Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурхон Нафасов Ўзбекистон каратэ федерацияси президенти этиб сайланди

Нурхон Нафасов Ўзбекистон каратэ федерацияси президенти этиб сайланди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси сайтида хабар берилди.

Конференцияда федерация президенти лавозимига 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни муваффақиятли бошқариб, қатор ютуқларга эришган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби Нурхон Зиятович Нафасов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди ва Нурхон Нафасов 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди.

Аввало менга билдирилган юксак ишонч учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. Зиммамга нечоғлик масъулиятли вазифа юкланаётганлигини жуда яхши ҳис қилиб турибман. Аммо ишончим комилки, биргаликда биз ўз олдимизга қўйилган барча мақсадимизга етиша оламиз. Бу ерда ўтирганларнинг кўпчилиги билан яқиндан танишмиз, айримлари билан каратэ ривожи йўлида елкама-елка хизмат қилганмиз.

Асосий мақсад каратэнинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли спортчилар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш ва шу орқали халқаро майдондаги натижаларни яхшилашдан иборатдир. Яхши маълумки, 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари дастуридан тарихда биринчи марта каратэ спорт тури ҳам ўрин олган. Шак-шубҳасиз бу спортнинг ушбу тури учун тарихий воқеа ҳисобланади ва ишонаманки кунчиқар юртда ўзбек каратэчилари, ўзимизнинг қоракўзлар ҳам Олимп шоҳсупасига кўтарилишади.

Бунинг учун эса тайёргарликни бугундан бошлаш лозим. Яқин 2 йил ичида керак бўлса кунига 24 соатдан меҳнат қилишимиз, ягона мақсад йўлида бирлашишимиз, мамлакатимизда спортнинг яккакураш турлари орасида каратэнинг нуфузини оширишга интилишимиз керак. Юқорида санаб ўтилган мақсадларга эришиш йўлида мен барчани эшитишга, фикр алмашишга тайёрман. Бу борада ҳар бирингизнинг таклифингиз мен учун ғоятда муҳим. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек спортида улкан ислоҳотларни амалга ошираётган, биз – спорт аҳлига барча керакли шароит ва имкониятларни яратиб бераётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвга, қолаверса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ташаккур изҳор қиламан.

Нурхон Нафасов

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг