Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Очиқ адлия» дастури бўйича вазирлик молиявий харажатлари ҳақида маълумот берилади

«Очиқ адлия» дастури бўйича вазирлик молиявий харажатлари ҳақида маълумот берилади

Фото:«Xabar.uz»

Адлия вазирлиги фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган «Очиқ адлия» («Open Justice») ижтимоий дастур тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги, Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

«Очиқ адлия» ижтимоий дастури ишлаб чиқишга қандай омиллар сабаб бўлди? Дастур лойиҳаси фуқароларга қандай имкониятларни тақдим этади?

Видео ва аудио-ёзувга рухсат берилади

Адлия вазирлиги эътиборда четда қолаётган жиҳатлар, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга қарор қилди.

Шу мақсадда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат беради. Нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят бериш тизими яратилади, бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилади. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.

Ижтимоий тармоқларда фаол мулоқотлар ўтказилади

Бу замонавий тажрибани қўллаган ҳолда вазирликнинг «Facebook» тармоғидаги «Адлия билан мулоқот» ҳамда «Ҳуқуқий ахборот» телеграм канали ҳар бир чиқаётган қонун ҳужжатининг  мазмунини содда,тушунарли тарзда фуқароларга етказиб бермоқда.Кенг муҳокамага сабаб бўлаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан берилган ҳуқуқий экспертиза хулосаси мазмунини ҳам ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Мурожаат юбориш осонлашади

Адлия вазирлиги веб-сайтида жисмоний ва юридик шахслар адлия органларига юборилган ўз  мурожаатларини  кузатиб боришлари мумкин. Шунингдек адлия органлари ходимлари устидан берилган ҳамда ўз тасдиғини топган шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформани ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда.

Ходимлар бир-бирини назорат қилади

Вазирлик ўз биносидаги хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам  қайта кўриб чиқди. Ходимлар кенг майдонда бир бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди. Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Содда қилиб айтганда деворлар ва эшиклар энди шаффофликни таъминлайди.  Бу усул коррупциявий омилларни ҳам олини олади. Ҳозирда бу тартибдаги хоналардан дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ҳам қўлланилмоқда.

«Очиқ эшиклар куни»

Вазирлик фаолияти билан яқиндан танишишни истовчилар учун вазирлик яна бир имкониятни тақдим этмоқда. Эндиликда йилига камида 2 маротаба Адлия вазирлиги марказий аппаратида, Давлат хизматлари агентлигида, адлия органлари ва муассасаларида «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ўтказилади.

Харажатлар эълон қилиб борилади

Бундан ташқари Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Бунда харажатлар, уларни бажарилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.

Адлия ҳисобот беради

Яна бир муҳим янгиликлардан бири  бу адлия органларининг ҳар  йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Мазкур ташаббус 2018 йил якунлари бўйича амалга оширилди  ва – «Адлия ҳисобот беради» номли рисола тайёрланиб кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Энди бу ҳисобот анъанавий тарзда ҳар йили тақдим этилади.

Шу ўринда яна бир маълумот 2018 йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «Очиқлик индекси» бўйича рейтинги эълон қилинган эди. «Очиқлик индекси» рейтинги 59та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини, қамраб олди. Ушбу рейтингда Адлия вазирлиги биринчи ўринни эгаллади ва 88,12 балл олди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2-ўрин 75,85 балл ҳамда Марказий банк 3-ўрин 66,75 баллолди.

Ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг