Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд: Андижон ва Фарғонада ўтказилган сайёр қабулларда 29 нафар шахс муддатидан илгари жазодан озод этилди

Олий суд: Андижон ва Фарғонада ўтказилган сайёр қабулларда 29 нафар шахс муддатидан илгари жазодан озод этилди

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бошчилигида олий маҳкама судьялари ва вилоят судлари раисларидан иборат гуруҳ жорий йил 26-28 июль кунлари Андижон ва Фарғона вилоятларида фуқароларни қабул қилди.

Олий суд матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Андижон вилоятининг Избоскан ва Марҳамат туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 82 нафар фуқаро қабул қилиниб, 55 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди, 12 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Бувайда туманларида ўтказилган қабулларда жами 88 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилиб, 46 таси юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, 4 та мурожаат жойида ҳал қилинди, 28 нафар фуқаронинг назорат тартибида шикояти, 10 нафар фуқароларнинг бошқа аризалари қабул қилинди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Сайёр қабуллар доирасида Андижон вилоятида 13 нафар, Фарғона вилоятида 16 нафар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган жами 29 нафар фуқарога нисбатан ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, улар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек, Андижон вилоятида сайёр суд мажлисида Жиноят кодексининг 104-моддасининг 2-қисми «е» бандида кўрсатилган, безорилик натижасида жабрланувчининг баданига қасддан оғир шикаст етказиш жиноятни содир этганликда айбланган Ш.М.нинг пушаймонлиги ҳамда маҳалла кафиллиги ҳисобга олиниб, унга қонун санкциясидаги озодликдан маҳрум қилиш жазоси эмас, балки ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.

Бундан ташқари сайёр қабул давомида турли сабабларга кўра айро яшаётган 45 нафардан зиёд эр-хотин (уларни оила аъзолари билан ҳам) суҳбат ўтказилиб, 13 оила тикланди. Ярашган эр-хотинларга машҳур адиб Тоҳир Маликнинг оилага бағишланган китоблари туҳфа қилинди.

Қайд этиш керакки, Тошкентдан борган мутасаддилар қабулларни ўтказиб, шартта орқага қайтишгани йўқ. Эътибор ва мададга муҳтож хонадонлар ҳолидан хабар олишга вақт топишгани  кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Улар Фарғона вилоятидаги қатор маҳалла фуқаролари йиғинларига ташриф буюриб, маҳалла кутубхоналарига китоблар совға қилишди. Шунингдек, Олтиариқ ва Бувайда туманларида бир эмас, бир неча нафар ногирон фарзанди бор оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга маънавий ва моддий кўмак берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг