алмерия»га қарши ўйинда дубл қайд этди ва жамоаси ғалаба қозонди. Худди шу куни сайёрамизнинг бошқа томонида қизил велосипедда келган икки номаълум шахс Матиаснинг уйига иккита, гаражига иккита ўқ узди. Бахтли тасодиф туфайли ҳеч кимга шикаст етмади. Бу ҳам бир неча кун оммавий ахборот воситаларига мавзу бўлди. Воқеа жойида журналистлар йиғилди, қўшнилар Матиасга пўписа қилди ва уни айблашди.

Фото: «Sports.ru»

Матиас бўлган воқеа юзасидан полицияга хабар бермади. Шунинг учун ҳодисанинг сабабларини фақат тахмин қилиш мумкин эди. Бу ишда «Реал»ни айблаганлар ҳам бўлди. Чунки воқеадан бир ҳафта кейин «эл-классико» бўлиши керак эди.

2015 йил октябрда Матиас Росариони «Ауди»сида кезиб юрганида полиция томонидан тўхтатилди. Машинадан рўйхатдан ўтмаган револвер топилди. Ноқонуний қурол сақлашда айбланган йигитни суд маъмурий жазога тортди. Ҳукмга кўра у бир йил давомида «Росарио» футбол клуби тизимида ёшларга футболдан сабоқ бериши, спиртли ичимликлар ва наркотик моддаларни истеъмол қилмаслиги, яшаш жойини ўзгартирмаслиги ва 8000 песо (530 доллар) жарима тўлаши лозим эди.

* * *

2013 йилда Уго наркотик моддаларга боғланиб қолди, шаробхўрликни ҳам канда қилмади. Роналду акасига агар ичишни ташласа, Чемпионлар лигасидаги ғалабани унга бағишлашини айтади. 2014 йилда Португалияда бўлиб ўтган финал баҳсида «Реал» қўшимча вақтда «Атлетико»ни мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди. Ҳакам ҳуштаги чалингач, Криштиану трибуна ёнига бориб, олдинги қаторда ўтирган акасига футболкасини берди ва уни майдонга олиб чиқди. Ака-ука узоқ вақт қучоқлашиб туришди.

* * *

Матбуот бир неча йил давомида Лионел ва Криштианонинг акалари ҳақида ёзмай қўйган эди. Яқинда Матиас билан боғлиқ яна бир воқеа содир бўлди. У маҳаллий жиноий гуруҳга аралашиб, қотиллик ва наркотик моддалар савдосида айбланди.

2017 йилнинг кузида унга нисбатан етти марта – икки марта аёлларга қилинган ҳужум, кўча жанжаллари ва йўл-транспорт ҳодисалари учун турли даражадаги айбловлар эълон қилинди.  30 ноябр куни Испаниянинг «AS» нашри Угонинг кемасидан қурол топилгани ҳақида хабар тарқатди. Ўшанда Матиас Аргентинанинг Фигиера шаҳридаги шахсий балиқ овлаш клубига бориб, у ерда ҳалокатга учрайди. Кема полиция томонидан яхшилаб текширилганида, қон доғлари ва револвер топилади. Прокурор полицияга Мессининг уйини тинтишни буюради. Бир неча кундан кейин уй қамоғига ҳукм қилинган йигит учун эҳтиёт чораси сифатида 100 минг евро гаровга қўйилади. Матиас ноқонуний қурол сақлашда айбланиб, 3,5 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг